Линклар

logo-print

Покистондаги жанггарилар яна фаоллашди


Пайшанба кунги кетма-кет ҳужумлар покистонликларни анча саросимага солиб қўйди.

Пайшанба кунги кетма-кет ҳужумлар покистонликларни анча саросимага солиб қўйди.

Пайшанба куни Покистоннинг яна икки шаҳри ҳужумга учради. Жанггариларнинг зўравонликларгни кучайтириш орқали ҳукумат Жанубий Вазиристонда ўтказишни режалаётган амалиётлар олдини олишга уринаëтгани айтилмоқда.

Покистоннинг Лаҳор ва Коҳат шаҳарларида маҳаллий полиция ва хавфсизлик кучлари идоралари жангарилар нишонига айланди.

15 октябр куни эрта тонгда бир гуруҳ жангарилар Лаҳор шаҳрида Федерал тергов агентлигининг маҳаллий биноси ва ҳарбийларнинг иккита ўқув марказига ҳужум қилди.

Маҳаллий расмийлар, ҳужум оқибатида жами 26 киши, жумладан, хавфсизлик кучларининг саккиз ходими, тўққиз жангари ва тинч аҳоли вакилларидан тўққиз киши нобуд бўлганини маълум қилдилар.

Лаҳор шаҳрида журналистлар билан учрашган Покистон армияси генерали Шафқат Аҳмад ҳужум қилган жангариларнинг барчаси ўлдирилганини билдирди:

-Лаҳордаги вазият хавфсизлик кучлари назорати остида. Мен ҳужум қилинган бино ичкарисида бўлдим ва у ерни кўздан кечирдим. Ҳозир қидирув ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бино ичкарисида беш террорчининг жасади бор. Улардан бир нечтаси ўзини портлатиб юборди. Қолганлари эса хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилди, деди Покистон армияси генерали.

Мамлакатнинг шимол-ғарбида эса худкуш шахс ўз машинасини маҳаллий полиция участкаси олдида портлатиб юборди. Оқибатда 11 киши нобуд бўлди.

Маълум бўлишича, Покистондаги “Ташрики толибон” ҳаракати мазкур ҳуружлар учун масъулиятни ўз зиммасига олган. Сўнгги ўн кун мобайнида Покистон бўйлаб содир этилган зўравонликларда 150дан ортиқ фуқаро нобуд бўлди.

Айни пайтда ҳукумат кучлари Афғонистон чегарасига яқин Жанубий Вазиристон минтақасида жангариларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётлар ўтказишга тараддуд кўрмоқда.

Бу минтақада маҳаллий ва хорижлик жангариларнинг асосий истеҳкомлари борлиги тахмин қилинади.

Жанубий Вазиристоннинг айрим қисми “Ташрики толибон” ҳаракати жангарилари назорати остида қолаётган сўнгги ҳуддудир. Жорий йил бошида ҳукумат кучлари Сват водийсига ўрнашиб олган жангариларга қаҳшатқич зарба бериб, уларни минтақадан сиқиб чиқарган эди.

Кузатувчилар фикрича, “Ташрики толибон” жангарилари минтақадаги Ал-Қоида ва Ўзбекистон исломий ҳаракати билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Покистонлик таҳлилчи Имтиаз Гул жангариларнинг фаоллашуви ортида турган мотивлар борасида мулоҳаза юритар экан мана бундай деди:

- Фикримча, биринчи навбатда жангарилар Жанубий Вазиристонда ҳарбий амалиёт ўтказишни режалаган хавфсизлик кучларини чалғитишни ўзига мақсад қилган кўринади. Иккинчидан улар шу вақтнинг ўзида минтақада яшовчи фуқароларни қўрқув ва ваҳимада ушлаб туришни истамоқдалар, дейди покистонлик таҳлилчи.

Гул фикрича, Кашмир минтақасида Ҳиндистон армиясига қарши курашган “Пунжаби толибон” жангарилари эндиликда Покистон хавфсизлик кучларига қарши курашиш мақсадида “Ташрики толибон” сафига келиб қўшилмоқда.

Покистонлик таҳлилчи, шунингдек, Покистонда экстеримзга қарши бораётган кураш ғалабаси учун Вазиристоннинг белгиловчи ҳудуд эканини айтади.

-Вазиристон муҳим минтақа, боиси Ўзбекистон исломий ҳаракати бошчилигидаги барча террорчилар тармоғи шу ерда жойлашган.
Улар даставвал Баётуллоҳ Маъсуд ва ҳозир Ҳакимуллоҳ Маъсуд ҳимоясида қолмоқдалар. Бу жангариларнинг барчаси Ал-Қоиданинг иккинчи одами Айман ал-Завоҳирийнинг ашаддий муридларидир, деди Имтиаз Гул.
XS
SM
MD
LG