Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:21

UZ доменида сайт очиш мумкин¸ фақат...


Ўзбекистонда мустақил ахборот сайтларига киришга уринсангиз¸ уларнинг аксари мутлақ блок қилинганига амин бўласиз.
Ўзбекистонда мустақил ахборот сайтларига киришга уринсангиз¸ уларнинг аксари мутлақ блок қилинганига амин бўласиз.

Веб сайтлар ёки блоглар эркин матбуотнинг бир кўриниши сифатида Интернет тармоғида аллақачон бўй кўрсатган. Бугунги кунда сайтлар ахборот бўшлиғини тўлдирибгина қолмай, фикрлар мулоқоти учун ахборот маконини ҳам яратиб бермоқда.

Машҳур “Суперкелинчак” фильмида қайнона ўрис келиндан “Ўзбек урф-одатларимизни қаердан ўргангансан?” деб сўраганида, келин “Интернетдан”¸ деб жавоб қилади. Ҳақиқатан¸ Ўзбекистон интернет маконини кезар экансиз¸ юзлаб сайтларга дуч келасиз. Мода, маданият, спорт ва ҳатто ёш келинларга пазандалик, болани қандай эмизиш ҳақида маслаҳат берувчи ўнлаб сайтлар бор. Бу сайтларга Ўзбекистонда кириш бемалол.

Шундай сайтлардан бири www.generation.uz. Сайт асосчиси Анна Гриценко гапиради.

- www.generation.uz лойиҳасини бошлаганимизга бир йилдан кўп бўлди. 2008 йил 1 сентябр куни очганмиз бу сайтни. Биз бу сайтда бола тарбияси, уларнинг соғлиги, боланинг ҳомила пайтидан балоғат ёшига бўлган даврдаги тарбияси, репродуктив саломатликка оид тавсияларни бериб борамиз.

Аввалига биз бу борада умумий маълумотларни берар эдик. Сўнгги пайтларда бизга савол билан мурожaат этувчи муштaрийларимиз сони ортганидан кейин, уларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш учун мутахассисларни ҳам жалб эта бошладик, дейди www.generation.uz сайти асосчиси Анна Гриценко.

Ўзбекистоннинг миллий UZ доменида қайд этилган яна бир сайт www.krasota.uz деб номланган. Сайт асосчиси ва муҳаррири Олия Абдунабиеванинг айтишича, сайт асосан қизлар учун мўлжалланган.

- www.krasota.uz аёллар учун мўлжалланган электрон журнал ва биз буни Ўзбекистонда яшовчи аёллар учун махсус очганмиз. Сайтимизда қандай қилиб чиройли бўлиш, ўзига зеб бериш санъати, қандай кийиниш ва ҳоказо саволларга жавоб топишингиз мумкин.

Шунингдек, мода шоулари, мода янгиликлари нафақат Ўзбекистондаги, балки чет давлатлардаги мода янгиликлари ҳақида маълумотлар берамиз. Сайтимиз фақат бўяниш ва мода билан чекланмаган. Бу ерда аёлларимиз кулинария санъати, турли пишириқлар қилишни ўрганишлари ҳам мумкин, дейди Олия Абдунабиева.

UZ миллий доменида дуч келганимиз яна бир сайт www.classicmusic.uz сайти бўлди. Ўзбек ҳофизлари қўшиқлари бу сайтда жам бўлган. Сайт асосчиси Ҳусниддин Ато сайтга кирувчилар асосан чет давлатларда яшовчи ўзбеклар эканини айтади.

Ҳусниддин Ато: Ўзимизнинг юртдошларимиз кам қизиқишади. Бу нарсага асосан юртдан узоқда бўлганлар соғиниб қизиқишади. Ҳозир ўзимизнинг Ўзбекистонда бунақа сайт борлигини биладиганлар жуда ҳам кам. Бу табиий ҳол. Чунки бизда “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” дейишади.

Озодлик: Сайтингиздан қўшиқларни ҳам кўчириб олиш мумкинми?

- Кўчириб олса бўлади. Уриниб кўрган бўлсангиз¸ у ерда ҳеч қанақа муаммо йўқ. Бемалол кўчириб олса бўлади. Менинг сайтимнинг очилишидан мақсад интернетда шунақа маълумотлар базаси яратиш эди. Мен бу мақсадимга жуда ҳам эриша олмаëтган бўлишим мумкин. Бошқа сайтлар йўқлиги туфайли бу сайт ҳозирча ягона бўлиб турибди. Қаердадир Ўзбекистон мусиқаси ҳақида маълумот бўлиши мумкин. Улар ўзбек мусиқаси ихлосмандларини қониқтирмайди. Мен шундай деб ўйлайман. Бу менинг шахсий фикрим.

Шунинг учун мен кўп соҳаларни¸ ички соҳаларни ҳам ичига олган база яратмоқчи эдим. Бу сайтда тинглаш имконияти бўлсин¸ баҳслар бўлсин. Бу база Ўзбекистоннинг миллий-анъанавий мусиқаси ҳақида бўлади. Ўша ерда шу ҳақда маълумотлар келтирмоқчи эдим. Кўп-кўп мақолалар жойлаштирмоқчи эдим. Кўп мақолалар журнал¸ газета¸ китобларда чиқаяпти. Лекин интернетда бу ҳақда деярли маълумот йўқ. Мақолалар журнал ва газеталарда қолиб кетаяпти. Тўғри одамлар олиб ўқияпти¸ лекин уни оммага чиқариш керак.

Маданий-миллий меросимиздаги эҳтиëжни кўра билиб сайт яратганман. Менинг сайтим техник ëки бошқа жиҳатлардан унчалик кучли эмас. Мен шу нуқтаи-назардан келиб чиқиб айтишим мумкин. Биринчи ўринда нима учун сайт яратилаëтганини тушуниб олиш керак. Сайт кўп¸ сайтни ҳамма ҳам туза олади. Бугунги кунда сайт тузиш қийин бўлмай қолди. Сайт нима мақсадда тузилаëтганини ва қандай маълумотлар бўлиши кераклигини инобатга олиш керак¸ дейди Ҳусниддин Ато.

UZ доменида қайд этилган айрим сайтлар ҳақида ҳикоя қилдик. Аммо, Ўзбекистоннинг UZ интернет маконини кезиб, мамлакатда содир бўлаётган ҳодисалар ҳақида ахборот берувчи мустақил сайтларни топа олмадик.

Ўз исмини айтишни истамаган ўзбекистонлик интернет соҳаси мутахассисининг айтишича, UZ доменида мустақил ахборот ёки сиёсий сайтларнинг ўзи йўқ. Сиёсий сайтлар бўлгани тақдирда ҳам улар ҳукумат назоратидаги сайтлардир.

- UZ миллий доменидаги интернет сайтларининг ичида ëзилаëтган нарсаларнинг сиëсатга алоқаси йўқ. Бу сайтлар давлат орқали контрол қилинади. Кўпинча сотовий операторлари ëки танишиш сайтларининг рейтинги Ўзбекистонда кўтарилаяпти. Агар сиëсатга алоқаси бўлса¸ рейтинги жуда ҳам паст ëки давлат орқали контрол қилинади. Сиëсат ҳақида ëзадиган мустақил интернет сайтлари UZ доменида йўқ. Ташқи доменда бўлса ҳам улар Ўзбекистонда блокировка қилинган.

Озодлик: UZ доменида шунақа сайт очиш имкони борми?

- Очишингиз мумкин. Домен номини сотиб олиб очишингиз мумкин. Агар у ерда ëзишни бошласангиз¸ ўзингизни хавф остига қўйишингиз мумкин. Сизни любой маҳал ëпиб қўйиши ëки Ўзбекистон судлари жиноий жавобгарликка тортиши мумкин. Регистрация қилиб¸ очиб ëзсангиз бўлади. Мустақил ëзадиган бўлсангиз¸ барибир қийин¸ дейди ўз исмини айтишни истамаган интернет соҳаси мутахассиси.

Аммо, www.uznews.net сайти муҳаррири Қудрат Бобожоновнинг айтишича, UZ маконида сиёсий бўлмаса ҳам сайтларнинг кўпаяётганини ўзи ижобий ҳолатдир.

- Менимча¸ бугунги кунда интернет макони жуда катта имкониятлар яратмоқда. Аввало UZ доменида турли хил мавзудаги сайтларнинг бўлиши бир томондан фойдали. Бу жамиятнинг эҳтиëжларига қараб очилади ва агар унга эҳтиëж бўлмаса¸ улар ëпилиши керак. Умуман айтадиган бўлсак¸ фойдали нарса бу. Охир-оқибатда бу мухлисга шахсий блог бўлсин¸ маиший сайт бўлсин¸ кулинария билан боғлиқ бўлсин қандайдир маълумотни етказиш¸ дейди Қудрат Бобожонов.

Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилар сони, жорий йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, 2,6 миллион одамни ташкил қилган. Яъни Ўзбекистонда ҳар 10 одамнинг бири жаҳон тармоғидан фойдаланиш имконига эга.
XS
SM
MD
LG