Линклар

Тожиклар Сталиндан норози

  • Гулнора Равшан

Тожик олимлари¸ Сталин эскизига кўра¸ Тожикистон чекига асосан тоғли ҳудудлар тушганидан норозилар.

Тожик олимлари¸ Сталин эскизига кўра¸ Тожикистон чекига асосан тоғли ҳудудлар тушганидан норозилар.

Бундан 85 йил муқаддам Тожикистон Ўзбекистон таркибидаги автоном республика сифатида ташкил топган эди. 1929 йилнинг 16 октябрида эса ўлка Ўзбекистондан ажралиб, Тожикистон ССРга айланди.

Гарчи бу икки тарихий воқеа тожик миллати ва давлати учун аҳамиятли саналса-да, аммо мустақилликка эришган Тожикистонда бу саналар аллақачон унутилган кўринади.

Бундан икки ҳафта аввал Тожикистон Коммунистик партияси президент Имомали Раҳмонга расман мурожаат этиб, Тожикистон Совет Социалистик республикаси ташкил топган куни республика миқёсида кенг нишонланишини сўраган эса-да, иқтидордаги расмийлар коммунистларнинг бу таклифига ҳали-ҳануз жавоб қайтаргани йўқ.

- Агар Тожикистон тўғрисидаги декларация бўлмаганида эди ва агар 1929 йили биз Совет социалистик республикаси сифатида тан олинмаганимизда эди, 1991 йил 9 сентябрида биз ўзимизни мустақил давлат сифатида эълон қила олмаган бўлур эдик. Ҳеч ким бизни тан олмаcди ҳам. Биз Ўзбекистон мухтор ўлкасилигимизча қолардик, эҳтимол вақт ўтиб мухторият ҳам барҳам топган бўларди, дейди Тожикистон коммунистлар партияси лидери Шоди Шабдолов.

Бундан 85 йил муқаддам - 1924 йилнинг 14 октябрида Тожикистон Ўзбекистон ССР таркибидаги автоном республика сифатида ташкил топди.

- 1924 йили Сталин бошлиқ шўролар ҳукумати Марказий Осиёда бир неча миллий республика ташкил этиш режасини туздилар. Бунга қадар бу ҳудудда Туркистон Совет Социалистик республикаси бор эди. Тошкент, Фарғона, Самарқанд, Хўжанд ва ҳатто Туркманистон ҳам шу республика таркибида эди. Шунинг баробарида Тожикистонни ўз ичига олган Бухоро миллий республикаси ҳам бўлган.

Сталиннинг миллий ҳудудларни ташкил этиш режасининг асосий мақсади Бухоро миллий республикасини Туркистонга қўшиб юбориб, шундан сўнг бу йирик давлатни кичик давлатларга тақсимлашдан иборат эди. Шундай қилиб, 1924 йили Бухоро республикаси СССРга қўшиб олинди ва унинг тарихий умрига болта урилди. Сўнгра Марказий Осиёда аввал Ўзбекистон ССР ташкил топди. Тожикистон эса унга автоном этиб белгиланди, дейди тожикистонлик академик олим Муҳаммаджон Шакурий ўша тарихий воқеаларни эсларкан.

Академикнинг таъкидлашича, Сталин тақсимоти тожикларни қониқтирмаган. Тожикистон автоном республикасининг ўша вақтдаги раҳбари Нусратулло Махсумов тожикларнинг ўзбеклар давлати таркибидан ажралиб чиқиши учун уринишларидан сўнг 1929 йилнинг 16 октябрида Тожикистон мустақил республика сифатида тан олинди.

Бироқ, тарихчи олим Мирзо Наимов фикрича, бу ўринда Москва Тожикистонга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлган.

- Масалан, экин майдонларининг кўп қисми Ўзбекистонга бириктирилди. Фақат тоғли ҳудудлар насиб этган Тожикистон бугун атиги 7 фоиз экин майдонига эга, холос, қолган 97 фоиз майдон тоғлардан иборат.

Ўша йиллардаги адолатсизлик бугунги кунда Марказий Осиё давлатларидан нафақат Тожикистон, балки Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон каби давлатлар норозилигига ва улар орасида совуқ муносабатларнинг сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда.

Бугунги мустақил давлатлар чегараларида делимитациялаш ва демаркациялаш ишларида кўплаб муаммолар яратмоқда. Минтақа давлатлари расмийларининг минтақа сувини тақсимлашга доир даҳанаки жанглари баъзида оддий одамларнинг муштлашишига олиб келмоқда, дейди тожикистонлик тарихчи олим Мирзо Наимов.

1991 йилда батамом мустақилликка эришган Тожикистон ва Ўзбекистон давлат чегараларида делимитациялаш ва демаркациялашга доир тадбирлар ҳозиргача якунига етгани йўқ.

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси масъуллари Тожикистон ва Ўзбекистон чегараларини аниқлаштиришдаги энг баҳсли ҳудудлардан бири бу Тожикистон шимолидаги Фарҳод ГЭСи ва тўғони эканини таъкидлашади.

Ўзбекистонлик дипломатларга кўра, яқин кунларда Душанбеда йиғиладиган чегара демаркацияси ва делимитацияси бўйича давлатлараро комиссия айнан шу ҳудуд атрофида ўзаро муросага кела олса бўлди, шунинг билан ўзбек-тожик муносабатларига узоқ йиллардан буён соя солиб турган долзарб муаммолардан биттаси ўз ечимини топади.
XS
SM
MD
LG