Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:00

Чўчқа гриппи Тожикистонга ҳам келдими?


14 октябрдан бошлаб Душанбе шаҳрининг аксарият мактабларида грип мавсуми авжга чиққани муносабати билан ўқувчиларнинг тиббий ниқобда дарсга қатнашлари мажбурий этиб белгиланди.

Душанбе шаҳридаги 66-ўрта таълим мактаб ўқувчиси Шоҳсанам мактаб раҳбарияти ўқувчилардан дарсларга тиббий ниқобда қатнашни талаб қилаётганини айтади.

- Тожикистонда ҳам чўчқа гриппи тарқалибди. Бу Россия ва бошқа мамлакатлардан келибди. Биз бугундан бошлаб повязка тақишимиз керак экан, дейди Шоҳсанам.

Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида Тожикистон Таълим вазирлигига сим қоқдик. Аммо вазирлик расмийси Нойилшоҳ Нуралиев ўқувчилар 14 октябрдан эътиборан тиббий ниқобда мактабга қатнаётганларидан хабарсизлиги ва вазирлик бундай топшириқ бермаганини билдирди.

Душанбедаги 10-ўрта мактаб ўқитувчиси Ҳалима Ҳайдарова жорий ҳафта бошида республика санэпидемстанцияси ўқувчиларнинг тиббий ниқобда дарсга қатнашлари зарурлиги тўғрисида расман огоҳлантирганини айтади.

- А/Н1N1 вирусига қарши тадбирлар йўлга қўйилган. Ўқувчилар ҳозир икки донадан ниқоб билан таъминланган. Биттаси синфда, иккинчиси эса ўзлариди туради, дейди Ҳалима Хайдарова.

Муаллиманинг айтишича, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мактабда тушунтириш ишлари олиб борган мутахассислари куз мавсумида турли вируслар, жумладан, парранда ва чўчқа гриппи вирусининг тез тарқалиш хавфи мавжудлиги, организми заиф болалар эса бундай вирусларни тез юқтириши мумкинлигини таъкидлаганлар.

Ҳалима Хайдаровага кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғига эътиборсизлик билан ёндошган мактаблар 2000 сомоний (тақрибан 460 АҚШ доллари - таҳр.) миқдорида жарима тўлайди.

Айни пайтда Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъулларидан бири Наврўз Жаъфаров биз билан ўзаро суҳбатда республикада ҳозирча А/Н1N1 вирусига чалинган бирор киши расман қайдга олинмаганини билдирар экан, мамлакатда бу вирусни ташувчилар бор эканини ҳам инкор қилмади.

Вазирлик расмийси бу борадаги саволларимизга тўла жавобни вазир номига ёзма тарзда мурожаат этгачгина олишимиз мумкинлигини таъкидлади.

Аммо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўз исми ошкор қилинишини истамаган собиқ ходимларидан бири Тожикистонда чўчқа гриппи вирусининг тарқалиш хавфи ўта кучли эканини ва шу боис жорий йил бошидан буён вазирлик қошида чўчқа вирусини ўрганиш ҳамда унинг мамлакатда тарқалган-тарқалмаганини текшириш бўйича махсус бўлим фаолият юрита бошлаганини маълум қилди.

- Бугун Тожикистонда шундай бир тадбирнинг бошлаб юборилгани Соғлиқни сақлаш вазирлиги чўчқа гриппи вирусига чалинган бирор кишини қайдга олингани ортидан бошланган бўлиши мумкин, деб ўйлайман. Лекин аҳоли орасида ортиқча шов-шув кўтарилмаслиги мақсадида бу хабар расман эълон қилинмаётган бўлса керак, дея тахмин қилади вазирликнинг собиқ ходими.
XS
SM
MD
LG