Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:02

Баҳодир Чориев Қамашидаги уйидан чиқарилмаяпти


16 октябр куни эрталаб АҚШдан Тошкентга учиб келган “Бирдамлик” ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориевни пойтахт аэропортида Қашқадарё милицияси ходимлари қарши олган.

Бу ҳақда Озодликка мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова маълум қилди.

- Баҳодир Чориев учиб келган самолёт ўн минути кам бешда Тошкентга қўнди. Ҳамма чиқиб бўлди, аммо Баҳодир чиққани йўқ. Кейин унинг отаси, укалари у ёқ-бу ёққа югура бошлашди. Сўнг “бир соат-ярим соатда чиқади”, деб айтишди. Баҳодирни аэропорт милициясидан олиб чиқишганидан кейин билдикки, унга Ўзбекистон ОВИРи томонидан қўйиладиган “муҳр қалбаки”, дейишибди. Биз у билан беш минутча гаплашдик. Ундан Қашқадарёдан чиқмаслик ҳақида тилхат олишибди. Ундан ташқари, паспорти ва грин-картини олиб қўйишибди. Уни Қашқадарё рақамига эга қора Нексияда олиб кетишди. Баҳодирнинг отаси қон босими кўтарилиб кетган эди, шунга унда индамасдан, гўё бир йўловчи машинадек ўша машинада олиб кетишди уни Қашқадарёга, дейди Дилором Исҳоқова.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, аэропортда милиция ходимлари Баҳодир Чориевнинг ноутбуки ва фотоаппаратларини ҳам олиб қўйишган ва бу нарсаларни экспертизадан кейин қайтаришга ваъда беришган.

- Кечқурун улар Қашқадарёга етиб борганларидан кейин Чориевни тўғри уйига олиб боришибди – у ерда қариндошлари йиғилиб ўтирган эканлар. Кейин бир соат-бир ярим соатларда ҳуқуқ-тартибот идораларидан келишиб, Баҳодирни Қамашидаги уйига олиб кетишибди. Қамашида Баҳодирларнинг кичикроқ уйи бор экан, айтишларича, яқин 10 километр масофада ҳеч ким яшамас экан. Баҳодирни ўша уйга олиб бориб қўйишибди. Унинг орқасидан ота-онаси, синглиси, укалари боришибди. Ҳозир Қамашидаги уйни учта машина кузатиб турган экан. Бу дегани, Баҳодир Чориев уй қамоғида ўтирибди, дейди Дилором Исҳоқова.

Суҳбатдошимиз воқеаларнинг кейинги ривожидан хабари йўқлигини айтади.

Қашқадарёдаги мухолифат фаоллари ҳам “Бирдамлик” лидери Баҳодир Чориев билан алоқага чиқишнинг имкони бўлмаётгани ҳақида айтмоқдалар.

Шунингдек, Баҳодир Чориевнинг Шаҳрисабздаги уйи телефони гўшагини ҳам ҳеч ким кўтармаяпти.

31 октябр куни 40 ёшга тўладиган Баҳодир Чориев Тошкентга кетиш олдидан “Бирдамлик” ҳаракати сайти орқали ўзининг Ўзбекистонга қайтиши сабабларини очиқлаганди.

“... мен, ҳаракат етакчиси сифатида ,”Бирдамлик” ҳаракати аъзоларининг оғир кунларида, улар билан ёнма-ён туриб курашмоқни лозим топдим... Мени Ўзбекистонга қайтишга, юқорида айтиб ўтилган ниятимдан бошқа бирон омил мажбур этгани йўқ. Мен ўз ихтиёрим билан шу йўлни танладим. Бугун турли режа ва ниятлар билан Ватанга қайтиш арафасида турар эканман, расмийларнинг қайтишимга муносабати қандай бўлишини билмайман. Балки мени турли баҳоналар топиб, озодликдан маҳрум қилишар. Балки Ватан тупроғини ўпиб, ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олишга, ҳақ-хуқуқларим поймол этилмай, улардан фойдаланиб, қонун доирасида сиёсий фаолият олиб боришимга қаршилик бўлмас. 16 октябрь куни мени Тошкентга элтадиган самолёт чиптасини қўлда тутганча, мени Ўзбекистонга нафақат соғинч, етакчи сифатида сафдошлар олдидаги мажбурият ҳам чақираётганини англадим”, дейилади Баҳодир Чориевнинг “Бирдамлик” ҳаракати сайтида шу йилнинг 14 октябрида чоп этилган баёнотида.

Озодлик радиоси Баҳодир Чориев тақдири билан боғлиқ воқеалари ривожини кузатиб боради.
XS
SM
MD
LG