Линклар

АҚШ долларининг қадрсизланиши маҳсулотлар нархлари ошишига сабаб бўлмоқда. 14 октябр куни жаҳон бозорида олтин нархи мисли кўрилмаган даражага кўтарилиб, бир унция олтин баҳоси 1070 АҚШ долларини ташкил этди.

Айни пайтда дунё биржаларида нефт, кумуш, мис, қанд, какао ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархлари ҳам ошиб бормоқда.

14 октябр куни Ню Йорк биржасида бир баррел нефт нархи ноябр ойидаги таъминот учун 75 доллар 18 центни ташкил этди.

Таҳлилчилар нархлар кўтарилишини икки омил - АҚШ долларининг қадрсизланиши ва дунёда кузатилган энг ёмон иқтисодий бўҳрондан кейин ўнгланиш жараёни бошланаётгани билан изоҳламоқда.

Аснода АҚШ долларининг еврога нисбатан курси бир йил давомида энг паст даражада бўлиб, ҳозирда 1 евро 1 доллар 48 центга тенг. Шу боис олтин ва нархи АҚШ долларида белгиланадиган бошқа маҳсулотлар инвесторлар диққатини ўзига жалб қилмоқда.

Ник Пенний “Sucden Financial” ширкатининг шакар савдоси бўйича брокери. Унга кўра, Ҳиндистон ва Бразилияда кузатилган ноқулай об-ҳаво туфайли бу йил шакар кам ишлаб чиқарилган. Шу боис шакар нархи ўтган йилга нисбатан икки баробар ошган.

Пенний фикрича, сўнгги пайтларда Бразилияда шаркарқамиш экиб келинган майдонларда этанол ёнилғиси ишлаб чиқариш учун керак бўлган бошқа ўсимликлар ўстирилаётгани ҳам нарх ошишига сабаб бўлди.

- Нефт нархи кўтарилган пайтларда шакарнинг нархи ҳам ошади. Нефт нархи ошса, этанолга ҳам талаб кўпаяди. Шу боис бу нархларга таъсир этади, дейди Ник Пенний.

Дунё миқёсида энг ёмон иқтисодий бўҳрон давом этаётгани учун металларга талаб камайганига қарамай, ўтган ҳафта биржаларда бир тонна мис нархи 6 минг 360 долларни ташкил этди. Бу жорий йил бошидаги нархдан икки баробар кўп. Алюминий нархи ҳам 25 фоизга ошди.

- Айрим металлар ҳақида гапирадиган бўлсак, ( For base metals – аслмас, ҳавода оксидланадиган металлар, мас., мис, қўрғошин ва ҳ.) глобал иқтисодиёт иккинчи жаҳон урушидан кейин рўй берган энг ёмон бўҳрондан чиқади. Йилнинг биринчи ярмида Хитой катта миқдорда металл сотиб олганини кўрдик. Бу металлар бозоридаги савдога туртки бўлди. Унгача бозордаги талаб ва таклиф мувозанатда эди. Ҳозир Хитойдан ташқарида металлга талаб суст ва маҳсулот заҳираси кўпаймоқда, дейди Германиядаги “Коммерзбанк” таҳлилчиси Карстен Фриш бунга изоҳ бераркан.

“Нархлар ўсиши қачонгача давом этади?” деган саволга таҳлилчилар, қисқа муддатда бу долларга боғлиқ, деб жавоб бермоқда.

Ўтган ҳафта дунёга машҳур инвестор Жим Рожер узоқ муддатда товарлар нархлари ошишда давом этиши мумкинлигини айтди. Унинг фикрича, келаси ўн йилликлар давомида хом ашё материаллари, айниқса, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари талабни қондириши қийин бўлади.
XS
SM
MD
LG