Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:40

Карзайдан жавоб кутилаяпти


Афғонистон президенти Ҳамид Карзай БМТ Бош котиби Бан Ки Мун билан 19 октябр кунги телефон суҳбати чоғида “лозим бўлса, сайловдаги асосий рақиби билан қайта беллашишга ҳам тайёр” эканини таъкидлади.
Афғонистон президенти Ҳамид Карзай БМТ Бош котиби Бан Ки Мун билан 19 октябр кунги телефон суҳбати чоғида “лозим бўлса, сайловдаги асосий рақиби билан қайта беллашишга ҳам тайёр” эканини таъкидлади.

Вашингтон Афғонистондаги сайловларда сохтакорликларга йўл қўйилгани ҳақидаги БМТ текширув хулосаларига президент Ҳамид Карзайнинг тезроқ жавоб қилишини кутмоқда.

Душанба куни БМТнинг сайлов шикоятлари бўйича комиссияси Афғонистонда август ойида ўтказилган сайловларда кўплаб сохтакорликларга йўл қўйилгани ва Ҳамид Карзай тўлиқ ғалабани қўлга кирита олмаганини билдирган эди.

Комиссия ҳулосасига кўра, Карзай сайловчиларнинг 48.29 фоиз овозини қозонган. Бу эса сайловнинг биринчи даврасида ғолиб чиқиш учун етарли эмас. Ғолиб бўлиш учун сайловчиларнинг 50 фоиздан кўп овози зарур.

Агар Президент Ҳамид Карзайнинг етарли овоз тўплай олмагани тасдиқланса, иккинчи давра овоз бериш ўтказилиши ва Карзай ўзининг асосий рақиби Абдуллоҳ Абдуллоҳ билан яна беллашишига тўғри келади.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон БМТ хулосалари юзасидан президент Карзайнинг муносабати 20 октябр куни кутилаётганини айтди.

Аммо Афғонистон раҳбари бу хулосаларни тан олиб, иккинчи давра сайловларида қатнашишга розилик берадими-йўқми - ҳозирча номаълум.

Ҳиллари Клинтон Афғонистон ҳукумати мамлакат Конституцияси доирасида юзага келган вазиятдан чиқиш йўлини топишига умид билдирди.

Айни пайтда Афғонистон президенти Ҳамид Карзай БМТ бош котибига мамлакатда конституциявий жараёнларни ҳурмат қилишини айтган.

Душанба куни БМТ Бош котиби Бан Ки Мун билан телефон суҳбати чоғида Карзай “лозим бўлса, сайловдаги асосий рақиби билан қайта беллашишга ҳам тайёр” эканини таъкидлаган.

Афғонистонда август ойида ўтказилган президентлик сайловининг биринчи босқичи дастлабки натижаларига кўра, президент Ҳамид Карзай сайловчиларнинг 55 фоиз овозини қозонгани, унинг асосий рақиби, Афғонистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Абдулло Абдулло 28 фоиз овоз тўплагани эълон қилинганди.

Аммо БМТнинг сайлов шикоятлари бўйича комиссияси икки ой аввал ўтказилган ушбу президентлик сайлови давомида сохтакорликларга йўл қўйилгани важидан 210 та сайлов участкасида Карзай учун берилган юз минглаб овозларни бекор қилганини билдирган эди.

Бунинг натижасида энди Ҳамид Карзай сайловда ғолиб чиқиш учун керак бўлган 50 фоизлик тўсиқдан ўта олмаслиги мумкин.
XS
SM
MD
LG