Линклар

5.“Даракчи”


Юртменбоши юртидаги қафаслар¸ аслида унинг зеҳниятидаги қафаслар акси¸ холос.

Юртменбоши юртидаги қафаслар¸ аслида унинг зеҳниятидаги қафаслар акси¸ холос.

Чоршанба – муродбахш кун. Бир қатор араб мамлакатларидан келган мухтор элчиларнинг ваколат муддати ниҳоясига етди

Соат 11 да улар билан расман хайрлашув маросими белгиланган эди. Унгача Ҳожи дўстим билан бир пиёла чой устида учрашиб, типратиконни совға этиб юбормоқчи бўлдим.

Бадантарбия машқларини одатим бўйича сидқидилдан адо этдим. Ювиниб-тараниб, пахмоқ пижамани елкамга елвагай ташлаб ошхонага ўтдим ва диванга ястаниб “Даракчи” газетасини қўлимга олдим. “Даракчи” – Марказий Осиёдаги энг оммавий газета ҳисобланади. Уни ҳамма ўқийди, одамлар янги сонини сабрсизлик билан кутади.

Илгари бу газета менинг муборак диққат-эътиборимдан четда қолган экан; ҳар хил олди-қочдилар, Интернет саҳифаларидан кўчириб олинган сийқа янгиликлар каминани асло қизиқтирмасди. Лайлатул-қадр кечаси адьютантим “Даракчи”да эълон қилинган кроссвордларга эринмасдан жавоб топиб ўтирганини тасодифан кўриб қолдим; хаёли қочган эканми, қадам товушимдан танимади ва бошини кўтармасдан:

- “Кичик Бушнинг отаси ким?” деб сўради.

- “Катта Буш”, дедим бехос.

- “Раҳмат, - деб катакчаларга мен айтган сўзларни ҳарфма-ҳарф ёзиб чиқди ва: - Маладес, Қадамбой, сен бу жавобни билиб айтдингми ё таваккал қилдингми?” деб бошини кўтардию ўтирган жойида қотди-қолди.

Ман қўлидан газетани тортиб олиб ҳожатхонага йўналдим. Унитазга ўрнашиб олганимдан сўнг “Даракчи”нинг у ёқ-бу ёғини ағдариб кўрдим. Ичида Эркин Аъзамнинг киноқиссасидан парча берилган экан. Кўз югуртирсам, қизиқ туюлди. “Давоми бор” деб қўйилибди. Ҳожатхонадан мутолаани якунлаб чиқсам, адьютантим ҳамон ҳайкалдек қотиб ўтирибди. “Ҳа, азамат, иштонингга сузиб қўйдингми?!” деб пичинг қилиб ўтиб кетдим. Газета қўлтиғимда. Парокандга айтиб “Даракчи”нинг эски сонларини олдирдим, шу-шу навбатдаги сонларини ўзим ҳам сабрсизлик билан кутадиган бўлиб қолдим...

Эшик оҳиста очилиб остонада Ҳидоят Махсум пайдо бўлди. Қўлтиғида қалингина жилдтахлам.

-Тинчликми? Сўфиникига сув тегмасдан қароргоҳда пишириб қўйибдими?

Ҳидоят Махсум хижолатомуз жилмайиб келиб папкани қўлимга тутқазди. Кўзойнакни қайтадан бурнимга қўндириб жилдтахламни варақлай бошладим: “Ҳожи Жунаидхон устиндан тўпланган агентура маълумотлари”.

Папкани ёпиб гилам устига улоқтириб юбордим.

-Уч юз бетлик уйдирмани ўқиб ўтиришга вақтим йўқ. Аслида нима бўлган? Қисқача гапириб бер, - дедим. Кўзойнагимни ечиб стол устига қўйдим.

-Ҳаждан соқол қўйиб қайтади. Маҳалла оқсоқоли орқали илтимос қилиб юриб соқолини зўрға олдирдик. Сўнг нақшинкор ҳассасини ўйнатиб юриб тўй-маъракаларга борадиган бўлади. “Ит-пит йўлиқиб қолса қўрқитиш учун олиб юраман”, деб изоҳ беради. Аслан, ит-пит деганда маҳалла посбонларини назарда тутади...

-Бас! Ўзи ҳозир қаерда?

-Подвалимизда ётибди.

-Дарҳол ҳузуримга келтир, - деб девор соатига қараб қўйдим. – Узоғи билан бир соатдан кейин ювинган-таранган, ясанган ҳолатда рўпарамда ўтирмаса, сани ҳам энангди Учқўрғонига киритиб юбораман. Кругом, бегом марш.

Кўзойнакни бурнимга қўндириб, яна “Даракчи”ни қўлимга олдим.

Асабим қўзиди-ю, лекин кулгим қистаяпти. Газетани тиззамга уриб қаҳқаҳа отиб юбордим. Ўрнимдан сапчиб туриб хонада у ёқдан-бу ёққа тез-тез бориб кела бошладим. Стол остига ўрнатилган тугмачани босдим. Адьютантим пайдо бўлди.

-Анавиларга айт, элчилар билан хайрлашув маросими пешиндан кейинга қолдирилди. Шайхлар кетар жафосига Ҳасти Имом копмлексига бориб қаноти қирқилган оқ лайлакларни зиёрат этиб қайтишсин, - дедим.

Газетанинг дуч келган саҳифасини очдим. Энди бир соат давомида “Даракчи”ни мутолаа қилишга мажбур бўламан.

Жин урсин, муродбахш куннинг ҳам пачаваси чиқди.
XS
SM
MD
LG