Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:14

Исфарада ўлдирилганлар ким?


Тожик милициясига кўра, Исфара туманида жисмонан йўқ қилинган шахсларнинг барчаси Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларидир.
Тожик милициясига кўра, Исфара туманида жисмонан йўқ қилинган шахсларнинг барчаси Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларидир.

Тожик милициясига кўра, ўтказилган махсус амалиёт пайтида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг тўрт аъзоси жисмонан йўқ қилинган. Бироқ маҳаллий аҳоли уларнинг террорчи бўлганига шубҳа билдирмоқдалар.

Сўғд вилоят Исфара шаҳар Ички ишлар бўлими зобити Содирхон Икромовнинг айтишича, қуролли гуруҳни қўлга олиш амалиёти 18 октябр куни кечки соат 8 да бошланган.

- Террорчилар яширинган бино Исфара шаҳар марказидаги Колхозчи кўчасида жойлашган экан. Аҳолига зарар етмаслиги учун улар вақтида эвакуация қилинди. Шундан кейин қуролланган шахслар билан мулоқот олиб борилди ва таслим бўлишлари таклиф қилинди.

Бироқ улар автоматлардан ўт очишди. Шундан кейин бинога ҳужум қилинди. Бир соат давомида террорчилар нобуд қилинди. Бир жиноятчи қўлга олинди. Улар яширинган уйда саккиз киши бўлганлиги тахмин қилинмоқда.

Икки томонлама отишма пайтида жиноятчиларнинг тўрт нафари қочишга муваффақ бўлган.Уларни қидириш ишлари давом этмоқда, деди Содирхон Икромов.

Милиция мулозимига кўра, террорчилар яширинган уйда учта Калашников автомати, битта Калашников пулемëти ва ўқ-дорилар топилган.

Жисмонан йўқ қилинганлар орасида¸ айтилишича¸ жорий йил сентябр ойида Исфара шаҳар Ички ишлар бўлими Жиноят қидирув бўлинмаси раҳбарини ўлдирганликда гумон қилинган шахс ҳам бор.

Содирхон Икромов йўқ қилинган қуролли гуруҳ аъзоларининг ҳаммаси Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқадор эканини, улар муқаддам вилоятда содир этилган қатор қотилликларда гумонланганини айтди.

Вилоят прокуратураси мазкур воқеа бўйича жиноий иш очган.

- Мазкур амалиёт вилоят Ички ишлар бошқармаси ва Миллий хавфсизлик қўмитаси вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилди. Мазкур воқеа юзасидан Тожикистон Жиноий кодексининг бандитизм ва жиноий гуруҳ тузиш моддалари бўйича жиноят иши очилган, деди вилоят прокурори Хайрулло Саидов.

Маҳаллий таҳлилчи Бобожон Икромовга кўра, Исфарадаги воқеаларни айнан Ўзбекистон исломий ҳаракати билан бевосита боғлаш ноўриндир.

- Бу воқеаларда кўпроқ тоғли Исфара туманига Афғонистондан олиб келинаётган ноқонуний наркотик моддалар сабаб, десак хато бўлмайди. Чунки бунга асосли далиллар бор. Зеро Исфара учта давлат - Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан чегарадош. Бу жой яширин фаолият олиб бориш ва ғойиб булиш учун жуда қулай, дейди Бобожон Икромов.

Исфара туманида яшовчи мустақил кузатувчи Баҳрулло Олимов ҳам бу ҳудудда Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқадор гуруҳлар мавжудлигига шубҳа билан қарайди:

- Ўзингиз ўйлаб кўринг, милиция вакиллари охирги пайтда фақат Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзларини қўлга олаяпти. Бу ерда Ўзбекистон исломий ҳаракати нима қилади?

Назаримда¸ Исфарада милиция ва криминал гуруҳлар ўртасида можаро кетмоқда.

Илгари одамлар ўзларини эркин ҳис қилиб, эркин юришарди. Ҳозир эса милиция вакилини кўрса қўрқадиган бўлиб қолган. Чунки милиция вакилларига ҳаддан ташқари ваколат бериб қўйилган, дейди Баҳрулло Олимов.

Айтиб ўтиш жоизки, сўнгги икки йил мобайнида Сўғд вилоят судида Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда айбланганларга нисбатан ўндан зиёд маҳкама жараёни бўлиб ўтди. Лекин суд мажлисларида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг аъзолари деб гумон қилинган шахслар ўз айбларига иқрор бўлмадилар.

-Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда айбланиб суд қилинган йигитларнинг ҳаммаси маҳкама жараёнида бу ҳаракатга умуман алоқаси йўқлигини айтдилар. Улар қийноқларга солинган.

Судда улар электр токига қўйилгани, беаёв калтакланганлари ҳақида гапириб бердилар. Уларнинг Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзолигини тасдиқловчи бирорта гувоҳ ҳам келтирилмади, дейди судланганларнинг яқинларидан бири.

Биргина Сўғд вилоятида 30 дан ортиқ киши Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолигида айбланиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

Куни кеча Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолигида гумонланган яна бир тожикистонлик устидан тергов тугатилиб, унинг иши ҳам маҳкамага оширилган.
XS
SM
MD
LG