Линклар

logo-print

Хўжандда кинофестивал иш бошлади


Хужандда ўтаётган фестивалда аёллар ҳақ-ҳуқуқларининг топталишига бағишланган филмлар ҳам намойиш қилинади.

Хужандда ўтаётган фестивалда аёллар ҳақ-ҳуқуқларининг топталишига бағишланган филмлар ҳам намойиш қилинади.

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида 3-Халқаро ҳужжатли фильмлар фестивали бўлиб ўтмоқда. Одам савдоси, инсон ҳуқуқлари муаммолари фестивалга олиб келинган филмларнинг асосий мавзуси бўлиб бўлиб ҳисобланади.

“Сорос-Қирғизистон” жамғармасининг Маданият ва санъат бўйича Марказий Осиё тармоғи вакили Алмақан Найзабекованинг айтишича, Хўжандда 20 та ҳужжатли филм намойиш қилинади.

- Аввало шуни айтишим керакки, Марказий Осиёда мазкур фестивал илк бор Озодлик радиоси мухбири Жанил Читирбаева тайёрлаган лойиҳа асосида ўтказилган эди. Мана учинчи йилдирки, Қирғизистонда ана шундай фестивал ўтказилмоқда. Ниҳоят фестивал Қирғизистон чегарасидан чиқди ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида биринчи марта Тожикистонда ўтказилмоқда. Келгусида бошқа қўшни давлатларда ҳам фестивал ўтказиш режалаштирилган. Фестивалдан энг асосий мақсад эса жамоатчилик эътиборини яна бир бор инсон ҳуқуқлари муаммоларига қаратиш ва одамларнинг ҳуқуқий маърифатини оширишдир, дейди Алмақан Найзабекова.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, қирғизистонлик режиссёрлар Фурқат Турсунов ва Гавҳар Сидиқовалар тақдим этган “Дераза” филмида балоғат ёшига етмаган Бақит ва унинг укаси оғир меҳнат эвазига касалманд ота-онасини боқишига оид лавҳалар ҳаётий мисолларда кўрсатилган. Лекин ҳаётнинг бу аччиқ ҳақиқатини Марказий Осиёдаги ҳар бир республикада кузатиш мумкин.

Найзабекованинг сўзларига кўра, ташкилотчилар Ўзбекистон ва Туркманистонда бундай фестиваллар ўтказишда қийинчиликларга дуч келган. Бу, биринчи навбатда, мазкур давлатларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муаммоси билан боғлиқ. Шунинг учун ҳозирча бу мамлакатларда фестивал қачон ўтказилиши аниқ эмас.

Ҳужжатли филмлар фестивали жюриси аъзоси, тожикистонлик санъатшунос Наим Ҳакимовнинг айтишича, Хўжандда бошланган фестивалда Америка, Буюк Британия, Хитой, шунингдек, Марказий Осиё республикалари режиссёрлари тайёрлаган филмлар намойиш этилади. Филмлар асосан инсон ҳуқуқлари, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, табиатни муҳофаза этиш муаммоларига бағишланган.

Наим Ҳакимовнинг сўзларига кўра, фестивал иштирокчилари орасида Ўзбекистон ва Туркманистон кино санъати вакиллари йўқ. Туркманистондан умуман жавоб келмаган. Ўзбекистондан эса фестивалда Умида Аҳмедова ва Олег Карпов “Аёллар ва эркаклар: бокиралик даври” филми билан иштирок этиши лозим эди.

- Бироқ ўзбекистонликлар бизга номаълум бўлган қандайдир сабабларга кўра фестивалга келишмади, дейди Наим Ҳакимов.

Кузатувчиларнинг айтишларича, нафақат Тожикистонда, балки собиқ иттифоқ давлатларининг деярли барчасида инсон ҳуқуқлари масаласи долзарблигича қолмоқда. Одамлар ўзларининг оддий ҳуқуқларини билмайдилар, демак, ўзларини ҳимоя ҳам қила олмайдилар. Айни пайтда бу мавзуда филмлар жуда кам яратилади. “Бунинг сабаби нимада?” деган саволимизга санъатшунос Раъно Бобожонова жавоб берди:

- Биринчи сабаби шундаки, жамиятдаги бор иллатни очиқ-ойдин кўрсатишга юқоридан руҳсат берилмайди. Иккинчидан, инсон ҳуқуқлари масаласига оид филмлар бозорталаб эмас. Бундай филмларнинг харидорлари кам. Шунинг учун ҳам бизнинг режиссерларимиз бугунги кунда мода бўлиб қолган “кўпик” филмларни яратиш билан банд, дейди санъатшунос.

Фестивал иштирокчиларининг сўзларига кўра, жамиятда содир бўлаётган бундай иллатлар бадиий филм эмас, балки айнан ҳужжатли филмлар орқали, ҳаётий мисоллар орқали намойиш қилинса, унинг таъсирчанлиги янада ортади.

Фестивал Хўжандда уч кун давом этади.
XS
SM
MD
LG