Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:47

Андижон қурбонларига ëдгорлик ўрнатилади


Ëдгорлик ташаббусчилари Ўзбекистон расмийлари билан қайта апоқ-чапоқ бўлаëтган ЕИ расмийларини Андижон қирғинини унутмасликка мажбурламоқчи.
Ëдгорлик ташаббусчилари Ўзбекистон расмийлари билан қайта апоқ-чапоқ бўлаëтган ЕИ расмийларини Андижон қирғинини унутмасликка мажбурламоқчи.

Белгияда жойлашган “Оналар зўравонликка қарши” гуруҳи 2005 йили Андижонда отиб ўлдирилган тинч намойиш қатнашчилари хотирасига ёдгорлик ўрнатиш бўйича танлов эълон қилди.

“Оналар зўравонликка қарши” ташкилоти вакили Алия Салахованинг Озодликка айтишича, ёдгорлик ўрнатишдан мақсад Андижон қатлиомининг унутилишига йўл қўймасликдир.

- Ёдгорликни Белгияда ўрнатишни режалаяпмиз. Аниқроғи, биз уни Брюсселдаги Европарламент биносига яқин жойда ёки Франциянинг Страсбург шаҳрида ўрнатишни хоҳлаяпмиз. Мақсад, бу шаҳарларга келувчилар, айниқса Европа расмийларига Андижонда бегуноҳ инсонларнинг ҳукумат кучлари тарафидан отиб ташланганини эслатиб туриш. Улар Андижонда ҳалок бўлган бегуноҳ инсонлар хотирасига ўрнатилган ёдгорлик ёнидан ўтар эканлар¸ президент Каримов 2005 йилда тинч, бегуноҳ инсонларга қарши куч қўллаганини эслашсин, дейди Алия Салахова.

Тошдан ясалиши айтилаётган ушбу ёдгорликнинг 2010-2011 йилларда ўрнатилиши режаланаяпти ва Белгия ҳукумати бунга розилик берган.

- Ҳукумат бунга рози, аммо унинг қаерда ўрнатилиши ҳақда аниқ айта олмаймиз. Чунки, унинг қаерга қўйилиши, танлов давомида оладиганмиз эскизларга ҳам боғлиқ. Яъни танловнинг дастлабки босқичида, ёдгорлик эскизлари кўриб чиқилади. Ҳозиргача, ўнта эскиз олдик ва кейин биз уларнинг ҳаммасини махсус комиссияга кўриб чиқиш учун жўнатамиз ва шу комиссия уни қаерга ўрнатишни белгилайди, дейди Алия Салахова.

Шу ой охирида Европа иттифоқи 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонга нисбатан жорий этган қурол эмбаргоси тақдирини муҳокама этади. Ҳуқуқ ҳимоячилари Европа иттифоқини санкция бекор этилиши учун қўйилган талабларни бажармаётган Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан бу эмбаргони бекор қилмасликка чақирмоқда.

- Ҳозирги пайтда Европа давлатлари ва Ўзбекистондаги диктатор режими ўртасида илиқлик кузатилмоқда. Қайсидир давлат бу режим билан хуфёна¸ қайсидир давлат эса очиқ мулоқотга киришмоқда.

Масалан, Белгия Бош вазири Ив Лютерм матбуотга билдирмасдан, Тошкентга бориб, у ердаги ҳукумат билан мамлакатлар ўртасидаги келгуси ҳамкорлик масалаларини муҳокама этган. Бу эса бизни жиддий хавотирга солмоқда. Европа раҳбарияти, жаҳон лидерлари афтидан Андижонда нима бўлганини унутишни хоҳлашяпти. Лекин, биз бунга йўл қўймаймиз, дейди Алия Салахова.

Ўзбекистон расмийларига кўра¸ 2005 йил 13 май куни Андижонда 187 одам ҳалок бўлган ва уларнинг аксарияти экстремистлар. Аммо ҳуқуқ ҳимоячилари ва воқеа гувоҳлари эса¸ ҳалок бўлганлар сонининг 1000 дан ортиши ва уларнинг аксари тинч намойишчилар эканлигини айтиб келишади.

2005 йил 13 май кунги қирғиндан омон қолиб¸ чет давлатлардан бошпана топган андижонликлар бегуноҳ ҳалок бўлган ҳамюртлари хотирасига шундай ёдгорлик ўрнатилишидан мамнун эканликларини айтишмоқда. 13 май Иттифоқи ташкилоти раҳбари Нурилло Мақсудов гапиради.

- Биз буни эшитдик ва буни биз ҳам ижобий баҳолаяпмиз. Биз хурсанд бўлаяпмизки¸ Европада ҳам бизнинг дўстларимиз бор экан. Улар Ўзбекистондаги ҳолатларга бефарқ қарамасдан¸ ўзининг муносабатларини айтиб ва кўрсатиб келаяпти. 2005 йил Андижон воқеаларига бефарқ бўлмасдан¸ ўшанинг ғамида юрган дўстларимиз борлигидан мамнунмиз. Биз ҳам уларнинг фикрига қўшиламиз. Биз ҳам уларнинг сафидамиз¸ дейди Нурилло Мақсудов.

Танловда Андижон қатлиомига эътиборсиз бўлмаган, касб-кори ва уқувидан қатъий назар барча иштирок этиши мумкин. Ўзбекистонлик рассом Вячеслав Охунов танловда жон деб қатнашиши мумкинлиги ва танлов ҳайъатига ўзбекистонлик рассомларни ҳам киритиш лозимлигини айтди.

- Ёдгорлик ўрнатиш бўйича¸ менимча¸ барча рассомларни тўплаб, симпозиум ташкил қилиш ва ёдгорлик қандай бўлиши ҳақда қарашларни ўртага ташлаш керак, дейди Охунов.

“Оналар зўравонликка қарши” ташкилоти вакилларига кўра, ёдгорлик бўйича эълон этилган танловнинг биринчи босқичида муаллифлардан лойиҳа ва аризалар шу йилнинг 12 декабригача қабул қилинади. Иккинчи босқич 2009 йил 13 декабрда бошланади ва 2010 йил 3 январ куни ниҳоясига етади.

Аризалар электрон мактуб ёки почта орқали Ташкилий қўмитанинг moeders_belgie@hotmail.com электрон почтасига жўнатилиши лозим.
XS
SM
MD
LG