Линклар

Сўғдда ЎИҲ аъзолари суд қилинди


Тожикистонда Тоҳир Йўлдош издошларига нисбатан маҳкама жараёнлари тез - тез бўлиб турибди.

Тожикистонда Тоҳир Йўлдош издошларига нисбатан маҳкама жараёнлари тез - тез бўлиб турибди.

Сўғд вилоят махкамасида Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларига нисбатан ўтказилган суд жараёни устидан суд ниҳоясига етди. Ҳаракат раҳбарларидан бири сифатида айбланган Анвар Қаюмов умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Сўғд вилоят суди ҳаками Дадажон Гадойбоевнинг айтишича, Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларига нисбатан маҳкама жараёни қарийиб икки ой давом этган.

Маҳкамада судланувчи Анвар Қаюмов Исфара туманида яширин ташкилот раҳбари экани, қолган беш судланувчи эса бу ташкилот аъзолари экани исботланган.

- Маҳкама ҳукмига биноан Ўзбекистон исломий ҳаракатининг раҳбарларидан бири сифатида кўрилган Анвар Қаюмов умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Абдумўбин Турсунов, ака-ука Мусайямхўжа ва Мукаррамхўжа Шариповлар 11 йил, Сайфуллохўжа Охунов 9 йил ва Саидхўжа Юнусов 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди,- деди маҳкамага раислик қилган Дадажон Гадойбоев.

Маҳкама раиси сўзларига кўра, Анвар Қаюмов 1998 йилдан бери Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Исфара шаҳар бўлими раҳбари сифатида фаолият олиб борганига иқрор бўлган. Шу йиллар давомида Анвар Қаюмов бошлиқ гуруҳ 8 нафар милиция ходимини ўлдирган ва яна уч киши жонига қасд қилган. Бундан ташқари Анвар Қаюмов ташкил этган жиноий гуруҳ аъзолари минтақадаги раҳбар шахслар, депутатлар, милиция вакилларига қуролли ҳужум уюштириш, қотиллик каби жиноятларда ҳам айбланган.

Дадажон Гадойбоевнинг айтишича, Суд жараёнида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг яна икки нафар аъзоси борлиги аниқланган. Айни замонда бу икки нафар исфаралик ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан қидирилмоқда. Тергов манфаатларидан келиб чиққан ҳолда уларнинг исми ошкор этилмаётир.

Анвар Қаюмов 2008 йил декабр ойида қўшни Афғонистоннинг Кобул шахрида ҳибсга олинган эди. Аслида Исфара туманида туғилган Анвар Қаюмов Тожикистонда Холид,Усто ва Профессор лақаблари билан яширин фаолият олиб борган. Кейинчалик Анвар Қаюмов Афғонистонга ўтиб кетган.


Судланувчиларнинг қариндошлари эса яқинларининг Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқадор эмасликларини айтадилар:

- Ўғлим Москва шаҳридан мардикорликдан келган эди. 2008 йил 5 октябр куни уйимизга 15 милиция вакили бостириб келди.

“Тинчликми?” деб сўрасам, “Тинчлик бўлганда уйингизга тинтув қилгани келармиди”, дейишди. Уйимизни ағдар - тўнтар қилиб ташлашди. Ҳеч нарса топишолмади.

Ўғлимнинг қўлига кишан солиб олиб кетишди. Уни Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоси дея айблашмоқда. Бу ҳаммаси ёлғон, фарзандим ҳеч қандай гуруҳга аъзо бўлмаган, - дейди судланувчи Абдумўбин Турсуновнинг онаси.

Қайд этиш жоизки, Сўғд вилоят судида ўтказилган маҳкама мажлисларида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг аъзолари деб гумон қилинган шахсларнинг аксарият қисми ўз айбларига иқрор бўлмаган.

Айни пайтда Ўзбекистон исломий ҳаракатининг фаол аъзоси сифатида айбланаётган яна бир тожикистонлик устидан тергов ишлари тугаган ва унга нисбатан маҳкама жараёни бошланиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG