Линклар

Пахтага чиқмаган ўқишдан ҳайдалади

  • Фаррух Юсуфий

Ўқишдан ҳайдалишни истамаган талаба ëшлар айни кунларда "ўз билимларини кузги дала амалиëти" орқали ошириш билан машғуллар.

Ўқишдан ҳайдалишни истамаган талаба ëшлар айни кунларда "ўз билимларини кузги дала амалиëти" орқали ошириш билан машғуллар.

Ўзбекистонда пахтага чиқишдан бош тортган талабаларнинг ўқишдан ҳайдалиши янги гап эмас. Лекин авваллари бундай ҳайдалиш қонунларга унчалик мос келмаган бўлса, жорий мавсумда бу қонунийлаштирилди.

- "2009 йил сентябр. 204-324 сонли талабалар кузги дала амалиëтини ташкил этиш тўғрисида буйруқ". Ана шу ерда бир гап бор. Мен ҳозир сизга айтаман. Дала амалиëтини ташкил этиш ҳақидаги йўриқнома ишлаб чиқилқан. Йўриқномада айтган: талабаларнинг пахта йиғим-теримида иштирок этган вақтлари кузги дала амалиëти деб ҳисобланади ва у малакавий амалиëтга тенглаштирилади.

Бухоро Давлат университети маъмурияти ходимининг айтишича, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2009 йил 19 сентябр куни эълон қилинган 204-324 рақамли буйруғига биноан, малакавий амалиётга тенглаштирилган пахта йиғим-теримида қатнашишдан бўйин товлаган талабалар ўқишдан ҳайдалади.

- Сабабсиз равишда малакавий амалиëтга қатнашмаган талабалар талабалар сафидан чиқарилади ва бундан талабалар огоҳ этилади¸ деган жойи борда. Пахтага бормаганлиги учун эмас¸ малакавий амалиëтга бормаганлиги учун талабалар сафидан чиқарилади¸ дейди Бухоро Давлат Университети маъмурияти ходими.

Ҳамкасблар билан Бухоро Давлат университети ходими ўқиб берган буйруқ мантиғини қидиришга ҳаракат қилиб, ҳақиқатан пахта териш балки аниқ ёки табиий фанларни ўрганаётган талабалар малакасига ҳисса қўшар деб, ҳазиллашган бўлдик.

Тўғрида, масалан, математикани ўрганаётган талаба, фалончи бригадада ҳар куни терилаётган пахтанинг умимий миқдорини бригада аъзолари сонига бўлиб, жон бошига ўртача неча килограммдан пахта тўғри келаётганини аниқлаб, малакасини оширар. Ёки, айталик, ботаника, химия ё физика факультети талабаси пахтанинг шунчаки ўсимлик эмаслиги, балки унинг оғир меҳнат эвазига олинадиган "оқ олтин" эканини ҳам билиб келар даладан.

Лекин пахта теришнинг тарих ёки филология соҳасида билим олаётганларга қандай алоқаси борлигига энг аскиячи ҳамкасбларимиз ҳам ҳазил топа олмади.

Бухоро Давлат университети ходими маслаҳатига кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига мурожаат қилиб, бунга аниқлик киритишнинг иложи ҳам бўлмади.

Ўзбекистонлик адабиётшунос олим Бахтиёр Исабеков мазкур ҳолатни бундай изоҳлади.

- Ўқиш жараëни амалиëт билан бўлинмайди. Ўқиш жараëнида амалиëт маълум бир муддатда келади. Мавсумга қараб эмас¸ ўқиш дастурида амалиëтнинг вақти етган пайтда махсус ажратилади. Шунинг учун мен қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ ўқув юртларида ëки бошқа ўқув юртларида ҳам буни амалиëтга йўйишларини асоссиз¸ деб билган бўлардим. Бундай баҳоналар¸ студентларнинг ярим текин ëки бўлмаса арзон меҳнатидан фойдаланиш¸ совет замонида ҳам ишлаб чиқилган. Шунинг учун бу янгилик эмас. Ўшаларнинг кучидан фойдаланиш учун тўқилган навбатдаги амалиëт¸ дейди олим.

Фарғоналик собиқ ўқитувчи, ҳозирда микроавтобус ҳайдаб киракашлик қиладиган Алишер ака пахта теримини талабаларнинг малакавий амалиётига тенглаштириш ғирт кўзбўямачлик эканини айтар экан, Фарғонада пахта мавсуми билан боғлиқ бундада мантиқсизроқ ҳодисалардан гап очди.

- Энди билмадим кимнидир алдаш керакку¸ хуллас бу ерда гап кўп. Мисол учун¸ мен ҳозир шофëрлик қилаяпман-а? Одам ташийман. Эрталаб соат тўққиз яримгача ишлашнинг иложи йўқ. Дейлик¸ пассажир олиб кетаяпсиз¸ ГАИшник тўхтатадида¸ пассажирларни тушириб юбориб¸ сизни теримчи олиб борадиган колоннага қўшиб қўяди. Мажбур. Бир литр бензин қуйиб бермайди¸ бир сўм пул бермайди. Олиб борасан¸ дейди. “Ким айтди сенга? Сенинг мени бепул ишлатишга ҳаққинг йўқ” десам¸ “Буйруқ бор” дейди. Қани ўша буйруқ¸ десам¸ “У оғзаки. Ëзма буйруқ йўқ” дейди¸ дейди фарғоналик собиқ ўқитувчи.

Талабаларнинг малакасини оширишга келсак, деб қўшимча қилади Алишер ака, балки бу узоқни кўзлаб чиқарилган буйруқдир, масалан, талабаларнининг пахта териш малакаларини оширишмоқчидир.

- Бу йил 10 кило терса¸ янаги йилга 20 кило терадида, дейди собиқ ўқитувчи ва киракаш Алишер ака.

Адабиётшунос олим Бахтиёр Исабеков пахта териш ўзбекнинг пешанасидаги ёзғудир ва талабалар малакасини бу йўл билан оширишга оид ҳукумат буйруғи “ҳали ҳолва”, дейди суҳбат сўнггида.

- Бизнинг пешонамизга ëзилган экан бу. Совет замонида қизиқ бўлган. Ҳозир эсимга тушиб қолди бу. Рус филологиясидан ҳам студентларни олиб чиққанман. Ўшанда рус бўлимлари доим анча орқада юрар эди. Уларнинг кўпчилиги қизлар бўларди. Уларга бир гап айтсам¸ ўзбек бўлимидагиларни кўрсатиб "Энди улар ўзбек. Ўзбек бўлгандан кейин пахтани териши керак¸ яхши териши керак ва кўп териши керак" дейди. Ўзбек мустақил бўлса ҳам пахта теришни билиши керакда. У студент бўлгани учун ҳам эмас¸ бошқа бўлгани учун ҳам эмас. Фақат амалдор бўлмасангиз¸ исталган ўзбек пахтани яхши ва вақтида териб бериши керак. Мана шу қоида юрибди шекиллида¸ дейди Бахтиëр Исабеков.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG