Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:37

Теҳрон субсидияларни қисқартирмоқчи


Эронда субсидияларни қисқартириш ҳақидаги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, таҳлилчиларга кўра, мамлакатда инфляцияни икки баробар ошириши баробарида аҳоли турмушини янада оғирлаштириши мумкин.
Эронда субсидияларни қисқартириш ҳақидаги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, таҳлилчиларга кўра, мамлакатда инфляцияни икки баробар ошириши баробарида аҳоли турмушини янада оғирлаштириши мумкин.

Эрон парламенти ёнилғи ва озиқ-овқат учун Эрон халқи баҳраманд бўлган субсидиялар ҳажмини келаси 5 йил давомида қисқартириш ҳақидаги ҳужжатни қабул қилишга тайёргарлик кўрмоқда.

Президент Маҳмуд Аҳмадийнажод бу энергия сарфланишини камайтириши ва молиявий ёрдам тенг тақсимланишига ёрдам беришини айтиб, ҳукумат режасини ҳимоя қилди.

Аммо бошқалар бу чорани Теҳрон ҳукуматининг чорасизлиги ўлароқ баҳоламоқда.

Теҳронда яшайдиган Лалиҳ исмли аёл ойига 450 минг туманга (тақрибан 450 АҚШ доллари – таҳр.) рўзғор юритади. Шу кунларда у энергия ва озиқ-овқат учун ҳукумат ажратаётган субсидияларни кескин қисқартириш борасида парламентда давом этаётган муҳокамаларни диққат билан кузатмоқда.

Турмуш ўртоғи билан ажрашган 47 яшар Лалеҳнинг бир фарзанди бор. У кун кўриши учун ҳукумат субсидиясига муҳтож эканини айтади.

- Ҳозир мен электр учун 20 минг туман (20,6 доллар – таҳр.) тўлайман. Агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, 60 минг туман (61,75 доллар – таҳр.) тўлашимга тўғри келади. Ҳамма нарса анча қиммат бўлади. Биз озиқ-овқат сотиб ололмай қоламиз. Ёнилғи, ҳамма нарса қиммат бўлади, дейди Лалиҳ.

Энергия ва озиқ-овқат учун ҳукумат субсидияларини қисқартириш ҳақидаги ҳужжат лойиҳасининг ҳамма бандлари парламент аъзолари томонидан қабул қилинганидан кейин қонун кучига кириши учун у Васийлар кенгаши тасдиқлаши керак бўлади.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод қимматга тушаётган субсидия тизими мамлакат ривожига халал бераётганини айтиб, 2008 йилда субсидияларни қисқартириш ташаббуси билан чиққан эди.

Расмий маълумотларга кўра, Эрон ҳукумати энергия, озиқ-овқат, жумладан, нон учун ажратаётган субсидия ҳажми йилига 100 миллиард долларни ташкил этмоқда. Эронлик сиёсатчилар эса президент ташаббусини қўллаб-қувватламоқда.

Бироқ эронлик кузатувчилар субсидиялар қисқариши Эрон халқи ғазабини қўзғаши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. 2007 йилда ҳукумат ёнилғига чеклов жорий қилганидан сўнг норози бўлган одамлар бир неча ёнилғи қуйиш шаҳобчаларини вайрон қилган эди.

- Мамлакат аҳолисининг ярми камбағалликда яшаётган, мамлакатда инфляция даражаси 20 – 30 фоизни ташкил этаётган бир пайтда одамлар сарф-харажатини ошира олмайсиз. Энергия масаласида бу жуда яхши фикр. Аммо буни одамлар кўтара оладиган пайтда амалга ошириш керак, дейди қароргоҳи Парижда жойлашган Халқаро тадқиқотлар Европа марказининг иқтисодиёт бўйича мутахассиси Шаҳин Фотимий Эронда субсидиялар қисқартирилиши ҳақида мулоҳаза билдираркан.

Янги қонун лойиҳаси танқидчилари бу камбағални қашшоққа айлантириши ҳақида огоҳлантирмоқда. Ислоҳотчи сиёсатчиларга яқин бўлган депутат Алириза Маҳжуб 11 октябр куни мазкур қонун лойиҳасининг камбағаллар ҳамда уларни қўллаб-қувватлайдиганлар учун огоҳлантириш эканини айтди.

2008 йилда муҳокамага қўйилганидан бери айрим иқтисодчилар янги қонун лойиҳасини танқид қилиб, бу чора инфляцияни икки баробар ошириши баробарида яшашни оғирлаштириши ҳақида огоҳлантирди.

Бироқ теҳронлик иқтисодчи Аҳмад Рашидий эронликлар автомобилга боғланиб қолгани учун нархларнинг ошиши ёнилғи сарфланишига таъсир этмайди, деб ҳисоблайди.

- Бизнес юритиш, болаларни мактабга олиб бориш ёки дам олишга бориш учун машина керак бўлган одамларга ёнилғи худди сув ва ҳаводек бўлиб қолган. Шу боис бунинг таъсири жуда кам бўлади, дейди Аҳмад Рашидий.

Барча танқидларга қарамай, Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод ўз ҳукумати субсидияларни қисқартириш қарорида сотиб эканини айтди.

- Бунга ўхшаш воқеалар бўлган. Масалан, атом масаласида. Ҳамма Эрон ядро қувватига эга бўлишини хоҳлади. Чунки бу тараққиёт, ғурур ва Эрон халқи учун имкониятдир. Аммо айнан ҳозирги ҳукумат бу ишни амалга ошириш мумкинлигига ишонди. Биз халқ кучига таяниб, ядро қувватига эга бўлдик, деди Эрон раҳбари.

Бироқ Лалиҳ, агар субсидияларни қисқартириш ҳақидаги янги қонун лойиҳасини амалга ошса, халқнинг президент Аҳмадийнажодга нисбатан норозилиги ортади, деган фикрда.
XS
SM
MD
LG