Линклар

Туркия Исроилдан узоқлашмоқда


Туркия-Исроил ўртасидаги кескинликдан бири¸ Бош вазир Эрдўғоннинг Давос форуми чоғи президент Перес билан мубоҳасаси чоғида намоëн бўлган эди.

Туркия-Исроил ўртасидаги кескинликдан бири¸ Бош вазир Эрдўғоннинг Давос форуми чоғи президент Перес билан мубоҳасаси чоғида намоëн бўлган эди.

Анқара ҳукумати минтақадаги эски иттифоқчиси Исроилнинг ўз ҳудудида режаланган НАТО ҳарбий машқларида қатнашишини таъқиқлади.

Бу Туркия ташқи сиëсатида юз берган жиддий ўзгариш аломати ўлароқ кўрилмоқда.

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон пайшанба куни Исроил ҳарбий авиациясининг НАТО ҳарбий машқларида қатнашишига рухсат берилмаганини изоҳлай туриб¸ қарорнинг дипломатик омиллар ва жамоатчилик фикрига асосан қабул қилинганини таъкидлади.

- Ҳар бир сиëсий маъмурият ўз халқи талабларини инобатга олиш мажбурияти остидадир. Бу зарурат. Мен бу масалада халқим талабини рад эта олмайман¸ деди Анқара раҳбари.

НАТО нинг Туркия ҳудудларида ўтказилиши режаланган ҳарбий машқлари 12 октябр куни бошланиб¸ 23 октябрга қадар давом этиши лозим эди. Аммо Анқара Исроил ҳарбийларининг бу машқлардаги иштирокини тўхтатгач¸ АҚШ ва Италия бунга норозилик тариқасида машқларда қатнашишдан бош тортди ва машғулотлар номаълум муддатга кечиктирилди.

Бу воқеа¸ Туркия ва Исроил ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг кейинги йиллар давомида ëмонлашиб бораëтганидан берилган навбатдаги даракчи бўлди.

Таҳлилчиларга кўра¸ бу Туркия ташқи сиëсатида туб ўзгаришлар бошлангани ва Анқаранинг эндиликда Исроилнинг минтақадаги ягона иттифоқчиси ролидан Яқин Шарқдаги бошқа давлатлар билан яхшироқ ҳамкорликни афзал билаëтгани белгисидир.

Париждаги Халқаро муносабатлар бўйича Франция институтининг Туркия бўйича таҳлилчиси Дороти Шмид¸ айни пайтда бу воқеа Туркия сиëсатида қудратли рол ўйнаб келган ҳарбийларнинг ўз мақомини йўқота бошлагани аломати ҳамдир¸ деган фикрда.

- Ҳозирга келиб Туркия ўз қўшниларига янги миллий қиëфа билан кўриниш жараëнини бошлаган. Айни пайтда¸ мамлакат ичкарисида ҳам ҳокимият тизимлари ўртасидаги мувозанат ўзгармоқда. Бу¸ турк армиясининг ҳукуматга ўз сиëсий қарашларини ўтказиш салоҳиятининг заифлашаëтганини англатади. Менимча¸ Исроил билан муносабатларда кўрина бошлаган салбий бурилиш ортида¸ камида ана шу икки омил турибди¸ дейди франциялик таҳлилчи.

Туркия Исроил ҳарбийларининг НАТО машқларида қатнашишига рухсат бермагани ҳолда¸ Сурия билан қўшма машқлар ўтказишни режалаëтгани¸ таҳлилчининг бу фикрларига далилдек кўринади.

Аммо Кембридж университетининг Яқин Шарқ бўйича таҳлилчиси Жорж Жофф¸ ҳозирча бу борада аниқ фикр айтишга эрта деган фикрда. Бу таҳлилчига кўра¸ Исроил ҳарбий авиациясининг НАТО машқларида қатнашишига¸ айнан турк ҳарбийлари сўрови асосида рухсат берилмаган бўлиши мумкин.

Зотан¸ Туркия армиясига учувчисиз бошқариладиган жосуслик учқичлари етказиб бериш бўйича 140 миллион долларлик шартнома имзолаган Исроил мудофаа ширкати ўз мажбуриятини бажармаган. Жофф фикрича¸ турк ҳарбийлари айнан НАТО машқалари баҳонасида Исроил билан алоқаларни узишга қарор қилган бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG