Линклар

logo-print

Тоғли Қорабоғ яна кун тартибида


Ҳудудий жиҳатдан Озарбайжонга қарашли бўлган Тоғли Қорабоғ аҳолисининг аксариятини этник арманилар ташкил этади.

Ҳудудий жиҳатдан Озарбайжонга қарашли бўлган Тоғли Қорабоғ аҳолисининг аксариятини этник арманилар ташкил этади.

Анқара ва Ереван ўртасида ўзаро муносабатларни нормаллаштиришга оид келишув имзоланиши 20 йилдан бери боши берк кўчада қолаëтган Тоғли Қорабоғ можаросининг жойидан силжишига туртки бериши мумкин.

Тоғли Қорабоғдаги арманиларнинг бутун бошли янги авлоди учун бу минтақа яккаю ягона ватандир. СССР қулаши арафасида уруш ўчоғига айланиб¸ сўнггра Озарбайжон тасарруфидан Арманистон қўлига ўтган Тоғли Қорабоғда уруш чоғи туғилиб¸ тинчлик бўлмаган бир тинчликда улғайган бу авлод учун ўзлари билган дунë тез орада бошқа манзара кашф қилиши мумкин.



Бутун умрини Тоғли Қорабоғда ўтказган Александр Осиповга қолса¸ минтақадаги бир тошни жойидан қўзғатмоқчимас.

Степанакерт марказидаги сўлим боғ курсисида офтобга тобланаëтган 85 ëшли армани Осипов Тоғли Қорабоғнинг яқин келажакда Озарбайжон тасарруфига қайтиш эҳтимолини инкор этади.

- Қорабоғ халқи эркин бўлиш ҳақда узил-кесил қарор берди. Агар биз яна Озарбайжонга қайтадиган бўлсак¸ ҳеч қачон эркин яшай олмаймиз. Биз ўз республикамизда яшашни истаймиз. Биз арманилармиз ва арманилар билан бирга яшашни истаймиз¸ дейди ëшулли Осипов.

Аммо Степанакертдан 350 км нарида – озарий пойтахти Бокудаги кайфият бунинг тамом тескариси.

Арманилар истилосидан сўнг Озарбайжонга қочиб ўтган 700 мингдан ошиқ этник озарий 20 йилдан бери давлат томонидан ажратилган нурай-нурай деб турган ëтоқхоналарда¸ ит ëтиш¸ мирза туриш қабилида кун кечириб келмоқда.

- Бу ердагиларнинг бирортаси бир хонада 8 одам яшайдиган¸ 100 та одамга бир ҳожатхона тўғри келадиган бундай шароитда яшашни истамайди. Ҳожатхонага навбат кутаëтган 85 одам билан урушгунча¸ бориб ватанимни қайтиб олиш учун арманилар билан урушаман¸ дейди 1988-1994 йиллари Тоғли Қорабоғ урушида қатнашган 43 яшар Юсуф Аббосов.

Ҳейвагул Аббосова 1991 йили уруш майдонига айланган Тоғли Қорабоғдан қўлидаги чақалоғи билан қочиб¸ Бакуда омон топган.

- Агар Қорабоғни яна бир марта тушларимда эмас¸ кўзим очиқлигида кўрсам¸ юрагим севинчдан ëрилиб кетса керак. Агар менга ҳозир ватанинг истилочилардан озод бўлди¸ десалар оëғимни қўлимга олиб¸ яланг оëқ чопиб кетардим. Ватанимни¸ уйимни доим тушларимда кўриб чиқаман¸ дейди Ҳейвагул.

Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги урушда 1994 йили ўт очмаслик тўғрисида сулҳ тузилганидан бери¸ Тоғли Қорабоғ минтақаси амалда мустақил бирлик каби яшаб келмоқда. Аммо аҳолисининг кўпчилигини этник арманилар ташкил қилгани ҳолда¸ советлар замонида Озарбайжон ҳудуди этиб белгиланган бу минтақа тақдири ҳали узил-кесил ечим топишдан йироқдек кўринади.

10 октябр куни Цюрихда Туркия ва Арманистон ўртасида ўзаро муносабатларни нормаллаштиришга оид келишув имзоланганидан сўнг Тоғли Қорабоғ тақдири яна кун тартибига тушди.

Арманистон 1993 йили Тоғли Қорабоғни босиб олганидан сўнг озарийлар билан бирдамликни кўрсатиш илинжида Анқара Ереван билан дипломатик алоқаларни узди ва ўзаро чегараларни ëпиб қўйди.

Орадан 16 йил ўтиб¸ чегараларни очиш ва дипломатик алоқаларни қайта тиклашга оид келишув имзоланишида Тоғли Қорабоғда можаросини ҳал этиш ниятида тузилган Минск гуруҳи расмийларининг қатнашиши¸ бу масаланинг ҳамон Анқара ва Ереван ўртасида турганини кўрсатди.

Цюрих келишуви имзоланганининг эртасига Туркия Бош вазири Эрдўғон¸ агар Арманистон ўз қўшинларини Тоғли Қорабоғдан олиб чиқмаса¸ турк парламенти имзоланилган келишувни тасдиқламаслигини билдирди.

Аммо Арманистон Бош вазири бундай баëнотни маҳаллий жамоатчиликка мўлжалланган популистик гап¸ дея баҳолади ва Тоғли Қорабоғ можаросининг Анқара ва Ереван муносабатлари доирасига киритилмаганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG