Линклар

Жаҳон банки Ўзбекистонга қарз беради


Жаҳон банки Ўзбекистонга мактаб ислоҳотини давом этдириши учун қарз бераяпти.

Жаҳон банки Ўзбекистонга мактаб ислоҳотини давом этдириши учун қарз бераяпти.

Жаҳон банки ва Ўзбекистон ҳукумати ҳафта якунида мамлакат ўрта таълим тизими ислоҳоти учун 28 миллион доллар ажратилиши тўғрисидаги шартномани имзолади. Бу борада Ўзбекистондаги бир қатор интернет нашрлар хабар тарқатди.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси тарқатган маълумотда айтилишича, 28 миллион доллар миқдоридаги қарз мактабларни ислоҳ қилишнинг иккинчи босқичини амалга ошириш учун сарфланади. Аниқроқ айтганда, бу маблағ ҳисобига мактабларга замонавий ўқитиш услуби киритилади, ўрта мактаблар ва мактабгача тарбия муассасалари ўқув ва услубий материаллар билан таъминланади.

Ўзбекистонга бериладиган қарз Халқаро тараққиёт ассоциациясининг заҳираларидан ажратилган.

2007 йилнинг январь ойида Жаҳон банки мазкур лойиҳанинг биринчи босқичини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистонга 15 миллион доллар миқдорида қарз берган эди.

Мактабларни ислоҳ қилиш лойиҳасининг умумий миқдори 60 миллион долларга баробар бўлиб, у Ўзбекистоннинг етти вилоятидаги 1500 та қишлоқ мактабини қамраб олади. Бу лойиҳа 2014 йилнинг март ойигача давом этади.

Газета uz нашрининг хабар беришича, Жаҳон банки 2008 йил июлида 2008-2010 йиллар мобайнида Ўзбекистонга моддий кўмак кўрсатиш стратегиясини тасдиқлаган эди. Бу стратегияга асосан Ўзбекистонга 300 миллион доллар миқдорида молиявий кўмак кўрсатилиши мумкин.

1995 йилдан бери Жаҳон банки Ўзбекистонга 14 лойиҳани амалга ошириш учун 750 миллион доллар миқдорида қарз берган.
XS
SM
MD
LG