Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:09

Тожикистонда қариқизлар кўпаймоқда


Айрим тожикистонликларга кўра, турмушга чиқиши чўзилиб кетганлар орасида мамлакатнинг чекка ҳудудларида яшовчи қизлар кўпчиликни ташкил этади.
Айрим тожикистонликларга кўра, турмушга чиқиши чўзилиб кетганлар орасида мамлакатнинг чекка ҳудудларида яшовчи қизлар кўпчиликни ташкил этади.

Тожикистонда қизларнинг кеч турмушга чиқаётгани тожик жамиятида бугунги куннинг долзарб мавзуига айланган. Озодлик мухбири билан суҳбатлашган тожикистонликлар бунинг сабабларига тўхталдилар.

Оилада қиз туғилган кундан бошлаб ҳар бир она қизи бўй чўзиб, бир кун турмуш қуриши ва мустаҳкам оила барпо этиши орзусида унга келинлик саруполарини харид қилиш тараддудига тушиб қолади.

Қизга биринчи тилла зирак ёки бошқа шу каби тақинчоқлар, одатда, бўлғуси келинчакка унинг чақалоқлик пайтида сотиб олинади.

Ёши улуғ кишилар эса бўй етган қизга: “Худо бахтингни берсин, остонаси баланд жойга келинлик насиб этсин”, дея дуо ҳам беришади.

Тенгқурлари бирин-кетин турмуш қуриб кетаётган қизлар ажойиб кунларнинг бирида оқ от минган шаҳзода келиб, уни бахтли қилажагига ишониб яшайди.

Шундай орзуда яшаётган илк суҳбатдошимиз Насибахон 24 ёшда.

- Менинг обрў билан куёвга тегишим менинггина эмас, балки бутун бошли оиламиз, ота-онам, акаларимнинг ҳам орзуси. Бир кун келиб мен ҳам умр йўлдошимни учратиб, келинлик либосида отам дуони олиб, бахт уйига киришимга ишонаман, дейди Насибахон.

Аммо, афсуски, баъзи ҳолларда йўл пойлатган ёки узоқ куттирган шаҳзода келмай ҳам қолиши мумкин. Йўлга кўз тиккан келинчак эса умрини кутиш билан ўтказиши ҳам мумкин. Тожик жамиятида сўнгги пайтларда, халқона ибора билан айтганда, ”қариқизлар” сони кўпайгандан кўпайиб бормоқда.

Хўш, тожикистонликлар учун неча ёшдаги қиз “қари қиз” ҳисобланади?

- 21 ёшдаёқ қари қиз ҳисобланади. Мана, жиянимни яқинда эрга беришди 35 ёшдаги болага. Тенги йўқ - келмайди ҳеч ким, дейди ўзини Ҳафиза деб таништирган суҳбатдошимиз.

Хўш, қизнинг “ўтириб қолиши”га асосий сабаб нима?

- Мамлакатимиздаги урушларда (1992-97 йилларда Тожикистонда содир бўлган ички низоларни назарда тутаяпти - таҳр.) ҳамма ёш йигитларимизни қириб, ўлдириб ташлашди. Ундан кейин аксарият ёшлар Россияга чиқиб кетишди, кўпи қайтиб келмади, ўша ёқда уйли- жойли бўлиб кетишди, дейди душанбелик отахон.

- Характери яхши бўлмаса, олишмайди. Қизларимиз бор - онасига гап қайтаради, дейди душанбелик Гулсуной опа бунга бошқа бир сабабни кўрсатар экан.

- Кўпинча тоғли жойларда яшайдиган оилалар қизлари қолиб кетади. У ёққа бирорта техника транспорт бормайди, уларни ҳеч ким кўрмайди, дейди Қўрғонтепа вилоятида яшовчи Марям опа.

Аммо Турсунзода туманида яшовчи Садоратхон ая бунинг сабабини тожик жамиятида ўғил болаларга нисбатан қизларнинг сон жиҳатдан кўплиги ва туғилиш бир неча бараварга ошгани, боз устига, замонавий йигитлар ўзидан 8, баъзида 10 ёш кичик қизларга уйланишни афзал билишлари қари қизлар сонининг ортаётганида, деб изоҳлайди.

Сабабларидан қатъий назар, бўй етган қизнинг ўз бахтини топиб кетмаётгани тожикистонлик ота-оналарнинг ташвишига ташвиш қўшаётибди.

- Қўшнимнинг қизларига совчи келди, лекин у: “ҳали шароитим етарли эмас”, деб совчиларни ортга қайтарди. Ҳозир 25, 27 ва 30 ёшлардаги учта қизи қолди, онаси бўлса шуларнинг қайғусида ўлиб кетди, дейди Турсунзода туманида яшовчи Зарина опа.

Шаҳринавлик Ҳомиджон ака ҳам 24 ёшли қизининг бахти чопмаётгани ўзи ва оиласи учун катта қайғу эканини айтиб хўрсинади:

- Икки-уч марта келишди, қайтиб келишмади, билмасам, нега келишмади. Онаси қайғуриб, қон босими ошиб ётибди, дейди Ҳомиджон ака .

Айтиш жоизки, Тожикистондаги кўпчилик оилалар қизларнинг эртароқ куёвга чиқишини унинг ўқиб маълумотли бўлиши масаласидан-да устун қўяди. “Қиз нима-ю, ўқиб-ишлаб нима бўларди?” қабилидаги сўзларни кўпчилик ота-оналардан эшитиш мумкин.

- Она учун энг асосий нарса қизининг бахти. Бизлар хоҳлаймизки, қизларимиз вақтида эрга тегса, бола-чақали бўлса, уй-жойи бўлса, дейди Душанбе маҳаллаларидан бирида учратганимиз онахон.
Аммо қизларнинг эрта турмуш қуришига қарши ота-оналар ҳам йўқ эмас. Душанбелик Ҳилол опа қизларни ёш пайтида куёвга узатишни тавсия қилмаслигини айтади:

- Чунки рўзғорни эплаб кетиши қийин, азоб тортади, қийналади, тушунмайди-да бировнинг рўзғорини. “Ўтирган қиз ўрнини топади”. Шунинг учун “қизим қолди” деб қайғурмасалар ҳам бўлади.

“Умуман, қиз бола неча ёшда турмуш қуриши керак?” деб сўраймиз кўпни кўрган Орзигул аядан.

- Менинг фикримча, кўз очиб, дунёни кўриши, маълумотли бўлиши ва оила юритишни билиши керак. Ана ундан кейин чиқса бўлади турмушга. Менинг ўзим ҳам 23 ёшда дипломли бўлиб эрга тегдим, бола-чақа, невараларим бор. Қирққа кирган қизларимиз бор - ўрни топилаяпти. Ўзимнинг қайнисинглим, масалан, 40 ёшга кирди, хотини аразлаб кетган бир кишига тегди, мана, бинойидек турмуш қуришиб яшашаяпти, ўғилчалик бўлишди, дейди Орзугул ая.

Аснода тожикистонлик тиб мутахассислари 30 ёшдан кейин турмуш қуриб, фарзандлик бўлган жувонларнинг ҳомиладорлик жараёни оғир кечаётгани ва баъзида туғруқ пайтида фожеалар содир бўлаётганини қайд этиб келадилар.
XS
SM
MD
LG