Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:00

Юмшоқ сиëсат янада юмшамоқда


Тошкентда матбуот анжумани АҚШ дипломати Роберт Блейкнинг АҚШ-Ўзбекистон муносабатларига оид жавоблари маҳаллий журналистларни қониқтирган бўлса, мустақил ва хорижий журналистлар бу жавоблардан қониқмаганини айтмоқдалар.
Тошкентда матбуот анжумани АҚШ дипломати Роберт Блейкнинг АҚШ-Ўзбекистон муносабатларига оид жавоблари маҳаллий журналистларни қониқтирган бўлса, мустақил ва хорижий журналистлар бу жавоблардан қониқмаганини айтмоқдалар.

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк билан Тошкентда учрашган мустақил ва хорижий журналистлар ўз саволларига қониқарли жавоб ололмадилар.

АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси сифатида илк бор Тошкентга борган Роберт Блейк Ўзбекистон ҳукумати расмийлари билан учрашиб, сиёсат, хавфсизлик, иқтисод ва бир қатор муҳим масалаларни муҳокама қилди.

14 октябр куни у Тошкентдаги “Интерконтинентал” меҳмонхонасида маҳаллий, хорижий ва мустақил жуналистлар учун матбуот конференцияси ўтказди.

Учрашувда иштирок этган мустақил журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Роберт Блейк ҳукумат вакиллари билан бўлган учрашувлардан кўнгли тўлгани ҳақида гапириб, сиёсий, иқтисодий, маданий соҳаларда музокаралар олиб боргани ҳақида ахборот берди.

У Афғонистонга Ўзбекистон орқали АҚШ ноҳарбий юкларини ўтказишдаги ҳамкорликдан кўнгли тўлганини айтган. Лекин, Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси мустақил журналистларнинг инсон ҳуқуқлари масаласига оид саволларига муфассал жавоб бермади.

- Масалан¸ шахсан мен “Инсон ҳуқуқлари масаласи нима бўлади? Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон диалогга киришаëтган экан¸ Ўзбекистон томони ички ишларга аралашмаслик¸ инсон ҳуқуқларини талаб қилмаслик шартини қўйди. Агар АҚШга ҳам шунақа таклиф киритиладиган бўлса¸ нима бўлади?” деган савол қўйдим. Бошқа саволларга жавоб бергани сингари бу саволга ҳам тўмтоқ¸ умумий шаклда бирор-бир конкрет изоҳларсиз жавоб қайтарди¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Унинг сўзларига кўра, одатда сўнгги пайтларда Ўзбекистон ҳукумати билан музокаралар олиб борган дипломатлар у-бу масалада ён бериб келарди. Бироқ Роберт Блейк, Абдураҳмон Ташанов фикрича, бу “ён бериш”ларни юксак даражага етказган.

- Чунки ҳамма АҚШ мулозимлари Ўзбекистонга келганда¸ ўз анъанасига кўра¸ Американинг принципларига кўра¸ аввало фуқаролик жамиятининг вакиллари билан учрашарди. Бу одам расмий учрашувлардан бошлади ва фуқаролик жамияти вакиллари билан амалда учрашгани йўқ¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Унинг айтишича, бундан ташқари мустақил журналист Сид Янишев 14 октябр куни Вашингтонда бошланган Ўзбекистондаги бола меҳнатига қарши норозилик намойишлари ҳақида савол берди. Бироқ бу саволга ҳам очиқ жавоб берилмади.

- Бу саволга ҳам дипломат: “Ўзбекистонда ҳамма тарафлама - инсон ҳуқуқлари масаласида ҳам биз келишувларга бораяпмиз. Биз уни биргаликда ривожлантириш масалаларини кўраяпмиз” каби умумий жавоблар берди. Бирорта конкрет жавоб бергани йўқ. Шунинг учун бешта саволдан кейин журналистларнинг кайфияти тушиб кетди. Олтинчи саволга келганда¸ кимдир "савол бор" деганда¸ ҳатто эътибор ҳам бўлмади. Учрашув руҳи шундай бўлди. Яъни ҳеч нарсага жавоб бермаслиги аниқ бўлди. Аксинча¸ аввал бошқа дипломатлар келганларида¸ саволлар ҳам кўп бўларди¸ талабгорлар ҳам кўп бўларди. Саволларнинг ярми қолиб кетарди¸ жуда қизғин муҳокамага айланиб кетарди¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Хўш, нега сўнгги пайтларда Тошкентга келаётган АҚШ расмийлари аввалги йилларга нисбатан “юмшоқ” бўлиб қолди? Нега улар инсон ҳуқуқлари масаласи ҳақида аввалгидай гапирмаяптилар?

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг айтишича, АҚШ юқори мартабали дипломатининг бундай қалтис саволлардан қочишининг бир неча сабаблари бор.

- Ўтган уч-тўрт йил ичида Ўзбекистон-Америка муносабатларида катта эволюция бўлди. 2005 йилдан кейин Америка ўзининг резервидаги барча босим ўтказиш чораларини ишга солмоқчи бўлди. Лекин ярим йўлда улар тўхтадилар. Ўзбекистон томонидан шундай ҳатти-ҳаракатлар қилиндики¸ натижада АҚШ мана шу босим ўтказиш жараëнини тўхтатишга¸ яъни уни узишга мажбур бўлди. Бу нималардан иборат эди? Ўзбекистон Хитой ва Россия Федерацияси томон мисли кўрилмаган даражада оғиша бошлади. Ўзбекистон “Шу зайлда босим бўладиган бўлса¸ биз мана шу йўлимизда давом этишимиз мумкин” деган сигналлар берди. Натижада АҚШ босим ўтказишдан тўхтади. Менимча¸ ҳозирги Америка дипломатининг енгил ëки носамимий бўлган муносабат замирида мана шу чигалликлар мавжуд. Иккинчи томондан¸ Афғонистондаги вазият иккала томонни ҳам олдингига нисбатан кучлироқ хавотирга солаяпти¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Шунинг учун ҳам, сиёсатшуносга кўра, Барак Обама маъмурияти геосиёсий вазиятни ўз томонига оғдириш учун дипломатия йўлини танлаб, босим ўтказиш йўлидан воз кечишга ҳаракат қиляпти ва иккинчи томондан, буни кучли дипломатия сиёсати ҳам дейиш мумкин.
- АҚШ янги администрациясининг олдига қўйган мақсадлари инсон ҳуқуқлари ва демократия эмас. Менинг назаримда¸ асосан Афғонистон масаласи биринчи ўринда кун тартибига чиқаяпти. Ўзбекистон-Америка муносабатларида инсон ҳуқуқларига эътибор берилмаяпти. Чунки АҚШ шундай бир хулосага келдики¸ Каримов ҳукумати билан инсон ҳуқуқлари тўғрисида гаплашиш фақатгина муносабатларнинг совуқлашувига ва бузилишига олиб келиши мумкин. Афғонистон масаласида иккала тарафнинг ҳам манфаати бор. Афғонистон иккала тарафнинг муносабатлари жонланиши учун нуқта бўлиб хизмат қилаяпти¸ дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.
XS
SM
MD
LG