Линклар

Сайлов-2009: Партиясизлар партияси

  • Сарвар Усмон

Агар бугун Ўзбекистондаги партиясизлар партияга уюшгудек бўлса¸ улар 15 миллионлик кучга айланиши мумкин.

Агар бугун Ўзбекистондаги партиясизлар партияга уюшгудек бўлса¸ улар 15 миллионлик кучга айланиши мумкин.

Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистон аҳолисининг 54 фоизи ишга яроқли, 7 фоизи ундан катта ёшда. Демак, ёшига кўра, қарийб 16 миллион ўзбекистонлик у ёки бу партия аъзоси бўлиши мумкин.

Сайлов тўғрисидаги жорий қонунларга кўра, вакиллик органлари депутатлигига номзодларни расмий қайддан ўтказилган тўртта партиягина кўрсатиши мумкин.

Тўрттала партия сафларида шу кунда 709 126 нафар аъзо бор.

Партияларнинг депутатликка партиясизлар номзодини кўрсатиш эҳтимоли нолга тенг дейиш мумкин.

Бас, шундай экан, 15 миллиондан зиёд партиясиз ўзбекистонлик Конституцияда белгилаб қўйилган сайланиш ҳуқуқидан мосуво бўлиб чиқади.

Аввало, жорий вазият - сайлов тўғрисида қонунларда белгилаб қўйилган меъёрларни эслайлик.

Бу ишда бизга сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ёрдам беради.

- Ўзбекистонда тўртта партия бор. “Тўртта партия умуман қониқтирмаса¸ жамият нима қилиши мумкин? Ўзининг мустақил номзодларини парламентга кирита оладими?” деган саволга ҳозирги қонунчилик бўйича биттагина “Умуман йўқ” деган жавоб бор¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Эслатиб ўтаман, бу меъёр 2008 йилнинг декабрида қабул қилиниб, жорий йил 1 июлида кучга кирган конституциявий ўзгартишларда белгилаб қўйилган.

Хўш, бу ўзгартишлар киритилгунича, тартиб қандай эди?

Яна Камолиддин Раббимов:

- Ундан олдин депутат бўлишнинг иккита йўли мавжуд эди. Биринчиси¸ сиëсий партиялар орқали депутат бўлиш мумкин эди¸ иккинчиси фуқароларнинг ташаббус гуруҳлари орқали депутат бўлиш мумкин эди¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Бу – 2008нинг декабригача – Конституцияга айтганимиз ўзгартишлар киритилиши арафасидаги ҳолат.

90-йиллар бошларида эса,

- Депутат бўлишнинг тўртта йўли мавжуд эди. Биринчиси¸ сиëсий партиялар томонидан¸ иккинчиси маҳаллий ҳокимият органлари¸ яъни туман¸ шаҳар халқ депутатлари кенгаши ҳам номзод кўрсата олар эди¸ учинчиси маҳалла институти бўлиб¸ ҳатто уларга ҳам мана шундай имконият берилган эди¸ тўртинчиси фуқароларнинг ташаббус гуруҳлари орқали. Бу қонунчиликда эди¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Демак, салкам 20 йил ичида депутатликка олиб борадиган нисбатан кенг йўл фақат расмий партиялар аъзолари юра оладиган тор сўқмоққа айлантирилди.

Хўш, “йўл кенг” даврларда расман тан олинган партияларга аъзо бўлмаганлар қонунда белгилаб қўйилган ҳуқуқларидан фойдаланганми?

Бу саволни аввало аҳолининг сиёсий фаол қатлами вакили, водийлик бир бирликчига бердик. Исмини айтмаслигимиз, овозини эшиттирмаслигимиз шарти билан у айтдики,

“90-йилларда “Бирлик” партияси 10 та сайлов округида ташаббус гуруҳлари тузиб парламентга ўз номзодларини кўрсатган. 10 номзоддан 2 нафари рўйхатга олинган. Бироқ улар ҳам "етарли имзо йиғолмаган", деган баҳона билан сайловга қўйилмаган”, деди водийлик бирликчи.

Ва бироздан сўнг 90-йиллар бошида “Бирлик” аъзоси агроном олим Садирали Умаров парламентга, партиянинг икки номзоди шаҳар, яна икки номзоди вилоят кенгашлари депутатлигига сайланганини эслади исмини айтмаслигимизни илтимос қилган водийлик бирликчи.

Маълумки, сайловлар, асосан, мактабларда ўтказилади. Ўқитувчилар ҳар қандай сайловнинг “қора ишчиси”.

Балки улар билар ташаббусчилар гуруҳи кўрсатган номзодларнинг кўп-оз бўлганини?

Исмини айтмаслигимизни сўраган наманганлик ўқитувчи бундай деди.

- Биз яшаëтган томонларда ташаббус гуруҳидан сайланипти¸ деганини эшитган эмасман. Буни қонундан олиб ташлаган тақдирда ҳам¸ олиб ташламаган тақдирда ҳам ҳеч қачон ташаббус гуруҳидан сайланмас эди. Номзодини қўйиб¸ рўйхатдан ўтиш жараëнигача борганларини кўрганмиз. Рўйхатдан ўтказилмаган улар. Республика миқëсида бўлганларни ҳам эшитганмиз¸ рўйхатга олинмаган. Охири қолиб кетган. Нималардандир хато топишган. Чиққан тақдирда ҳам бир нарсани гапириб уддасидан чиқиш ниҳоятда қийинлигини ўзингиз ҳам биласиз. Ташаббус гуруҳидан деб¸ олдин бирорта депутат ўзини кўрсатгани йўқ. На вилоят¸ на туман миқëсида бу нарсани кузатиб бўлмайди¸ дейди наманганлик ўқитувчи.

Наманганлик ўқитувчи, албатта, Марказий сайлов комиссияси аъзоси эмас - бутун республикада кечган жараёнларни тўлиқ билмайди.

Ташаббус гуруҳларидан сайланганлар ҳам бор. Масалан, маълумотларга қараганда, Ўзбекистон президентлигига экс-номзод Акмал Саидов парламентга мустақил номзод сифатида сайланган. Боз устига, 1999-2004 йилларда “Мустақил номзодларни қўллаб қувватлаш маркази”ни бошқариб турган.

Яна бир суҳбатдошимиз самарқандлик, ўзини Шерали ака, деб таништирган пенсионер.

Шерали ака: Туғилганимдан бери 72 ëшга кирдим. Бирор марта комсомолга¸ партияга кирган эмасман.

Озодлик: Сиз маҳалладанми¸ ўзингиз яшаб турган домданми "фалончани депутат қилмасак бўлмайди" дейдиганларга қўшилганмисиз¸ қўшилмаганмисиз?

Шерали ака: Йўқ¸ бизларда бунақа ташаббус гуруҳи бўлган ҳам эмас¸ ташкил қилинган эмас. Қаерда¸ кимни сайлаган бўлсалар¸ ўзларича сайлаган.

Озодлик: Нимага қўшилмайсиз?

Шерали ака: Чунки бизда унақа ташаббускорлар бўлмаган. “Фалончани сайлаяпмиз¸ депутат бўлаяпти” деган гапни эшитганимиз йўқ.

Озодлик: Нимага шу ташаббусни ўзингиз кўтармагансиз? Масалан¸ Алиев Валини депутат қилсак бўларди деб имкон бор пайтда нима учун ташаббус кўтармагансиз?

- Сабаби¸ булар пинҳона шаклда 5-10 киши бўлиб¸ ўзлари сайлашади¸ дейди самарқандлик пенсионер Шерали ака.

Лавҳа бошида “15 миллиондан зиёд партиясиз ўзбекистонлик Конституцияда белгилаб қўйилган сайланиш ҳуқуқидан мосуво бўлиб қолмоқда”, дедик.

Бас, сайланиш учун бирон-бир партия аъзоси бўлиш шарт экан, партиясизлар ўз партиясини тузиб олса бўлмайдими?

Бу саволни ўзини “Бирлик”нинг ҳам, “Эрк”нинг ҳам аъзоси ҳисоблайдиган, бу партияларнинг уюштирилиш жараёни иштирокчиси бўлган Дилором Исҳоқовага бердик.

Озодлик: Сиз сиëсий партиялар нималигини¸ сиëсий ҳаракатлар нималигини биласиз. Аҳолининг жуда катта қисми бўлган партиясизлар ўзларининг вакилларини сайлаш имконидан маҳрум бўлиб қолди. Сиз партиясизлар партияси деган битта партия тузмайсизми?

- Менга партиясизлар партияси деган партия тузишнинг кераги йўқ. Менимча¸ ҳеч кимга ҳозир бунинг кераги йўқ. Чунки партиясизлар партияси ҳам яна партия бўлади. У энди партиясизлар бўлмай қолади. Партия деган номни эшитганда¸ айниқса у мухолифат пария бўлиш эҳтимоли бўлса¸ одамлар жуда қўрқишади¸ қўрқиб қолишган¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Олий мажлис ва маҳаллий кенгашларга сайлов 27 декабрда бўлади.

Сайловолди кампанияси 22 сентябрда бошланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG