Линклар

logo-print

14 октябр куни Пекинда ШҲТга аъзо давлатлар бош вазирлари учрашуви бўлиб ўтди. Унда иқтисодий бўҳрон оқибатларини бартараф этиш йўлидаги амалий, иқтисодий ҳамда маданий ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар бош вазирларини қарши олган Хитой бош вазири Вен Жиабао Пекин учрашувларини аъзо давлатлар, шунингдек, бу ташкилотда кузатувчилик мақомига эга давлатларга фикр алмашиш ҳамда муҳим масалаларда қарор қабул қилиш учун берилган “уникал имконият”, деб баҳолади.

- Ишончим комилки, барча аъзо давлатлар ўзаро қўлни қўлга бериб ишласа ва ҳамкорликни чуқурлаштирса, шубҳасиз, биз минтақа учун тинчлик ҳамда фаровонлик олиб келадиган ёрқин келажакни яратишга қодир бўламиз, деди Хитой бош вазири Вен Жиабао.

Хитой бош вазирининг бу баландпарвоз нутқи ШҲТ бош вазирларларнинг саккизинчи йиғилишида янгради ва умумий салом-аликдан сўнг алоҳида давлатлар расмийлари ёпиқ эшиклар ортида режалаштирилган кўп томонлама ва икки томонлама учрашувларни ўтказди.

Ана шундай учрашувлардан бири Пекинга борган Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамда Хитой бош вазири ўринбосари Ли Кекянг ўртасида бўлиб ўтди.

“Xinhua” агентлиги хабарига қараганда, бу учрашувда томонлар ўз ҳукуматлари учун долзарб ҳисобланган доимий масалалар, жумладан, ўз давлатлари учун асосий душман деб санаган “уч куч” — сепаратизм, терроризм ва экстремизмга қарши курашда ҳамкорлик тўғрисида сўзлашганлар ва бир қатор ҳужжатларни имзолаганлар.

Яъни, аксар таҳлилчилар фикрича, такрор равишда сепаратизмга қарши ҳамкорликни урғулаб Хитой томони, Шинжон-Уйғур минтақасидаги вазият бўйича расмий Пекин позициясининг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳукумати томонидан қувватланишда давом этишига яна бир карра ишонч ҳосил қилиб қўйди.

Ўзбекистон бош вазири Мирзиёев эса, ўз навбатида, Ўзбекистон томони учун “уч куч”га қарши ҳамкорлик билан бирга ШҲТ доирасида Хитой билан иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш мақсади муҳимлигини урғулади.

Шу каби доимий иддао ва муддаолар ҳақида гап борган икки томонлама учрашувлар Хитой бош вазири Вен Жиабао билан Қозоғистон бош вазири Карим Масимовлар ўртасида ҳам бўлиб ўтди.

Маълумки, Марказий Осиё минтақасига иқтисодий таъсирини изчиллик билан оширишга уринаётган Хитой халқ республикаси раиси Ху Цзинтао минтақа давлатлари учун 10 миллиард доллар миқдорида кредит ажратиш ниятини билдирган эди.

Аммо, ҳозиргача олинган хабарларга кўра, бу борада бирор-бир ҳужжат имзолангани ҳақида ҳеч бир баёнот берилмади.

Шунингдек, ушбу учрашувларда ташкилотга аъзо — Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистан, Тожикистон ва Ўзбекистон бош вазирлари минтақавий хавфсизлик доирасида Афғонистондаги вазиятни ҳам муҳокама қилиши кутилган эди.

Хабарларга кўра, Пекинга борган Афғонистон вице-президенти Муҳаммад Карим Ҳалилий билан икки томонлама ва кўп томонлама музокаралар бўлиб ўтган.

Гарчи Афғонистон борасида ШҲТ расмийларининг навбатдаги учрашувида имзоланган бирор жиддий ҳужжат ҳақида ҳозирча ҳеч бир маълумот берилмаган бўлса-да, вазиятни кузатаётган таҳлилчилар томонларнинг Афғонистон масаласини ўта жиддий даражада муҳокама этганига шубҳа қилмайди.

Марказий Осиёда хавфсизлик масалалари бўйича эксперт Ник Пратт барча аъзо давлатлар, хусусан, учрашувга мезбонлик қилаётган Хитой Афғонистонда барқарорликни тиклаш жараёнида иштирок этишдан ҳамиша манфаатдор бўлиб келган, деб ҳисоблайди.

- Хитой Афғонистонга катта сармоя киритган ва ҳамиша ўз сармояси хавфсизлиги учун қайғуриб келади. Шубҳасиз, Хитой томони Афғонистонга толибонсиз ҳукумат раҳбарлик қилар экан, унинг сармоясига нисбатан ҳаққоний муносабат бўлади, деган ишонч билан қолиши мумкин. Аммо Толибон иқтидорга келса, аҳвол қаёққа ўзгаришини ҳеч ким билмайди, дейди Ник Пратт.

Қизиғи, бу учрашув арафасида ўзини “Афғонистон исломий амирлиги” деб номлаган Афғонистондаги Толибон гуруҳи, кутилмаганда, ШҲТ аъзоларига мурожаат эълон қилди.

Ўз интернет сайтида чоп этган қарийб икки саҳифалик мурожаатида Толибон АҚШни мустамлакачиликда айблар экан, ШҲТ аъзоларини бу мустамлакачиликка қарши курашда ҳамкорлик ва ёрдамга чорлади.

"ШҲТ учрашуви арафасида бундай мурожаатнинг пайдо бўлгани қизиқ" дер экан таҳлилчи Ник Пратт, жанговар хуружларини ошираётган Толибон Афғонистондаги тинчлик миссиясида иштирокини оширишга бел боғлаган ШҲТ аъзолари ва НАТО ўртасига нифоқ солишга уринмоқда, деб ҳисоблайди.

- Менимча, улар ШҲТ га аъзо давлатлар ва Афғонистондаги миссияда иштирок этаётган давлатлар ўртасига нифоқ солишга уринмоқда. Боиси, ҳозир Россия НАТО кучларига таъминот юклари транзитини учун рухсат берди. Шунингдек, айни масалада Хитой томони билан жуда муҳим музокаралар бормоқда, дейди Ник Пратт.

Унга кўра, Афғонистон билан чегаралари жуда заиф бўлган Марказий Осиё давлатлари ҳам бундай музокаралардан манфаатдордир.

Зеро, сўнгги пайтларда Толибоннинг Афғонистондаги ўз жанговар хуружларини мамлакат шимолига кўчириши хавфи пайдо бўлгани боис бу ҳудудга туташ Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари жиддий хавотирга тушган.

Шу боис, москвалик таҳлилчи Санобар Шерматовага кўра, бу давлатлар ҳам Афғонистондаги Толибонга қарши курашда иштирокини ошираётгани Толибонни хавотирга солмоқда.

- Бу шунчаки иложсизлик исёни бўлиши мумкин. Зеро, Афғонистондаги уруш ҳаракатлари тобора жиддий тус олмоқда. Гарчи ҳозир америкаликлар бу уруш нима билан тугаши ва "бу урушда ғалаба қозониш мумкинми ёки йўқми?" деган савол устида бош қотираётган бўлса-да, толибларга қарши ҳарбий амалиётлар кучайтирилди. Эндиликда эса бу жараёнга ШҲТ аъзолари ҳам шаҳд билан киришмоқда ва бундай вазиятда Толибоннинг даъвоси мутлақо мантиқсиз бир ҳаракатдир, дейди Санобар Шерматова.

Пекинга борган ШҲТ бош вазирлари ва бу ташкилотдаги кузатувчи мақомига эга давлат расмийларининг эса тадбирлар ниҳоясида Хитой республикаси Ху Цзинтао билан ҳам учрашиши белгиланган.
XS
SM
MD
LG