Линклар

“Чой ва туздан камчилигимиз йўқ!”

  • Сарвар Усмон

Озодлик суҳбатдошларининг айтишича, аксар ўзбекистонликлар озиқ-овқат маҳсулотларини супермаркетлардан эмас, егулик нисбатан арзонроқ бўлган бозорлардан харид қилади.

Озодлик суҳбатдошларининг айтишича, аксар ўзбекистонликлар озиқ-овқат маҳсулотларини супермаркетлардан эмас, егулик нисбатан арзонроқ бўлган бозорлардан харид қилади.

БМТ Озиқ-овқат агентлиги тарқатган маълумотларга қараганда, шу кунда дунё бўйлаб 1 миллиард одам кун бўйи оч юради, оч ётади, тонгни бир бурда нон умидида кутади. Хўш, ўша 1 миллиард ичига ўзбекистонликлар ҳам кирадими?

-Ака, илтимос, бугун нима еганингизни айтсангиз?

-Ие, нима қиласиз буни? Нима учун нима еганимни сизга айтишим керак? Кимсиз ўзи?

-Боя айтдимку, мухбирман деб?!

-Э, боринг-е, мухбирман, деб ҳамма нарсани сўровраркан-да!

(Муҳтамал суҳбатдан)


Бўлажак файласуфларнинг бошланғич мактабида “ейиш учун яшайдиларми ёки яшаш учун ейдиларми?” деган савол жавоби изланади.

Потенциал файласуфларнинг прогрессивлари, одатда, “яшаш учун ейдилар”, деган жавобни танлайдилар.

Емак ва ичмакдан “вообше” воз кечворадиган файласуфлар ҳам бўладики, уларнинг баъзилари таркидунё қилиб, бочкага кирволадилар, ўра қазиб, ичига тушволадилар.

Тарихда мисоллар кўп бунга.

Файласуфлар Инсониятнинг кичик қисми.

Катта қисми фалсафий масалалар устида бош қотириб ўтирмайди. Айниқса, емак-ичмак билан боғлиқ масалаларда. Чунки “бўш қоп тик турмайди”.

Қопни эса ҳар нарса билан тўлдириб қўйиш мумкин: хашак билан ҳам, тилло билан ҳам.

Бугун ўша “қоп”нинг ичиндакилар ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Бу мавзуга қўл урганимиз боиси бор, албатта.

БМТ Озиқ-овқат агентлиги тарқатган маълумотларга қараганда, шу кунда дунё бўйлаб 1 миллиард одам кун бўйи оч юради, оч ётади, тонгни бир бурда нон умидида кутади.

“Ўзбекистонда очлик, қаҳатчилик йўқ. Ўша бир миллиарднинг ичида ўзбекистонлик йўқ”.

Бу бугунги эшиттиримиз уч меҳмонидан иккисининг фикри.

Биринчи меҳмонимиз наманганлик пенсионер Расул ака Абдумажидов.

Озодлик: Сиз яшаëтган жойда шунақа оч қолаëтганлар борми йўқми?

- Ҳозир йўқ. Оч қолаëтгани йўқ. Чунки нон бор¸ буғдой етиштиришиб¸ бошқа қилиб¸ биров қурт сотади¸ биров писта сотади, дегандай одамларни сиëсатдан ҳам четлатиб¸ бутун қорни учун тирикчилик қиладиган қилиб қўйишди¸ дейди Расул ака Абдумажидов.

Иккинчи меҳмонимиз фарғоналик ҳунарманд.

- Бугун нон топса¸ эртага нонга пули йўқ одамлар атрофимизда кўп - нимага йўқ бўлсин? Ойликларни вақтида бермаса¸ вақтида нарсасини ололмаса¸ албатта оч қолади бу оилалар.

Озодлик: Шунақа оч қолаëтган оилалар борми?

- Бор атрофимизда¸ дейди фарғоналик ҳунарманд.

Фарғоналик ҳунарманд билан тошкентлик тадбиркор йигит ғойибона баҳсга киришади:

- Европанинг энг ривожланган шаҳарларида ëки АҚШ нинг энг ривожланган жойларида оч яшаëтганлар¸ вақтида овқатланмаëтганлар бўлиши мумкин¸ дейди тошкентлик тадбиркор йигит.

Бу меҳмонимизнинг фикрича, Ўзбекистонда ҳам оч қолаётганлар бўлиши мумкин, лекин бу ижтимоий муаммо даражасига кўтарилган ҳодиса эмас.

- Беш йил олдин бу саволни берганингизда¸ "бор" дейишим мумкин эди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон шароитида очлик ижтимоий даражадаги муаммо дейиш тўғри келмаса керак. Чунки¸ кўз юмиб бўлмайди¸ Ўзбекистон шароитида ривожланиш бор. Содда тил билан айтганда¸ қимирлаган пул топиб, қорнини тўйғазса бўлади ҳозир¸ дейди тошкентлик тадбиркор йигит.

Яхши гап. Яхши хабар.

Шундай қилиб, эшиттиришимизнинг биринчи қисми якунига етди.

Демак, Ўзбекистонда қаҳатчилик йўқ. Ҳамманинг қорни тўқ. Бас, шундай экан, энди турмуш даражаси, таъбир жоиз бўлса, дастурхон сифати, тўғрисида гапирса бўлаверади.

Мавзуни ёритиш учун ўзбекистонликларнинг топиш-тутишига қараб уч хил қатлами вакиллари билан батафсил суҳбатлар қурдик.

Уччала суҳбатдошимизга ҳам бир хил саволларни бердик.

Биринчи суҳбатдошимиз наманганганлик Расул ака Абдумажидов пенсионер зиёлилардан.

Озодлик: Сизнинг оилангизда битта қозонга қараган нечта одам бор?

Расул ака Абдумажидов: Иккита¸ учта¸ тўртта¸ бешта эканмиз ҳозир.

Озодлик: Демак¸ беш киши битта қозонда овқат ейди-а?

Расул ака Абдумажидов: Шундай.

Озодлик: Беш кишилик шу оилада неча киши ишлаб уйга пул олиб киради?

Расул ака Абдумажидов: Мен пенсионер. Ўғлим ишлайди. Келин ишламайди. Иккита невара. Ўғлим сув оқовада ишлайди. Ишининг¸ ойлик-пойлигининг тайини йўқ.

Озодлик: Мана, ўғлингиз сув оқовада ишлар экан. Тайини йўқ бўлса ҳам ойига қанчадир пул тўғри келар? Сизнинг пенсиянгизни қўшиб ҳисоблаганда¸ оилага ўртача неча пул киради?

- 250 минг киради. Бунга невараларнинг пули ҳам киради. (Ҳуштак чалиб) Ҳайдавор¸ югур¸ чоп-чоп¸ узумзорга келди¸ дейди Расул ака Абдумажидов.

Узумга олақанотлар галаси ҳужум қилганга ўхшайди, Расул ака невараларини унинг мудофаасига сафарбар қилди.

Муҳим стратегик топшириқ берилгач, Расул ака гапни келган жойидан улаб, деди:

Расул ака Абдумажидов: Шунинг ҳисобига 250 минг келади.

Озодлик: Шу пулнинг қанча қисми фақат озиқ-овқатга кетади?

Расул ака Абдумажидов: 200 минг эмас-ку¸ 180 минги озиқ-овқатга кетади. Коммунал тўловлар бор.

Озодлик: Йўқ¸ озиқ-овқат масаласи.

Расул ака Абдумажидов: Ҳа¸ 180 минги кетади.

Озодлик: Саволимни беадабликка йўймайсиз. Шу 180 минглик бир ойлик дастурхоннинг сифатини айтиб беринг.

Расул ака Абдумажидов: Ҳозир айтаман: чой¸ туз¸ ëғ¸ оқ қанддан камчилигимиз йўқ. Гўшт масаласи сал чатоқроқ. Бошқа истеъмол моллари чатоқроқ. Мева-чева ўзимидан тарвуз-қовун олиб турамиз¸ сабзи-пиëз дегандай. Основной 180 минг овқатга кетади. Энди битта нарса: медицина нормасига етмаймиз-да.

Озодлик: Медицина нормасини алоҳида гаплашамиз. Гўшт масаласи чатоқроқ, дедингиз. Чатоқроқ деган нарса резинкадай чўзилувчан нарса-да. Беш киши бир ойда неча кило гўшт ейди?

Расул ака Абдумажидов: Беш киши бир ойда тўрт кило гўшт еймиз.

Озодлик: Мана, сиз ҳозиргина медицина нормалари деяëтган эдингиз. Дастурхонингизнинг сифатини айтдингиз. Энди ўша нормаларни эсланг-да¸ дастурхонингизни ўша нормаларга чоғиштириб кўринг.

Расул ака Абдумажидов: У нормаларга биз ета олмаймиз. Мен ҳозир маҳаллада ўртаҳол ҳисобланаман. Яъни 180 минг сўмлик озиқ-овқат истеъмол қиламиз. Медицина нормаси бўйича 180 минг ҳеч қачон етмайди. Айниқса¸ гўшт¸ сут каби чорвачилик маҳсулотлари нархининг баландлиги бунга имкон бермайди. Основной нон¸ гуруч¸ ëғ дегандай нималар билан чегараланиб қоламиз. Масалан¸ беш кишига бир ҳафтага бир кило гўшт ниҳоятда озлик қилади. Чунки медицина нормаси бўйича ҳар бир киши 150 грамм гўшт ейиши керак.
Озодлик: Бир кунда.

Расул ака Абдумажидов: Бир кунда. Катта одамлар эса 200 грамм. Брежнев пайтида менинг диссертациямда озиқ-овқат программаси бўлган. Бутун бир областларникини ҳисоблаб чиққанман. Шунинг учун бу нарсаларни мен яхши биламан.

Озодлик: Сизнинг оилангизнинг турмуши кейинги 12 ой ичида яхши томонга ўзгардими¸ ëмон томонга ўзгардими? Турмуш сифати¸ дастурхон сифати.

Расул ака Абдумажидов: Дастурхон сифати кейинги 12 ой ичида ҳеч қандай ўзгаришсиз келаяпти. Ўтган йили мен қурилишда ишлашга мажбур бўлдим. Чунки аëлим касал эди. Унга медицина хизмати жуда ҳам қимматга тушди. Қурилишда ишлашга мажбур бўлдим.

Озодлик: Қурилишда нима иш қилдингиз?

- Кичкинагина бир объектига раҳбар бўлдим. Шунда пенсиям медицинага кетди¸ ойлигим ейишга кетди дегандай¸ дейди Расул ака Абдумажидов.

Кейинги суҳбатни бошлашдан олдин Расул ака айтган баъзи рақамларни эслайлик.

Оқсоқолнинг оиласидаги 5 киши ойига 250 минг сўмга яшайди. Бу пул долларнинг реал курси – бозор курсида тахминан 140 доллар бўлади. Киши бошига ойига 28 доллардан. Бу - киши бошига кунига салкам 1 доллар дегани.

Буни ёддан чиқармай туринг.

Иккинчи суҳбатдошимиз Фарғонадан. Исмини айтмаслигимизни сўраган бу суҳбатдошимиз оддий ҳунарманд.

Озодлик: Сизнинг қозонингизда нечта одам бор?

- Ҳозир 10-12 та одам бор. Уч киши ишлайди, холос.

Озодлик: Худди шуни сўрамоқчи эдим. Битта қозондан овқат ейдиган 12 киши бор¸ уч киши ишлайди. Бир ойда оилага ўртача қанча пул киради?

- Уч одам ишласак¸ бир ойда ўртача 230-240 минг ойлик киради.

Озодлик: Ҳаммаси бўлиб 230 минг-а?

- 250 минг ойлик киради.

Озодлик: Шу пулларнинг ҳаммаси Ўзбекистонда ишлаб топиладими ë четда ҳам биров борми?

- Шу ердан ўзимиз топиб еяëтган нонимиз бу. Россия-поссияда ишлайдиган ҳеч ким йўқ.

Озодлик: Хафа бўлмайсиз. Мавзу ўзи шунақа. Дастурхонингизга ҳам қарашимизга тўғри келади. Дастурхонингизнинг сифати ҳақида нималар айта оласиз?

- Дастурхон сифати ҳақида айтганда¸ болалар ейдиган нарсани олиб беришга кўп ҳам имконимиз бўлмай қолади. Масалан¸ ҳар кун эрталаб болаларимизни сливочний масло суртилган нон¸ тўртта оқ қанд билан таъминлай олмаймиз. Бу ерда уларнинг кийим-кечаги бор¸ мактаб ўқув қуроллари бор.

Озодлик: 12 киши бор¸ 250 минг пул киради, дедингиз. Шу 250 мингнинг қанча қисми озиқ-овқатга кетади?

- Бир ойда салкам 200 минг кетади. Майда-чуйда нарсалардан ташқари. Энди ўзимизни ушлаб¸ баъзан гўштсиз ҳам овқат еймиз¸ гўштли ҳам бўлади. Ўрта ҳисобда 200 минг пул кетади.

Озодлик: Оила билан уйдан ташқарида¸ ресторан деймизми¸ кафе деймизми¸ умуман, уйдан ташқарида¸ охирги марта қачон овқатлангансизлар?

- Кечирасиз¸ мен мана шу йиллар мобайнида оиламни бирор бир кафега ëки ресторанга таклиф қилган эмасман. Ҳамма нарса шароитдан келиб чиқадида¸ дейди фарғоналик ҳунарманд.

Яна баъзи рақамлар: фарғоналик ҳунарманднинг оиласида 12 киши бор. Оила ойига 250 минг сўм топади. Бу пул долларнинг реал курси – бозор курсида тахминан 140 доллар бўлади. Киши бошига ойига салкам 12 доллардан. Бу - киши бошига кунига 40 центдан дегани.

Навбатдаги суҳбатдошимиз ўзбекистонликларнинг ўзига тўқ қатламидан. Исмини айтмаслигимиз шарти билан саволларимизга жавоб берган бу йигитнинг хусусий фирмаси бор.

Озодлик: Сизнинг оилангизда битта қозонга нечта одам қарайди?

- Бизнинг оилада битта қозонга¸ фақат ўзимизнинг оилани назарда тутадиган бўлсак¸ тўртта одам. Лекин камдан-кам ҳолларда тўртта одам бўлади. Ҳар доим кўп бўлади. Меҳмон ëки ака-укалар йиғилиб қолган бўламиз. Ўрта ҳисобда ҳисобласа¸ ҳар кун олтита одам бор, деса бўлади.

Озодлик: Нечта одам ишлайди?

- Икки киши ишлаймиз. Асосий ишловчи менман. Турмуш ўртоғим менга ëрдам беради. Ўзимизда хусусий фирма бор. Фирманинг ишларини юритишда ëрдам беради.

Озодлик: Бир ойда оилага ўртача неча пул киради?

- Тахминан 200-300 минг кириши мумкин. Шунақа ойлар бўлади 700-800 минг¸ бир миллионгача бориб қолиши мумкин. Ўрта ҳисобда 400-600 минг атрофида дегани бу.

Озодлик: Шу пулнинг қанчаси фақат озиқ-овқатга кетади?

- Бу фақат бизда эмас¸ бутун Ўзбекистонда кузатилаëтган нарса - топилаëтган пулнинг аксарият қисми озиқ-овқатга кетади. Дейлик, ойда 2-3 миллион топадиганлар машина учун ëки мебел учун йиғиши мумкин. Ўрта ҳисобда 500-600 минг топадиган оилалар учун бемалол 60-70 фоизи озиқ-овқатга кетади, деб айтса бўлади.

Озодлик: Сизнинг оилангизда конкрет қанча фоизи кетади?

- Масалан¸ 500 минг топадиган бўлсам¸ шунинг 300 минги озиқ-овқат учун кетади.

Озодлик: Дастурхонингизнинг сифати ҳақида нима дея оласиз? Кундалик дастурхонда нималар бор?

- Бизнинг дастурхонда супермаркетларда қадоқлаб сотиладиган нарсалар жуда кўп бўлмайди. Асосан, деҳқон бозордан олиб келинадиган¸ ўзимизда тайëрланган нарсалар. Масалан¸ картошка¸ пиëз олиб келиниб¸ овқат қилинади. Европа ëки бошқа давлатларга қиëс қилиб оладиган бўлсак¸ полуфабрикат ëки тайëр озиқ-овқат маҳсулотларини ишлатиш жуда кам. Фоиз ҳисобида 10-15 фоиз бўлиши мумкин.

Бошқа томондан олиб қаралса¸ аксарият ҳамма нарса¸ егулик ўзимизда тайëрланади. Қиш учун банкалар¸ бошқалар ўзимизда тайëрланади. Озиқ-овқат маҳсулотларидан полиз маҳсулотлари хомлигича сотиб олинади. Гўштни биз қассобдан сотиб оламиз. Ҳафтасига бир-икки кило¸ боринг, уч кило гўшт ишлатилиши мумкин.

Фабрикатлардан ëки полуфабрикатлардан фойдаланиш аксарият Ўзбекистон аҳолиси учун узоқроқ бўлган нарса. Шаҳарда ҳозир тайëр чучвара сотиб олиш¸ тайëр қадоқланган овқатлар олиш кўпаяяпти. Ресторан¸ ошхоналардан буюртма асосида олдириш жуда камдан-кам. Аҳоли нисбатига ҳисобласа¸ бунақа оилалар бир фоиз ҳам чиқмаса керак.

Озодлик: Гўштни алоҳида сўрамоқчи эдим. Қисман жавоб бердингиз. Бир ойда ўртача неча кило гўшт ейсизлар?

- Ойга эмас, ҳафтага қилиб айтишим мумкин. Икки-уч кило гўшт кетади бизда. Бу нарса сал ортиши мумкин. Меҳмон келганда кўпроқ кетади. Ҳар ҳолда икки килодан кам бўлмаса керак.

Озодлик: Оила аъзоларингизни охирги марта ресторанга қачон таклиф қилгансиз?

- Оила аъзоларимни охирги марта ресторанга рўза пайтида таклиф қилганман. Сентябр ойининг бошларида парк айланишга чиқиб¸ қайтишда¸ бизларда энди кўпроқ кафеда ўтирганмиз.

Озодлик: Кафеда ўтиришингиз бир ойда бир мартага тўғри келадими?

- Йўқ. байрам муносабати билан¸ қанақадир тадбир муносабати билан бўлиб қолмаса¸ сабабсиз ўтириш нол десам ҳам бўлади.

Озодлик: Бу шунақа одат йўқлигиданми¸ эринчоқлигингизданми ëки пулга бориб тақаладими?

- Одат йўқлигидан эмас. Фақат менинг ўзимга қиëс қилиб оладиган бўлсак¸ вақт йўқлигидан. Чунки бизда иш. Ишга кўпроқ бериламиз. Дам олишни ҳам иложи борича оилада ўтказамиз. Бу аксарият ўзбек оиласи учун хос нарса. Кўпроқ уйда дам олиш хоҳланади. Бизда ҳам шунақа. Қандайдир тадбир¸ байрам ëки сабаб бўлиб ўшанда чиқиб айланиш мумкин. Бошқа пайтларда бошқа оилаларда ҳам шунақа бўлса керак.

Озодлик: Сиз ўзингизни бой йигит деб ҳисоблайсизми?

- Бу нисбий нарса. Мен ҳозир Ўзбекистон шароитида ўзимни бой ҳисоблашим учун тагимда машинам бўлиши керак¸ яхши ремонт қилинган уй бўлиши керак ва ҳоказо. Машинам бўлмаса-да, мен ўзимни камбағал деб ҳам ҳисобламайман. Ўзимиз учун етарли. Орттирсак¸ унга-бунга бериб ҳам турамиз. Ўртаҳол оилалар қаторига кирамиз¸ дейди Тошкентда яшайдиган, хусусий фирмаси бор йигит.

Яна ҳисоб-китоб: суҳбатдошимизнинг оиласи 4 кишидан иборат. “Уйда кўп вақт меҳмон бўлади, шунинг учун 6 кишилик оила, десак ҳам бўлаверади” деган гапини – ўша икки меҳмонни инобатга олмадик.

Оилага ойига 500 минг сўм киради. Бу пул долларнинг реал курси – бозор курсида тахминан 280 доллар бўлақолсин.

Киши бошига 70 доллардан. Бу - киши бошига кунига 2 доллардан сал кўпроқ пул дегани.

Халқаро меъёрларга кўра, тирикчилиги учун кунига 2 доллар сарфлашга қурби етмайдиганлар қашшоқлар ҳисобланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG