Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:48

Тошкент айтганини қилди


Ўзбекистоннинг ягона тизимдан ажраб чиқиши¸ бутун минтақани танг ҳолга солиб қўйди.
Ўзбекистоннинг ягона тизимдан ажраб чиқиши¸ бутун минтақани танг ҳолга солиб қўйди.

Марказий Осиё электр энергиясини мувофиқлаштириш кенгашининг Оқмоладаги мажлисида Ўзбекистоннинг минтақа ягона энерготизимидан чиқиши юзасидан олиб борилган музокаралар самарасиз якун топди.

Бу ҳақда мажлис аввалида “KEGOC” Қозоғистон миллий энергетика оператори президенти Қанат Бўзумбаев сўз очди:

- “Ўзбекэнерго” давлат акционерлик корпорацияси жорий йилнинг 15 октябридан эътиборан Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқишини эълон қилди. Бу Ўзбекистон ва Тожикистоннинг МДҲ давлатларининг параллел энерготизимидан чиқишини англатади. Биз ҳамкорликни аввалгидек сақлаб қолишга ҳаракат қилдик, аммо уддасидан чиқа олмадик. Ўзбекистон ўз ҳудуди орқали ўтадиган электроэнергиянинг Қирғизистон шимолидан тортиб то жанубигача пуллик қилиш кераклигини айтмоқда, деди Қанат Бўзумбаев.

Аввалроқ “KEGOC” матбуот хизмати Ўзбекистоннинг ягона энерготизимдан чиқиши Ўзбекистон-Тожикистон ва Қозоғистон-Қирғизистон энерготизимининг буткул ишдан чиқаришини маълум қилган эди. Шунга қарамай, қозоқ расмийлари Қозоғистон МДҲ давлатлари энерготизимидаги параллел режимни сақлаб қолишига умид боғлагандилар.

“KEGOC” Қозоғистон миллий энергетика операторининг оммавий ахборот воситаларига тарқатган баёнотида келтирилишича, Қозоғистон энерготизими хавфсизлиги ва барқарорлиги Қирғизистондан автоном равишда ишлагани афзалроқ эди. Аммо Бишкекда бўлиб ўтган икки давлат Бош вазирлари учрашувидан сўнг “Қирғизистон ва Қозоғистон ягона энерготизимни сақлаб қолади ва бу йўналишда параллел равишда иш олиб боради” деган хулосага келинди. Бунинг учун, Бишкек учрашуви якунларига кўра, Қозоғистон қиш мавсумида Қирғизистон энерготизими учун кўмир ва мазут етказиб бериш масъулиятини тўла зиммасига олган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, “KEGOC” раҳбари Қанат Бўзумбаев Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиши қиш-куз мавсумида Қозоғистон, жумладан, мамлакат жанубига ҳеч қандай зарар етказмаслигини таъкидлади.

- Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиши Қозоғистон учун ҳеч қандай муаммо келтирмайди. Аввал биз шимолдан жанубга 530 мегаватт узатиш имконига эга бўлган бўлсак, ҳозир 1350 мВт гача узатишимиз мумкин. Жамбул ГРЭСи эса жанубий вилоятларнинг қолган 20 фоизини қоплайди, деди Қанат Бўзумбаев.

Аммо қозоғистонлик ҳамкасбидан фарқли равишда Қирғизистон энергокомпанияси бош директорининг ўринбосари Мурод Дурусалиев Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиши минтақанинг барча давлатлари учун катта муаммо яратишини айтиб ўтди.

- Ўзбекистоннинг параллел тизимдан чиқиши Қирғизистон билан бирга Қозоғистон ва Тожикистонга ҳам муаммо яратади. Бутун минтақа энерготизимининг ишончлилиги камаяди, деди Қирғизистон делегацияси раҳбари.

Қозоқ расмийларининг маълум қилишича, ўзбек томони Марказий Осиё ягона энерготизими бўйича ўтказилган мажлиснинг якунидаги матбуот анжуманида иштирок этишдан бош тортган.

- Ўзбекистон делегацияси раҳбари Раимов Рўзиқул Облақулович матбуот анжуманида иштирок этишни истамади ва бунга унинг ҳаққи бор, деди қозоқ делегацияси раҳбари Қанат Бўзумбаев.

Аммо матбуот анжуманидан сўнг ўзбек делегацияси раҳбари ўзининг матбуот анжуманидан бехабар қолганини айтди.Ўзбекистон делегациясининг ўз исми келтирилишини истамаган вакили Азия-Плюс агентлигига¸ Тошкентнинг ягона тизимдан чиқиш ниятида эмаслиги¸фақат бу тизимда қолиш учун ўз шартларини қўяëтганини билдирган.

Мазкур манбанинг айтишича¸ Ўзбекистон томони ҳозирга қадар Қирғизистонга бепул ўтказилаëтган электр энергияси учун пул тўланишини талаб қилмоқда.

Марказий Осиё ягона энерготизимига бағишланган матбуот анжуманида иштирок этган тожик делегацияси раҳбари, “Барқи тожик” компанияси директори Бахтиёр Сиддиқов эса анжуманда бирор-бир сўз айтмади.

Собиқ совет даврида яратилган минтақа энерготизими 83 электростанцияни қамраб олган бўлиб, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон энерготизимини бирлаштирган эди.

Ҳозирда кузатувчилар Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиши қўшни давлатлар энерготизимида узилишлар пайдо қилибгина қолмай, балки Марказий Осиё давлатлари интеграциясига ҳам салбий таъсир этиши мумкинлигини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG