Линклар

Мактаб рэкети Бишкек учун бошоғриқ


2009 йилнинг 9 ойи ичида мактаб ўқувчилари томонидан содир этилган турли тартибсизликлар пайтида 30 нафар балоғатга етмаган бола ҳалок бўлган.

2009 йилнинг 9 ойи ичида мактаб ўқувчилари томонидан содир этилган турли тартибсизликлар пайтида 30 нафар балоғатга етмаган бола ҳалок бўлган.

14 октябр куни Қирғизистон парламентида мамлакатда авж олаётган мактаб рэкети ва ўқувчилардан иборат уюшган тўдаларнинг ўзаро муштлашувлари олдини олиш масаласи муҳокама қилинди.

Қирғизистон матбуоти бир неча йилдан бери республика мактабларида жиноят олами таъсири кучайиб бораётгани, мактаб ўқувчилари худди қамоқхонадаги маҳбусларда бўлгани каби норасмий амалларга эгалиги, бу амал эгалари ўқувчилардан пул йиғиб, уни қамоқхоналардаги маҳбусларни қўллаб-қувватлаш учун жўнатаётганлари ҳақида ёзиб келади.

28 сентябр куни Бишкекда Олимпия резервлари мактаби ва 38-гимназия ўқувчилари томонидан содир этилган тартибсизлик эса ўрта таълим даргоҳларида вазият издан чиқаётганини очиқ-ойдин намоён қилди ва бу ҳолат депутатларни ҳам ташвишга солиб қўйди.

Парламент депутатларига Олимпия резервлари ва 38-гимназия ўқувчилари томонидан содир этилган тартибсизлик ҳақида Қирғизистон Ички ишлар вазири Мўлдўмуса Қўнғантиев маълумот берди. Унинг айтишича, 28 сентябр куни Олимпия резервлари мактаби ўқувчиларидан 50 нафарга яқини 38-гимназияга тошлар билан ҳужум қилган. Натижада гимназия ўқувчилари ва ёш спортчилар ўртасида муштлашув бошланган. Етиб келган милиция наряди бу тартибсизликни тўхтатиш учун ҳавога қарата олти марта ўқ узишга мажбур бўлган. Гимназия биносига 1500 минг доллар миқдорида моддий зиён етказилган.

- Бу иш юзасидан айтишим мумкинки, Олимпия резервлари мактабининг 11-“Б” синф ўқувчиси тартибсизлик ташкилотчиси бўлган. Айни пайтда Олимпия резервлари мактабининг 8 ўқувчисига нисбатан жиноят иши очилган, деди Мўлдўмуса Қўнғантиев.

Ички ишлар вазирининг айтишича, жиноят олами ёш спортчилари ўз сафларига жалб қилишдан манфаатдор бўлгани боис¸ Олимпия резервлари мактаби жиноят оламининг доимий диққат марказида турибди.

Парламент депутати, профессионал бокс бўйича етти марта жаҳон чемпиони Орзубек Назаров Олимпия резервлари мактабининг тартибсизлик ўчоғи бўлиб қолаётгани сабаб уни ёпиш тўғрисида таклиф киритди. Орзубек Назаровнинг айтишича, Олимпия резервлари мактаби ўқувчилари кўп йиллардан буён Бишкек шаҳри ва унинг атрофида яшовчи тенгдошларини рэкет қилиш билан шуғулланиб келади.

Бироқ Қирғизистон Спорт қўмитаси раҳбари Александр Воинов бу таклифга қарши чиқди. Унинг айтишича, айни пайтда тартибсизликларда иштирок этган ёш спортчилардан 37 нафари мактабдан ҳайдалган. Улар жиноятчиларга қўшилиб, пойтахтдаги криминал вазиятни янада жиддийлаштириб юборишлари мумкин.

- Улар қишлоқдаги уйларига кетмайдилар. Аксинча, жиноятчиларга қўшилишлари мумкин. Агар спорт мактабини ёпадиган бўлсак, ёш спортчиларни жиноят олами вакиллари ҳар қандай йўллар билан ўз сафларига жалб қиладилар, деди Александр Воинов.

Қирғизистон Ички ишлар вазири Мўлдўмуса Қўнғантиев ҳам бир мактабни ёпиш билан мактаб рэкети муаммосини ҳал қилиб бўлмайди, деган фикрда. Вазирнинг айтишича, биргина 10 октябрдан 13 октябргача бўлган икки кун оралиғида Бишкек милицияси мактаб ўқувчилари томонидан содир этилиши режалаштирилган иккита катта тартибсизлик олдини олган. Бу тартибсизликларда 50-100 нафар мактаб ўқувчисининг иштирок этиши режаланган экан. Вазирга кўра, тартибсизликларни уюштирган ўқувчилар ёнидан ўқотар қуроллар ва ханжарлар топилган.

Расмий маълумотларга кўра¸ 2009 йилнинг 9 ойи ичида мактаб ўқувчилари томонидан содир этилган турли тартибсизликлар пайтида 30 нафар балоғатга етмаган бола ҳалок бўлган.

Парламент депутати Айгул Байбураева фикрича, мактабларни жиноят олами таъсиридан озод қилиш масаласи ҳукумат даражасида муҳокама қилиниши зарур.

- Ҳукумат бу масалага алоҳида эътибор қаратиши керак. Бундай вазиятга бир ёқлама баҳо бериб бўлмайди. Мактабларга эътиборнинг камлиги, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига бефарқлиги ҳам бугунги вазиятга сабаб бўлмоқда, деди депутат Айгул Байбураева.

Қирғизистон парламенти республика миқёсида мактаб рэкети масаласини ўрганиш юзасидан махсус комиссия ташкил этди. Бу комиссия шаҳар ва туманлар мактабларига бориб, жой-жойларда муаммони ўрганадиган бўлди.

Айни пайтда Қирғизистон шимолидаги Чуй вилояти мактаблари ўқувчилари бирлашиб, “Биз мактаб рэкетига қаршимиз” ҳаракатига асос солишмоқчи.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG