Линклар

Қарғалар учса қаранг партиялар йўлига

  • Сарвар Усмон

2009 йил декабрида Ўзбекистон парламентига¸ гўëки сайловлар ўтказилади.

2009 йил декабрида Ўзбекистон парламентига¸ гўëки сайловлар ўтказилади.

Қарғалар учиб кела бошласа, билингки, қиш яқин. Партиялар ўзаро даҳанаки жанг бошласа, билингки, сайлов яқин. Куни кеча Ўзбекистондаги 4 расмий сиёсий партиядан иккитаси бир-бирига сайловолди "тошларининг биринчи ҳовучини отишга" улгурди.

Партияларнинг бир-бирига "тош ота бошлаши" нафақат сайловнинг яқинлигидан дарак, балки бу, улар ўртасида қандайдир тафовутлар борлигини ҳам, билдиради.

Аввало, даҳанаки жанг тафсилотлари.

“Регнум” куни кеча эълон қилган бир хабарга қараганда, Ўзбекистон Либерал демократлар партияси (ЎзЛиДеп) Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ЎзХДП)ни “оқсочлар партияси” (“сочи оқлар” бўлса керак?), “чўкаётган партия”, “қариялар партияси”, деб хафа қилган.

Хафа бўлган партия (ЎзХДП) ҳам хафа қилган партия (ЎзЛиДеп)ни боплаб “тузлаган”.

ЎзХДП вакили дебди:

“Улар (ЎзЛиДепчилар) ЎзХДП кийимининг рангидан, нотўғри қадалган тугмасидан камчилик қидиради. ЎзХДП аъзосининг бузоғи қўшнининг томорқасига кириб кетса, ЎзЛиДепнинг журналистлари дарҳол қўлига қалам олади”.

ЎзХДП вакили ЎзЛиДепни шу тахлит тузлайверган, тузлайверган – ҳаммаёқнинг шўри чиқиб кетган.

“Қўшнининг томорқасига кириб кетган бузоқ”, албатта, бир образдир. Лекин, шундай образ ишлатилган экан, демак, партиялар ўртасида принципиал фарқлар бор.

Ана ўша фарқларни декабрда овоз бериш участкасига борадиган оддий сайловчи биладими?

Чустлик 31 га кирган Абдусалом билмас экан.

Озодлик: Ўзбекистонда нечта партия бор биласизми?

Абдусалом: Ҳозирги ишлаëтган партияларни тўғриси ишимиз йўқда. Анақаси йўқку бизда. Халқ демократик партияси бўларди¸ Адолат деб чиқаришди. Бизда ҳеч нимаси йўқ энди.

Озодлик: Ҳеч бўлмаса иккита партиянинг номини айтдингиз. Бу яхши. Шу иккала партия ўртасидаги фарқни биласизми? Чунки сиз эртага сайловга боришингиз керак.

Абдусалом: Ҳаммаси биттаку булар. Ҳеч қанақа фарқи йўқдай. Суриштирса¸ ҳаммаси биттадайда. Масалан¸ мен сайловга бормайман.

Озодлик: Нима учун бормайсиз?

Абдусалом: Чунки борсангиз ҳам¸ бормасангиз ҳам ўшаларнинг айтгани бўлади. Унисига овоз берсангиз ҳам¸ бунисига овоз берсангиз ҳам битта одамда.

Озодлик: Ҳаммаси битта партия деяпсиз-а? Нимага асосланиб шунақа деяпсиз?

- Қайси партия бўлса ҳам фарқи йўқ буни. Бир хил йўналишда кетишаяптида¸ дейди Абдусалом.

Чустлик Абдусаломнинг, 31га кирганига қарамай, содда, сиёсатдан анча узоқ йигит эканлиги нутқидан кўриниб турибди.
Лекин андижонлик пенсионер Садирохун ака тиниб-тинчимас оқсоқол.

У биз излаётган савол жавобини излаб ЎзЛиДепнинг Андижондаги идорасига ҳам бош суққан.

Озодлик: Сиз бирорта партиянинг Андижондаги штабини биласизми?

Садирохун aкa: Биламан¸ либералникини биламан.

Озодлик: Борганмисиз?

Садирохун ака: Борганман¸ гаплашганман.

Озодлик: Нималар ҳақида гаплашгансизлар?

Садирохун ака: Как раз худди сиз берган саволни берганман. “Мана шу партиялардан фарқинглар нима?” деб сўраганман. Улар бунга жавоб беришга унамаган ҳам. “Нима кераги бор бунақа гап қилишнинг? Ҳозир ҳукуматимиз кўп партияликни хоҳлаяпти. Тамом кўп партиямиз” деган. Буни ким денг¸ партиянинг биринчи котиби айтаяпти менга.

Озодлик: Андижондаги биринчи котиб-а?

Садирохун ака: Ҳа.

Озодлик: Либералларники?

- Ҳа¸ либералники¸ дейди андижонлик пенсионер Садирохун ака.

Икки сайловчининг фикри, албатта, бутун Ўзбекистоннинг фикри эмас.

Шунинг учун саволимизни мутахассисга – сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга ҳам бердик.

Камолиддин чустлик Абдусалом ва андижонлик Садирохун акага Ўзбекистондаги расмий партиялар орасидаги фарқларни тушунтириб беради.

- Бизда иккита партия социал-демократик партия ҳисобланади. Бу Халқ демократик партияси ва Адолат социал-демократик партияси. Социал-демократлар нима дейди? Социал-демократлар¸ одатда¸ дунë тажрибасида кам таъминланган қатламнинг манфаатларини ўйлайдиган бир партиялар ҳисобланади. Яъни улар "Жамиятнинг шундай бир қатламлари бор. Мана шу қатламларни давлат ўз муҳофазасига олишга маҳкум¸ мажбур. Мана шу қатламни ҳимоя қилмаса¸ давлатда¸ жамиятда бўҳронлар бўлади" деб айтади. Масалан¸ ëш болалар¸ қариялар¸ пенсионерлар¸ аëллар¸ кам таъминланган оилаларни ҳимоя қилмаса¸ давлатда ижтимоий бўҳронлар бўлиши мумкин¸ жамият тараққиëтига зарба етиши мумкин¸ дейди¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Демак, булар – социал-демократик йўналишдаги – сўл қанотдаги партиялар.

- Бундан ташқари либераллар бор. Улар “Асосий қадрият бу тенглик эмас¸ эркинлик бўлиши керак. Биз ҳаммага эркинлик берамиз. Ҳамма ўзи ишлаб¸ ўзини ўзи таъминласин” деган бир концепцияни олдинга суради. Улар имкон қадар саноатни¸ ишлаб чиқаришни кучайтириш орқали жамиятни ривожлантириш концепциясини олдинга суради. Либерал-демократик партиялар ëки мана шундай қарашдаги кучлар мана шундай фикрлайди¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Камолиддин Раббимов фарқларни айтди.

Ўхшашликлар ҳам борми партиялар орасида?

- Албатта¸ улар бир-бирига жуда ўхшайди. Улар Ўзбекистонда кўрсатган фаолияти бўйича бир бирига жуда ўхшайди. Уларнинг фаолияти Ўзбекистон давлатчилигига ëки Ўзбекистон ижроия ҳокимиятига таъсир ўтказа олмайди. Улар Ўзбекистоннинг сиëсий йўналишини белгилаб берадиган кучлар эмас. Уларга бундай имконият берилмаган. Ислом Каримов даврида бундай имконият берилмайди ҳам¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Шуниси қизиқки, сиёсатшуноснинг фикрига ўхшаш фикрни сиёсатни илм сифатида ўрганмайдиган оддийгина пенсинер Садирохун акадан ҳам эшитувдик.

- Битта партияни Каримов бўлиб-бўлиб¸ дунëга танитиш учун “Бизда бешта партия бор” деб айтишади¸ холос. Аслида ҳаммаси Ислом акамнинг заказной тайинланган партияси¸ деди Садирохун ака.

Умуман, Ўзбекистон келажаги чиндан ҳам буюк давлат. Чунки бу мамлакатда якдиллик бор. Қаранг, сиёсатшуноси ҳам, пенсионери ҳам, 30 яшар йигити ҳам бир хил фикрни такрор-такрор айтаяпти.

Озодлик: Номлари ҳар хил¸ лекин ҳаммаси битта деяпсиз. Нимага керак бу?

- Кўрсатиш учун бўлса керакда. “Мана кўп партиявийлик. Шунақага йўл берилган. Мана шунча партия ишлаяпти” деган маънода кўрсатиш бўлса керакда¸ дейди Абдусалом.

Ўқиëтганингиз лавҳа устида икки кун ишладик. Асосий вақт партиялар билан боғланишга уринишга кетди. Икки кун “бор отангга, бор онангга” бўлдик.

Мен бу гапни “партияларнинг ўзлари билан боғланмабсиз”, деб муҳаррир уришмасин, деган мақсадда айтаётганим йўқ.

Партияларнинг сайловчига айтадиган жўяли гапи йўқлигини кўрсатиш учун айтаяпман.

Партиялардан бирининг юқори лавозимли вакили, ҳатто, сайловга қандай шиорлар билан кираяпсиз, деган жўн саволга жавоб беролмади. (Сайловолди кампанияси бошланганига 20 кундан ортди)

ХДП билан ЛиДепнинг даҳанаки жанжаличи, дерсиз?

Ҳа, энди айтишиб қўйишдида ички истеъмол учун. Бу ҳам бир белгида.

Айтдикку, қарғалар келаяпти - қиш яқин.

Партиялар гап талашаяпти – сайлов яқин.

Дарвоқе, сайлов – парламент ва маҳаллий кенгашларга сайлов ҳам қишда, қичираган қишда – 27 декабрда бўлади.

Сайловолди кампанияси эса, 22 сентябрда бошланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG