Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:28

Қирғиз-тожик чегарасида отишма содир бўлди


Қирғиз-тожик чегарасида рўй берган отишма тафсилотлари мавҳумлигича қолмоқда.
Қирғиз-тожик чегарасида рўй берган отишма тафсилотлари мавҳумлигича қолмоқда.

14 октябр куни соат 23 лар чамаси қуролланган гуруҳ Қирғизистоннинг Боткен туманидаги Кўктош чегара постига ҳужум қилган. Бу борада Озодликка Қирғизистон чегара хизмати расмийси Жўўдар Исақулов маълум қилди.

- 2009 йилнинг 14 октябр куни тунда Боткен вилоятининг Кўктош чегара қисмида Қирғизистон давлат чегарасидан номаълум шахсларнинг ўтгани кузатилди. Дастлабки маълумотларга кўра, давлат чегарасини бузиб ўтганлар саккиз киши бўлган. Чегарачилар уларни тўхтатишга уринганида, улар қуролли қаршилик кўрсатган ва Қирғизистон ҳудудига ўтиб, яширинишга муваффақ бўлган. Чегарачилар орасида жароҳатланганлар, бироқ қурбонлар йўқ, деди Қирғизистон чегара хизмати матбуот маркази ходими Жўўдар Исақулов.

Айни пайтда Қирғизистондаги айрим оммавий ахборот воситалари номаълум шахсларнинг Тожикистон уюшган жиноий гуруҳи аъзолари бўлиши мумкинлиги тўғрисида хабар тарқатди.

“Дастлабки маълумотларга кўра, Тожикистондаги уюшган жиноий гуруҳ аъзолари экани тахмин қилинаётган 10 киши ўзларини таъқиб қилаётган мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан қочиб, Қирғизистон республикасининг Боткен вилоятида яширинмоқчи бўлган. Тожикистон куч ишлатар тизими ходимларининг махсус операцияси чоғида отишма содир бўлган. Бироқ жиноятчиларнинг барчаси таъқибдан қочиб, Боткен вилояти ҳудудида яширинишга муваффақ бўлган”, дейилади “24.kg” ахборот агентлиги тарқатган хабарда.

Бошқа ахборот агентликлари эса чегарани бузиб ўтганлар жанггарилар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни илгари сурмоқдалар. Бироқ Қирғизистон чегара хизмати расмийси бу маълумотни рад этди:

- Биз бу маълумотни тасдиқламаймиз. Биз уларни жанггари дейишга эрта деб ўйлаймиз. Айни пайтда¸ мазкур ҳудудда Боткен вилоят чегара отряди ҳарбийлари қидирув ишларини олиб бораяптилар. Хозирча бошқа маълумот бера олмаймиз, деди Жўўдар Исақулов.

Айни пайтда тожик расмийлари 14 октябр куни Қирғизистоннинг Кўктош чегара постига ҳужум қилган кишилар қайси мамлакат фуқаролари экани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқлигини таъкидламоқдалар.

- Дарҳақиқат, бизга етиб келган маълумотларга кўра, 14 октябр куни тожик-қирғиз чегарасида қуролли тўқнашув бўлган. Бир гуруҳ, яъни 11 кишидан иборат тижоратчилар озиқ-овқат маҳсулотларини чегарадан ўтказмоқчи бўлишган. Бироқ Қирғизистон чегарачилари ва тижоратчилар ўртасида можаро чиққан. Шунда номаълум шахслар қирғиз чегарачиларига қарата ўқ узишган. Лекин улар аслида қайси мамлакат фуқаролари эканлиги номаълум. Чунки ҳанузгача бирортаси ушланмаган, деди Исфара шаҳар ички ишлар бўлими мулозими Содирхон Икромов.

Воқеа тафсилотларига ойдинлик киритиш мақсадида Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасининг Сўғд вилоят бошқармаси мулозимлари билан ҳам боғландик.

- Тожик-қирғиз чегарасида бўлиб ўтган можаро ҳақида навбатчи дафтарида қайд этилган. Лекин тўлиқ маълумотни фақат раҳбарлар рухсати билан олишингиз мумкин. Раҳбарлар эса иш юзасидан сафарга чиқишган, деди бошқарманинг тезкор гуруҳи раҳбари Қурбонали Каримов.

Бундан аввал ҳам Тожикистоннинг Боткен вилоятига чегарадош бўлган ҳудудларида қуролли гуруҳлар билан бўлган тўқнашув кузатилган ва шу сабабли сўнги пайтларда қирғиз-тожик чегараси кучайтирилган тартибда қўриқланган.

Масалан, шу йилнинг 26 сентябр куни Тожикистоннинг Боткен вилояти билан чегарадош Сурх туманидаги чегара пунктига номаълум қуролли шахслар ҳужум қилган. 2006 йилнинг май ойида эса Тожикистоннинг “Лаккон” ва Боткен вилоятининг “Ақтурпақ” чегара пунктларига қуролли гуруҳ ҳужум қилганди. Ўшанда ҳарбийлар ва жангарилар ўртасида содир бўлган тўқнашувида Тожикистоннинг уч чегарачиси ва Қирғизистон божхона инспекцияси ходими ҳамда бир нафар оддий фуқаро ҳалок бўлганди.
XS
SM
MD
LG