Линклар

Ўшда яна ўзбек гази ёна бошлади


Минтақада куни ўзбек газига қолганларнинг кўпи бугун исиниш ва овқат пиширишнинг ота-бувасидан қолган эски усулига қайтмоқда.

Минтақада куни ўзбек газига қолганларнинг кўпи бугун исиниш ва овқат пиширишнинг ота-бувасидан қолган эски усулига қайтмоқда.

Қарийб 19 миллион долларлик қарзнинг 4,6 миллион доллари тўланганидан кейин Ўзбекистон Қирғизистон жанубига яна газ бера бошлади. Айтилишича¸ айни кунда газ узатилиши қисман тикланган¸ холос.

- Бош директоримиз Тошкентга музокарага борди ва қарзнинг бир миқдори тўланганидан сўнг “Ўзтрансгаз”дан Ўшга газ беришга рухсат олинди. Ҳозирда Ўш шаҳрига бир кунда 30 минг куб газ келмоқда. Бу Ўш шаҳрида газга бўлган эҳтиёжнинг 50 фоизини қоплайди, холос. Айни кунда биз Ўш шаҳар ҳокимияти билан келишган ҳолда газни аввало кўп қаватли уйларга бера бошладик, деди Маматқалиқ Аматов.

“Ўзгаз” корхонаси ходими Умархон Умрзоқовнинг айтишича эса, 13 октябрдан бошлаб Ўшдаги маҳаллаларга ҳам газ узатила бошланган.

Ўш вилоятининг бир неча туманлари, шунингдек, Жалолобод ва Боткен вилоятлари аҳолиси эса газсиз яшашга мажбур бўлмоқда.

Айни пайтда газдан қарзи 2 миллион долларни ташкил қилувчи Ўш шаҳрида абонентлардан газ ҳақини ундириш бўйича чора-тадбирлар давом этаяпти.

- Кўплаб абонентлар Россия ёки бошқа ёққа кетган. Уларнинг уйларида ижарачилар ёки бошқа одамлар яшаяпти. Биз уларга уй эгаларига газ ҳақини тўлаши кераклиги тўғрисидаги талабимизни етказиб қўйишни айтаяпмиз. Акс ҳолда, газ узиб қўйилиши ҳақида огоҳлантираяпмиз, деганди газдан фойдаланишни назорат қилиш бўлимининг бошлиғи Талайбек Мақсутов аввалроқ Озодликка берган суҳбатида.

Аммо “Ўзгаз” корхонасининг исми ошкор қилинишини истамаган ходимига кўра, бу маблағнинг қарийб 1 миллион доллари ундириш имкони йўқ қарз бўлиб ҳисобланади. Суҳбатдошимизга кўра, айрим мижозлардан қарзни ундириш бўйича 3 йиллик даъво муддати аллақачон ўтиб кетган, бундай мижозлар эса жуда кўпчиликни ташкил қилади. “Ўшгаз” ходимининг айтишича, бу мижозлар ҳатто маҳкамага тортилган тақдирда ҳам суд газчилар фойдасига ҳукм чиқармаслиги мумкин.

Аммо “Ўзгаз” корхонаси юридик бўлими собиқ раҳбари Ҳотамжон Ёқубовга кўра, даъво муддати ўтиб кетгани ҳақида “Ўшгаз” устидан судга ариза бермаган мижозлардан аввалги қарзлар ундирилиши мумкин бўлади.

- Ёки Қирғизистон ҳукумати ўзининг махсус қарори билан аҳолининг ижтимоий аҳволидан келиб чиққан ҳолда қарзларни реструктуризация қилиши (қарздан кечиши ёки қарз ундиришни маълум муддатга кечиктириши) мумкин. У ҳолда, мазкур қарзлар ҳукумат ҳисобидан ёпилади, дейди ҳуқуқшунос Ҳотамжон Ёқубов.

Ҳуқуқшуноснинг айтишича, охирги марта ҳукумат томонидан бу каби тадбир 2003 йилда (1993-98 йиллардаги қарзларни кечиш бўйича) ўтказилганди.

Аснода “Қирғизгаз” мутасаддилари аҳолининг газдан бўлган қарзи борасида ёрдам сўраб ҳукуматга мурожаат қилиш ниятидалар. Аммо Қирғизистонда газдан фақат аҳолигина қарздор эмас. Мамлакатдаги йирик корхоналарнинг ҳам газдан бўлган қарзи вақт ўтган сайин кўпайгандан кўпайиб бораяпти. “Қирғизгаз” очиқ ҳиссадорлик жамияти бу борада кескин чоралар кўришга мажбур бўлмоқда. Хусусан, сентябр ойи охирида 25 миллион сўм (тақрибан 570 000 АҚШ доллари – таҳр.) қарзга эга Бишкекдаги иссиқлик марказига газ бериш тўхтатилган.

- Биз корхоналар қарзларини бирданига тўлай олмасликларини тушуниб турибмиз. Кўплаб корхоналар қарзларини тўлашга қийналмоқда. Биз уларга доимо енгиллик яратиб берганмиз. Бироқ ҳозир “Ўзтрансгаз” олдидаги қарз кўпайиб кетмаслиги учун уларни тўла ўчиришга мажбур бўлаяпмиз, деганди “Қирғизгаз” очиқ ҳиссадорлик жамияти раҳбари Саламат Айтикеев.

“Қирғизгаз” вакилларига кўра, яқинда ўтган музокараларда ўзбек газчилари қарз тўла тўлаб бўлингач, Қирғизистон жанубига аввалгидек ҳажмда газ узатилиши ва газ нархини 20 долларга арзонлатилиши мумкинлигини билдирганлар.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Қирғизистон ўзбек газининг ҳар минг куб метрини 240 АҚШ долларидан сотиб ола бошлади. Уч йил аввал бу нарх 45 долларни ташкил қиларди. Кейинги йилларда эса Ўзбекистон Қирғизистонга сотилажак газ учун аввал 100 доллар, кейин 145 доллар нарх белгилаган.
XS
SM
MD
LG