Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:57

4.Типратикон


"Mенинг салтанатимда типратиконларнинг ҳам шиша ичида яшагани бехатарроқдир"¸ деб ғудранди юртменбоши.
"Mенинг салтанатимда типратиконларнинг ҳам шиша ичида яшагани бехатарроқдир"¸ деб ғудранди юртменбоши.

Оқшом чоғи боғимда сайр этиб юрган эдим. Йўлак ёнидаги гулзордан шитир-шитир товуш эшитилди. Соқчи-поқчи писиб ўтирган бўлса керак¸ деб ўйладим.

Ортимга қарамасдан қадамимни секинлатдим. Бояги товуш такрорланди. Илкис ортимга бурилдим. Қарасам, типратикон боласи йўлкани кесиб ўтяпти. Жадал юриб устига бордим, у ғужанак бўлиб олди. Ерда ётган ғоз тухумидек бир нарсага тикилиб турганимни кўриб адьютантим югуриб ёнимга келди.

-Тузламадан бўшаган шиша банка келтир, - дедим.

Дарҳол банка келтирди. Типратикон боласини банкага солдим. Уни адьютантимга кўтартириб қароргоҳга қайтдим. Адьютантимга рухсат бериб, хобхонамга кирдим. Банка уч литрлик эди, боя ғужанак бўлиб ётган типратиконча пўстинидан аста тумшуқчасини чиқарди. Хавф-хатар йўқлигига ишонч ҳосил қилди шекилли, аста қаддини тиклади ва банка бўйлаб сайр эта бошлади.

Шишага тумшуқчасини қадаб ҳидлаб-ҳидлаб қўяди, сўнг яна сайр этади. Бир пайт столга тирсакларимни тираб уни томоша қилаётганимни кўриб қолди: кўзмунчоқдек кўзларини афт-ангоримга қадаб, ажабланганича тикилиб тураверди. Мен ҳолатимни ўзгартирмадим. Бир-биримизга узоқ тикилдик. Охири ман ошхона томон йўл олдим. Пичоқ билан битта олма келтирдим.

Адашмасам, “Алифбе” китобида ништарларига олма санчиб олган типратиконнинг орқасидан болалари эргашиб кетаётган ҳолат тасвирланган эди. Демак, типратикон олма еса керак деб ўйладим. Қизил олманинг пўчоғини арчиб, сўнг тўғраб-тўғраб банкага ташладим. Турпи қўлимда қолди. Олма турпига қурт тушган экан. Қуртини кўриб негадир: “Севги ҳам олмага тушган қуртга ўхшайди”, деб пичирладим. Токи қурт пўстни тешиб чиқмагунча олманинг ичида нима борлигини ҳеч ким билмайди. Сир ошкор бўлган пайтда қурт олманинг энг ширин жойларини еб адо қилган бўлади; энди олманинг ўзидан кўра ўша қурт ширинроқ бўлиб қолса керак.

Айтишларича, Олой бозорига ташриф буюрган япон тадбиркорлари қуртлаган олмаларни танлаб-танлаб харид қилишар экан. Негаки, қурт фақат ширин олмаларга тушар эмиш. Эҳтимол, севги ҳам фақат ширин юраклардан паноҳ топар... Типратикон боласи олма тўғрамларини ҳидлаб кўрди, олд оёқчалари орасига олиб кемираётгандек ҳам бўлди. Бироқ, олмага тиши ўтмадими ёки ейишни истамадими, ишқилиб, яна банка бўйлаб сайр этишга киришди.

Янглишмасам, жонажон коммунистик партиямизнинг ХХ съездида сўзлаган нутқида Никита Хрушчёв: “Биз Хитойнинг иштонига типратикон қўйиб юборамиз”, деган эди. Яъни, атом бомбаси билан ён қўшнимизнинг эс-ҳушини жойига келтириб қўямиз деб пўписа қилади. Шундан сўнг ўзаро алоқаларимизга совуқчилик тушади. Мавзолейдан Иосиф Сталиннинг мўмиёланган жасади чиқариб ташлангач, чегаралар тақа-тақ ёпилади. Сталин жасади Компартиянинг хусусий мулки, уни нима қилишни Марказқўм ҳал этади, ички ишларимизга аралашманглар деб Мао Цзе Дунни ишонтиргунча Хрушчёвнинг она сути оғзидан келади... Халқаро масалалар жабҳасига ўйлаб қадам босиш керак. Типратиконни халқаро масалаларга аралаштирмаган маъқул.

Энди типратиконни нима қилсам экан? Уни тутишга тутиб олдим-у, лекин нима қилиш мумкинлиги тўғрисида бош қотирмаган эканман. Хўш, уни нима қилиш мумкин?.. Оббо, бу ёғи ғирт бошоғриғи бўлди-ку!

Лоп этиб яқинда ҳаж ибодатини адо этиб қайтган битта дўстим эсимга тушиб қолди. Бўлди, топдим – эврика! Типратиконни ҳожи дўстимга совға қиламан, хурсанд бўлади. Охирги марта кўришганимизда: “Эрмак учун тошбақа боқмоқчиман”, деган эди. Тавба, ўша гапи эсимда қолибди. Бошқа гаплари паққос ёдимдан кўтарилиб кетган. Шунақаси ҳам бўлар экан-да! Ҳозир тошбақалар қишки уйқуга ҳозирлик кўраётган бўлса керак. Уларни фақат инидан топиш мумкин. Тошбақанинг қаерга ин қуришини ким билади дейсиз. Шу масалада зоолог олимлардан маслаҳат сўрасам: “Ие, юртменбоши оддий ҳақиқатни ҳам билмас экан-ку!” деб ҳиринг-ҳиринг қилишади. Яхшиси, эзма олимларга сир бой бермаганим дуруст. Бир марта сир бой бериб қўйсам борми, кейин бошимга чиқиб олишади. Мен бу халқни яхши биламан.

Қисталоқнинг исми нимайди-я! Тилимнинг учида турибди-ю, лекин ҳеч эсимга келмаяпти: тарихий шахс номини эслатармиди ёки пайғамбарларимиздан бирортасининг шарафига қўйилганмиди? Ҳойнаҳой, ё тўнғич, ёки охирзамон пайғамбарининг исми билан аталар эди. Нима бало, хотирам сустлашиб қолдимикан? Наҳотки қариётган бўлсам?!.

Стол остига ўрнатилган тугмачани босиб адьютантимни чақирдим.

-Эрталабгача яқинда ҳажга бориб келган ошнамни топиб қўйгин, - дедим.

-Хўп бўлади, - деб честь бериб чиқиб кетди адьютантим.

Занғар-ей, “қайси ҳожини?” деб сўрамади-я! Ишқилиб, эрталаб уч ярим мингта ҳожини қароргоҳ майдонига қаторлаштириб қўймаса гўргайди.
XS
SM
MD
LG