Линклар

Каримов яна бормади

  • Фаррух Юсуфий

Кеча Америкадан норози бўлган Ислом Каримовга бугун энди Россия ҳарбийлари бошқарувидаги Тезкор коллектив кучлар ёқмай қолди.

Кеча Америкадан норози бўлган Ислом Каримовга бугун энди Россия ҳарбийлари бошқарувидаги Тезкор коллектив кучлар ёқмай қолди.

Ислом Каримовнинг яна Россия етагидаги тузилмалардан ўзини олиб қочишга ўтгани¸ 15 октябр куни Тезкор коллектив кучларнинг Қозоғистонда бошланган илк машқлари аҳамиятига соя солмоқда.

Қозоғистоннинг Жамбул вилоятидаги “Матибулоқ” полигонида 15 октябр куни кечқурун бошланадиган тадбир Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти қошида янги тузилган Тезкор коллектив кучлар ўтказаётган биринчи ҳарбий машқларнинг асосий босқичи бўлади.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илёс Умаровнинг айтишича, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳарбий ўйинларни кузатгани келадиган президентлар орасида бўлмайди.

- Ўзбекистон иштироки ҳақида ҳамон ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз. Чунки улардан ҳеч қандай билдиришнома олганимиз йўқ. Шунинг учун Ўзбекистоннинг иштирок этишидан, иштирок этмасликлари аниқроқ бўлиб турибди, деди Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

15-16 октябр кунлари ўтказилаётган ҳарбий машқлар янги тузилган тезкор кучлар учун биринчи жиддий синов бўлади ва “Матибулоқ”қа тезкор кучлар тўғрисидаги келишувни имзолаган КХШТ раҳбарларининг барчаси келади. Ўзбекистондан ташқари келишувни Беларус ҳам имзоламаган. Лекин КХШТ котибиятидаги манбаларга кўра, Беларус президенти Александр Лукашенко Қозоғистонга келади ва ана шу ташрифи чоғида келишувга имзо қўяди.

Айни пайтда, Ўзбекистоннинг машқларда қатнашмаслигига қарамай, сценарийга кўра, Қозоғистонга йирик террорчи гуруҳ ҳужумини қайтариш ҳарбий ўйинларида Ўзбекистон қўшинларининг ҳам иштирок этиши кўзланган.

Бир томондан Ўзбекистоннинг КХШТ қошидаги тезкор кучларда иштирок этишни истамаётгани, бошқа томондан КХШТнинг Ўзбекистон қаршилигини писанд қилмаётгани¸ йўқ деганда ғалати, дейди россиялик журналист ва сиёсий шарҳловчи Владимир Соловьёв.

- КХШТ Ўзбекистоннинг истагига қарши уни машқларга қўшишига ҳаракат қилиб, нимага эришмоқчи бўлаётганини тушуниксиз. Мен бугун Қозоғистонга кетаяпман ва машқларни эртага олти давлат президентлари билан бирга кузатаман. Балким у ерда бу тушунарсиз ҳолга бирор изоҳ топарман. Чунки Тезкор коллектив кучлар жуда қаттиқ реклама қилинаётганига қарамасдан, унинг бошланиши¸ юмшоқ қилиб айтганда¸ қалтис бўлди. Эсингизда бўлса¸ июн ойидаги КХШТ саммитига Беларус раҳбари келмади, Ўзбекистон президенти келган бўлса ҳам, келишувни имзоламади. Ўшандан бери ҳамма нарса пайсалга солиб келинаяпти. Тезкор коллектив кучларнинг дебют машқларига яна Ўзбекистоннинг келмаётгани тузилма истиқболига раҳна солаётган асосий омиллардан биридир, дейди россиялик журналист.

Ўзбекистон кейинги пайтларда, нафақат КХШТ¸ балки Россия етакчилигидаги бошқа ташкилотлардан ҳам ўзини узоқлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Расмий Тошкент ўтган йили Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятидаги иштирокини вақтинча тўхтатди, бундан ташқари, президент Каримовнинг МДҲ саммитларида қатнашмаслиги ҳам анъанага айланмоқда. Бунда Ўзбекистоннинг Ғарб билан муносабатлари яқинлашгани сари, Россиядан узоқлашиш кўпроқ сезила бошламоқда.

Тошкентга келаётган кўплаб ғарблик сиёсатчилар шаънига айтилаётган қутлов сўзлари ҳам салмоқлашиб бормоқда.

"Булар ҳаммаси мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга қаратилган. Яқинда Ўзбекистонга нуфузли АҚШ делегациясининг келгани, Нью Йоркда Ташқи ишлар вазирларимизнинг учрашгани, яқиндагина жаноб Дэвид Петреуснинг Тошкентга келгани бунга ёрқин далилдир. Яна бир факт, биз яқинда Нью Йоркда Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар савдо палаталари ўртасида бўлиб ўтган учрашувлардан жуда мамнунмиз. Ана шу маънода сизнинг ташрифингиз ва ўзаро учрашувимиз мен учун катта рамзий маънога эга", дея қутлади президент Каримов душанба куни АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блэйкни.

Россиялик ҳарбий таҳлилчи Владимир Мухин Ўзбекистоннинг КХШТ ёки бошқа ташкилотларда иштирокига оид беқарор сиёсатини Ислом Каримов табиати билан изоҳлайди.

- Ислом Каримов ҳар доим ўзига хос сиёсати билан ажралиб келган. У бир пайтлар Америкадан норози эди, ҳозир унга Тезкор коллектив кучлар ёқмай қолди. Унинг ўз йўли бор ва давлат раҳбари сифатида унинг КХШТга қўшилиш, кейин ундан чиқишга ҳаққи бор, албатта. Бунга менимча, Ўзбекистонда кундан кунга кескинлашиб бораётган муаммолар сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон аҳолиси катта давлат, ҳозир иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда. Ўзбекистоннинг ярми Россия кўчаларда фаррошлик қилаётгани бунга мисолдир. Шу сабабдан у ана шу муаммоларни юмшатишга ёрдам бера оладиган йўлни танлайди, дейди ҳарбий таҳлилчи.

Айтиб ўтганимиздек, Қозоғистоннинг “Матибулоқ” полигонида ўтаётган машқлар КХШТнинг янги тезкор кучлари учун муҳим синов бўлади. Бу синов ўтиб бўлгунича эса, Тезкор коллектив кучлар Россия раҳбарияти учун ўз мушакларини намойиш қилишнинг бир воситаси бўлиб қолаверади.

- Ҳозирча Тезкор коллектив кучлар газеталар саҳифаларида шахдам қадам ташлаётган виртуал тузилма бўлиб қолмоқда. Яъни улар ҳақида кўп гапирилаяпти, кўп ёзилаяпти. Амалда эса, бу кучлар нимага қодир эканини эртага машқлар якунланганидан кейин кўрамиз. Ҳатто ўшанда ҳам кўп нарса мужмал бўлиб қолади. Чунки тезкор кучларни ишга солиш ҳақида қарорни КХШТ давлат раҳбарлари бир овоздан қабул қилиши керак. Лекин Ўзбекистоннинг бундай муносабати инобатга олинса¸ муросага эришиш мумкинлиги жуда шубҳалидир, дейди россиялик таниқли журналист ва таҳлилчи Владимир Соловьёв.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG