Линклар

logo-print

Журъат соғинчи

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекларнинг ўз жисму жонини босиб турган қўрқувни¸ полвон каби "˸пирим!" ҳайқириғи билан ўз ичидан сидириб ташлаш фурсати келмадимикин?

Ўзбекларнинг ўз жисму жонини босиб турган қўрқувни¸ полвон каби "˸пирим!" ҳайқириғи билан ўз ичидан сидириб ташлаш фурсати келмадимикин?

Кўпчилигимиз¸ болаликда эшитганимиз¸ ўқиганимиз эртаклар таъсирида¸ улғайсак қўрқмас ботир бўлишни орзу қилганмиз. Аммо болаликдан улғайиш босқичига ўтгач¸ кўпимизнинг бу орзуни хаëлларимизнинг аллақайси кўчаларида адаштирганимиз ҳам бор гап.

Озодлик Интернет саҳифасида мақолалар остига муштарийларнинг шарҳ қолдириш имкони ва “Эркин микрофон” рукни пайдо бўлгач, радиоэшиттиришларимиз тингловчилари ва интернет саҳифамиз муштарийлари сафининг анчагина кенглиги¸ уларнинг жамият турли қатламларига мансублиги ва улар билан ҳам виртуал, ҳам бевосита мулоқот қила олаётганимиздан биз “озодликчилар” хурсандчиликдан ҳали ҳам дўппимизни осмонга отаяпмиз.

Айниқса, ҳамкасблар орасида, “фалон мақола остига, ўзини фалон деб таништирган йигит жа ақлли гапларни ёзибди”, ёки “Қашқадарёдан телефон қилган фалончи ака жуда зўр гапларни гапирди-да” деган муҳокамалар кундалик гурунгга айланиб улгурди.

Бу “ақлли” ва “зўр” гаплар кейнги кунларда хаёлимни авваллари киришга ҳаракат қилганим, ҳатто кўп марта кириб ҳам кўрганим, лекин у ердан истаган ечимни топа олмаганим боис тезда тарк этишга ошиққаним кўчаларга етаклаяпти. Ўша мен истаган ечимни бу сафар ҳам топа олишимга тўла ишончим йўқ, лекин бу гал ҳеч бўлмаса ўйларимни қоғозга тушириб қўяй, дедим.

Бу хаёллар кўчасига ўзбекларнинг ҳур фикрлаш кўникмаси, ноҳақликка қарши овоз чиқариш журъати, ҳуррият, эркинлик, адолат, инсон ҳуқуқлари каби “ширин” сўзлар шунчаки конституцияни безаб тургувчи атамалар эмаслиги, балки улардан фойдаланса ҳам бўлади, деган сезгилар, Оллоҳ ўзбекларни ҳам бошқа халқлар каби ҳур ва эркин қилиб яратгани ҳақидаги билгилар олиб келиб ташланган. Аниқроғи¸ ташлаб юборилган. Тирикчилик қилиш, аниқроғи тирик қолиш учун шарт бўлмай қолган, балким халақит бера бошлаган бу “матоҳларни” кейинги 15 йил давомида бу боши берк кўчаларга олиб келиб ташлайверганларидан ҳаммаси уйқаш бўлиб ётгандай туюлади менга. Шунданми¸ уларнинг ичидан истаган нарсангизни топиш имкони йўқдай.

Лекин Озодлик радиоси жамоаси интернетдами, ё телефондами эшитаётган баъзи гаплардан ўзбекларнинг ҳаммаси ҳам ҳали ҳақсизликка қарши овозини чиқариш журъатини ўша менинг хаёлимдаги кўчаларга олиб келиб ташламаганидан ғурур ва севинч туйғуси пайдо бўлаëтир.

Масалан, шу кунларда Европа иттифоқи Ўзбекистонга қарши санкциялар масаласини ҳал қилади ва баъзи мухлисларимиз бу мавзуда “Ғарб учун демократия ҳам, инсон ҳуқуқлари ҳам бир пул, улар ўз манфаатини кўзлаб иш тутади” қабилидаги шарҳ қолдирмоқда.

Ёки пахта далаларида ўзбек болалари мажбуран ишлатилаётганига “Бу Каримов режимининг иши, ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди!”, деб ёзади бошқа муштариймиз. Ёки Ўзбекистонда яқинлашаётган парламент сайловларига оид мақола остида “Бизда партиялар бормикан, ҳаммаси Каримовнинг буюртмасига кўра ташкил қилинган сохта партияларку!” мазмундаги фикрларни кўриш мумкин.

Жураъатни қаранг!

Лекин...

Бу журъатнинг фақат радио ёки интернет борингки, уч-тўртта улфат тўплангандагина чиқадиган баҳсларда ўз ифодасини топиши кифоями?

Бу журъатни керакмас матоҳдай ирғитиб юборганлар бугун уни излаб, қайтариб олмаса¸ бирор тош жойидан жилармикин?

Ҳа, яқин кунлар ичида Европа иттифоқи Андижонда қирғин қилинганлар “шарафига” жорий қилинган ўта рамзий ва ўта самарасиз санкцияларнинг охиргисини бекор қилмоқчи- Лекин негадир бунга Европадаги фуқаровий ташкилотлари ва Ўзбекистондаги бир ҳовуч ҳуқуқ фаоллари қаршилик кўрсатмоқда¸ холос. Негадир бу санкцияларнинг бошиданоқ самарасиз бўлгани, тўрт йил аввал ҳали Андижон яраси “чандиқлашмай” туриб ўзекларни эмас¸ Европа жаоматчилигини кўпроқ ташвишга солди. Нега?

Ҳа, Ўзбекистон далаларида ёш болалар қулдай ишлатилаётганига қарамасдан (дарвоқеъ¸ уларнинг қулдай ишлатилаётгани ҳам кўпроқ ғарбликларни ташвишга солади), ўзбек пахтасига харидор топилаверади. Лекин негадир, бунга қарши яна бир ҳовуч ҳуқуқ фаоллари чиқади, Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонаси олдидаги норозилик тадбирини АҚШ ўқитувчилари уюшмаси ташкил қилади. Негадир унда қатнашган 50 дан ошиқ америкалик орасида биттагина ўзбек кўриниш беради. Негадир ўзбек ота-оналарининг ўзлари “Боламни ўз ихтиëрим билан пахтага чиқараман” деб тилхат ëзиб бераверади.

Ҳа, Ўзбекистонда сайловларни эркин ва адолатли, деб бўлмайди. Партияларнинг, ўзларини (президентга эмас) бир-бирига мухолиф деб эълон қилган бўлсада, эгиздай бир-бирига ўхшашлиги ҳам ҳақиқат. Лекин негадир, конституция беҳурмат қилиниб, президент қайта-қайта сайланишига фақатгина Юсуф Жума қаршилик қилишга журъат қила олади, ёки қувғиндаги бир ҳовуч мухолифатчилар сайловларнинг адолатсизлигидан гапиради. Негадир биз, ўзбеклар “Нега шундай?”, деб овоз чиқаришга журъатни топа олмаймиз. Нега?

Ўзбекистонда парламент сайловлари яқинлашаяпти, Озодлик радиоси телефонда гаплашишга муваффақ бўлган расмий партиялардан бирининг етакчиси негадир ўз партиясининг сайловга қандай ғоялар билан, қайси мазмундаги шиорлар билан кираётганини ҳам айтиб бера олмайди.Ëки яна бир партия вакили “Кечирасиз¸ мен сиёсатга аралашмайман”, дейди. Биз бундан куламиз, норози бўламиз, фақат радио орқали ёки улфатлар билан палов устида тўпланганда. Сайлов куни эса, маҳалла қўмитаси раиси бошчилигида сайлов участкасига бориб, “керакли” номзодга овоз бериб қайтамиз. Ичимизда қайсарроғи чиқиб қолса “Борганим билан нима ўзгаради”, деб овоз беришдан бош тортиш билан чекланади. Лекин негадир, биз овозимизни бераётган “халқ вакилидан” “сен кимсан, сенга билдирган ишончимизни нима билан оқлайсан, ғоянг қандай?”, деб сўрашни ўзимизга эп кўрмаймиз.

Юқорида тирик қолишга xалақит бериб қолган “ҳурлик ва эркинлик” менинг xаёлимдаги кўчага келтирила бошлагани кейинги 15 йилнинг воқелиги эканини ёзганимнинг боиси, шунчаки 15 йиллик даврни чамалаб мисол қилиб олганим йўқ.

90 -йиллар бошларида мен Тожикистондан Ўзбекистонга кўчиб келганимда, ҳуррият ва эркинлик унсурларини кўришга, улар эстираётган шаббодада эркаланишга улгарган эдим. Ўшанда ўзбеклар ҳақсизликка қарши овоз чиқара оларди, кўчада миллатдошининг ҳаққи топталаётганини кўрган ўзбек томошабин бўлиб ўтирмасди, ҳеч бўлмаса бунга қарши гапиришга журъат қила оларди. Ўзбеклар мамлакат парламентига ҳақиқий маънодаги мухолиф партияларини сайлашга жураът қила оларди.

Бир воқеа эсимда, мен ҳали Тожикистонда эдим, 90- йилнинг ёзи эди адашмасам, пойафзалимни тузатгани бир этикдўзнинг олдига кирдим. Этикдўз тожик йигити, менинг ўзбек эканимни кўриб, ҳозиргина радиодан эшитган бир хабарни менга айтиб берди. “Қара, Ўзбекистон парламенти ўзбек тилига давлат мақомини берди”, деб хурсанд бўлди у. Мен ҳам 15 ёшдаги, сиёсатдан анчайин йироқ ўспирин, ўзбеклигимдан хурсанд бўлиб кетдим. Тожик йигити, Ўзбекистон парламентини эмас, мени мақтагандай бўлиб туюлди ўшанда.

Ўшанда Ўзбекистондаги сиёсий жараён, ўзбеклар юритаётган жараён қўшни республикалар халқлари учун ўрнак эди.

Лекин 93-94 йиллардан бошлаб бу ҳуррият ва эркинлик биздан тортиб олина бошлади, тўғрироғи биз уни биздан тортиб олишларига рухсат бера бошладик. Қўйиб бердик.

Ўшандан кейин, турмушимизни ҳал этиши керак бўлган ҳокимиятга халқнинг тақдири қизиқтирмайдиган “халқ вакиллари” сайлана бошлади. Миллионлаб ўзбеклар Россия ва бошқа ўлкаларда мардикорликка кетиб, кўплари қуллика сотила бошлади ўшандан кейин. Бунга биз ўзбекларнинг ўзимиз йўл қўйиб бердик. Чунки тирик қолишга халақит бера бошлаган журъатимизни олиб бориб¸ боши берк кўчаларга ташлаб келдик. Ундан қолган юқ эса, фақат ўзаро суҳбатларда ҳаётдан шикоят қилишимизга етади¸ холос. Уни, журъатни унутмаганлар озчилик қолгани боис фикр ҳуррияти интернетдаги аноним шарҳлар ёки улфатлар орасида ўз ифодасини топмоқда¸ холос.

Хаёлимнинг мен кирган кўчаларида ўша жураътларнинг кўпи бир-бирининг устида уйқаш бўлиб ётибди, уларнинг орасидан мен истаган ечимни топа олмаяпман, балки бу ечим йўқдир бу кўчаларда. Фақат хаёлимдан¸ ўзбеклар воз кечилган журъатини қайтариб оладиган пайт келмадимикин, деган фикр, истак, хоҳиш ўтади¸ холос.

Бу ëзганларимни ўқиб, “Прагадаги иссиққина уйингда ўтириб, сенга ёзиш осон”, дегувчилар топилса¸ улар ҳам ҳақ. Ёзиш осон. Лекин ёзиш осонлигидан бу хаёлларга берилганим йўқ. Прагадаги иссиқ уйимда ўтириб, Ўзбекистонда газ ва свет йўқлигидан ўзбеклар совуқ қотаётганидан, ўн яшар укаларим ва сингилларимнинг пахта далаларида эртадан кечга қадар азоб чекаëтганидан, эрта-индин халқнинг дардидан бехабар “халқ вакиллари”нинг яна парламентга келиши муқаррар бўлиб турганидан қийналаётганимдан ёзаяпман буларни. Шундай давом этса, мен ҳам яқинда ўзимда қолган журъатни кўпчилик ўзбеклар олиб борган маконга кўмиб келишим мумкинлиги мени қўрқитиб юбораётганидан ёзаяпман. Бу гапларни айтиб олмасам, қийналиб кетаётганимдан ёзaяпман!

Худбинлигимни кечиринг!

Бир билгич дўстимнинг айтишича, бир пайтлар Пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) ҳали Оллоҳнинг Каломи нозил бўлмасидан анча аввал “Ҳилф ул-Фузул” деган бир жамоага аъзо бўлган эканлар. Дўстимнинг айтишича, бунинг таржимаси "Фозил кишилар жамоаси"дир ва бу жамоа Маккада ноҳақликка қарши курашган, хўрланганларни ҳимоя қилиш билан машғул бўлган экан. Орадан анча йиллар ўтгач, Пайғамбаримиз (САВ)га ваҳий келиб, Ислом Араб ярим орoлининг катта қисмида ўрнатилганидан кейин, у киши “Агар Ҳилф ул-Фузул” бугун ҳам бўлганида эди, уларга қўшилган бўлардим”, деган эканлар ўша кунларни соғиниб.

Сиз ҳам ҳақсизликка қарши овоз чиқариш жураътини соғинмадингизми?
XS
SM
MD
LG