Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:37

Эркин микрофон - Бир чора замон борму?


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Озодликка Ўзбекистондан келган бугунги қўнғироқларда яна оддий одамлар пахта истибдодидан тортиб ижтимоий адолатсизликка қадар бўлган арзу-додларини тўкиб солдилар.

“Текин аравага нима етсин”

Фарғона вилоятининг Марғилон туманидан қўнғироқ қилган суҳбатдошимизнинг айтишича, у ўз шахсий микроавтобусида киракашлик қилади. Лекин шу кунларда уларга милиция ва йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари кун бермай қўйди. Ҳар куни ишга чиқиши билан улар милиция ва йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан тўхтатилиб, пахта теримига одамларни олиб бориш ва олиб келишга мажбурланаяпти. Агар "йўқ" дейишса¸ ҳайдовчилик гувоҳномаси тортиб олинаяпти.

- Шу десангиз, РАФ минаман-да, ака. Пахта-пахта деб денг¸ топганимизга бензин ëқиб¸ биров тушунмайди. Кимга нима дейишни билмаймиз. Эрта билан ишга чиқамиз¸ ушлаб олиб кетади. Ўзимизнинг чўнтагимиздан бензин қуйиб¸ у ëққа кетамиз. Соат 09.00 да чиқсак ҳам¸ 10.00 да чиқсак ҳам ушлаб кетаверади.

Озодлик: Сизлар йўловчи ташийсизлар-а? Машина хусусий-а?

- Ҳа¸ ўзимники.

Озодлик: Йўловчи ташишга патентингиз бор¸ ҳаммаси жойида-а?

- Ҳаммаси бор.

Озодлик: Ким ушлаб кетади? Милицияларми¸ ГАИларми?

- ГАИда.

Озодлик: Нима дейди тўхтатиб?

- Пахтага чиқасан¸ дейди. Машинага ўтириб олади. Бирга кетади. Олиб бориб¸ колоннага қўшиб юборади¸ кетаверасиз.

Озодлик: Пахтага одам ташийсизми?

- Ҳа. Пахтага одам олиб бориб ташлаб¸ ўша ерда ëтасиз. Теримчилар қайтиб чиққандан кейин олиб кетасиз. Ҳозиргина колоннадан келиб¸ энди уйга кетай, деб турувдим.

Озодлик: Бензин пули¸ харажатлар-чи?

- Бензинни ëнимдан қуяман. Ўша ерда ўзимнинг пулимга обедимни қиламан. Машина бузилиб қоладими¸ бошқа бўладими - ҳеч кимнинг иши бўлмайди.

Озодлик: "Бормайман¸ бу менинг машинам" деб айта олмайсизми?

- Айтганингиз билан документингизни олиб қўяди¸ бўлди. Ихтиëрий мажбурийда.

Озодлик: Ҳозир Марғилонда ҳамма хусусий киракашлар¸ РАФлар¸ Дамаслар шундайми?

- Ҳаммаси. Қўлга тушгани. Йўлда кетасиз¸ қўлга тушсангиз¸ кетаверасиз. 10.00 дан кейин чиқсангиз¸ колонна кетиб бўлган бўлади. Уч-тўрт рейс қилиб¸ уйингизга кетасиз.

Озодлик: Машинангизда йўловчингиз бўлса-чи?

- Тушириб юборади. Пиëда кетади. Одамларни тушириб юбориб¸ колоннага қўшиб юборади¸ дейди марғилонлик суҳбатдошимиз.


Пулдорлар фаровонлиги йили”

Фарғона вилояти Бувайда туманининг Қўнғирот қишлоқ фуқаролари йиғинига қарашли Қоратепа қишлоғидан қўнғироқ қилган навбатдаги суҳбатдошимиз йиллар давомида томорқа учун ер берилмаётгани, уч-тўрт келинли оилалар бир ҳовлида тиқилиб яшаётгани, пулдор бойваччаларнинг эса 30-40 сотихлаб ер олаётгани ҳақида куйиниб гапирди.

- Мана шу маҳалладаги 16 та хўжаликда иккита-учтадан келинлар битта хонадонда яшаяпти. Менинг ўзим ҳокимиятга уч марта документ қилиб келдим. Учта келин бир ерда ўтирибди. Беш сотих ер ололмаяпман. Нима учун? Сабаби нима шунинг? Нимага бермаяпти? Участкаларни 2000 йилда берган. Мана, тўққиз йилдан бери бергани йўқ.

Озодлик: Ҳокимиятга мурожаат қилдим¸ дедингиз. Нима деб жавоб беришаяпти?

- “Борамиз, биров фойдаланмайдиган жойлардан бўлса¸ берилади” дейди. Землямер дейдими¸ шундай бизнинг аризамизни чиқариб юборади. Уни етаклаб борсак¸ “Йўқ¸ бу ер мумкин эмас экан” дейди.

Масалан¸ бизнинг маҳалламизда Абдужаббор Қамбаров деган фермер бор. Мана шу йигит ҳозир 30 сотих ерни эгаллаб¸ чиройли қилиб уй солаяпти. Бу йигит болахонали қилиб¸ иморат қилаяпти. Нимага унга рухсат бор-у¸ бошқа халққа рухсат йўқ? Мен у боланинг пайини қирқиш учун гапираëтганим йўқ. Нимага фермерларга рухсат-у¸ оддий халққа рухсат эмас? Нима учун оддий халққа беш сотихдан бермайди, у йигитларга 30-40 сотихдан бериб қўяди? Қонун ҳаммага баравар дейди-ю¸ лекин ундай эмас, укажон.

30 сотихни беш сотихдан берадиган бўлса¸ олтита одам сиғади-ю. Ҳозир "замон кимники - пули борники" бўлиб кетди шекилли. 16 хўжаликда келинлар битта жойда ўтириб¸ жиққа мушт бўлаяпти. Ўшанинг биттасига иморат учун беш сотих ер берсин. Биттаси чиқиб кетса¸ инсоннинг қулоғи тинчийди-ю.

Озодлик: Бу йил Қишлоқ тараққиëти ва фаровонлиги йили-ку. Наҳотки сизларга шунинг учқуни¸ шабадаси етиб келмаган бўлса?

- Йўқ¸ Қишлоқ тараққиëти ва фаровонлиги йили деяпти-ку¸ шунга ҳайрон қолаяпмиз-да. Ҳозир пулдорлар фаровонлиги йили бўлиб кетаяпти. Кимга арз қилишимизни билмай қолдик. Нима қилишимизни ҳам билмай қолдик. Асаблар чарчаяпти. Областга¸ республикага ариза ëздик. Хатимиз ëтиб бормаяпти шекилли-да. Йўқ¸ жавоб йўқ.¸ дейди Фарғона вилояти Бувайда туманининг Қўнғирот қишлоқ фуқаролари йиғинига қарашли Қоратепа қишлоғидан қўнғироқ қилган суҳбатдошимиз.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

**********************************************

"Эркин микрофон " рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти маъсул эмас.
XS
SM
MD
LG