Линклар

logo-print

Ўзбекистон минтақа энерготизимида қолади


Кузатувчилар тахминича¸ Ўзбекистоннинг ягона энерготизимдан чиқиш ҳақдаги пўписаси Қирғизистонни сув масаласида ëн беришга мажбурлаш воситаларидан бири бўлган.

Кузатувчилар тахминича¸ Ўзбекистоннинг ягона энерготизимдан чиқиш ҳақдаги пўписаси Қирғизистонни сув масаласида ëн беришга мажбурлаш воситаларидан бири бўлган.

Тошкентда газ ва энергетика масаласида музокара олиб борган қирғиз делегацияси ўзбеклар қарорини ўзгартиришга эришди - Ўзбекистон Марказий Осиё ягона энерготизимида қоладиган бўлди.

Ўтган ҳафтанинг жума ва шанба кунлари Тошкентда газ ва энергетика масаласида музокара олиб борган қирғиз делегациясининг қандай натижалар билан қайтгани ҳозирча расмий Бишкек томонидан сир сақланмоқда.

Душанба куни Тошкентдаги сўзлашув натижалари қирғиз ҳукуматида ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилинди. Шунга қарамай, музокараларнинг айрим тафсилотлари журналистларга билдирилди.

Аввалроқ расмий Тошкент 17 октябрдан бошлаб Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиши ҳақида билдирган эди. Агар Ўзбекистон энерготизимдан чиқса, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг айрим ҳудудлари электр таъминотида муаммолар пайдо бўлар эди.

Иқтисодчи олим Жумақодир Акенеев бу ҳолатни Ўзбекистоннинг трансчегаравий дарёларга энергетик иншоотлар қуриш уринишларига қарши кўрсатаётган босими сифатида баҳолайди.

- Аслида Қамбарота-1 ГЭСининг қурилишидан биринчи навбатда Ўзбекистон манфаатдор бўлиши керак эди. Чунки бу ГЭС қурилса, Тўқтўғул ГЭСи қишда фақат сув тўплаш воситаси бўлиб қолади. Бу эса Ўзбекистон ва Қозоғистонни суғориш мавсумида сув билан тўла таъминлаш имконини беради. Менимча, мана шу масала Ўзбекистон томонига тушинтирилса, келажакда бу каби англашилмовчиликлар бўлмас эди, дейди олим.

Тошкентда газ нархи ва Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ягона энерготизимида қолиши масалаларини муҳокама қилган қирғиз делегациясининг айни иккинчи муаммо юзасидан муваффақиятга эришгани айтилмоқда, яъни Ўзбекистон Марказий Осиё ягона энерготизимида қоладиган бўлди. Қирғизистон миллий энерготизими ширкати расмийси Марат Муҳаммадсолиевнинг айтишича, "Ўзбекэнерго" давлат ҳиссадорлик ширкати Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиши тўғрисидаги қарорини ўзгартирган.

19 октябр куни Тошкентдан қайтган қирғиз делегацияси музокараларнинг бундан бошқа натижаларини эълон қилмаётир. Боз устига, делегация ҳисоботи ҳукуматнинг ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган йиғилишида тингланди.

Қирғиз расмийлари аҳолини қизиқтираётган газ нархи бўйича музокаралар қандай якунлангани тўғрисидаги ахборотни ҳам бермаяпти.

Ўзбекистон томони сентябр ойида Қирғизистон жанубидаги вилоятларга газ беришни тўхтатиб қўйган эди. Бунга Қирғизистоннинг Ўзбекистондан “зангори олов” учун 19 миллион доллар қарз бўлиб қолгани сабаб қилиб кўрсатилган. Шундан сўнг қирғиз ҳукумати қарзнинг бир қисмини тўлашга мажбур бўлган эди.

Айрим маълумотларга кўра, Қирғизистон делегацияси Тошкентда газ нархини туширишни илтимос қилган. Аммо, айрим иқтисодчиларга кўра, мавжуд шароитда Ўзбекистон томони газ нархини туширса ҳам, Қирғизистонда газ арзонламаслиги мумкин. Чунки Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Ўмурбек Бабанов қирғиз парламентида:

- Биз 48 миллион долларлик газ сотиб олиб, 18 миллион доллар қарз бўлиб қолдик. 18 миллион долларлик қарзнинг 13 миллиони йўқотишлар оқибатида пайдо бўлган. Яъни шунча пуллик газ қаёққадир йўқолган. Бу газни энди топиб бўлмайди, 13 миллион долларни ҳам, деб эътироф этган.

Шунинг учун муттахассислар аввало газ тизимидаги йўқотишларни камайтириш зарурати борлигини айтишмоқда. Бу йўқотишлар эса камайиш ўрнига йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Масалан, ўтган йили газ соҳасидаги йўқотиш 13 фоизни ташкил қилган бўлса, 2009 йилда бу кўрсаткич 25 фоизга етган.

Йўқотишлар кўпайган сари газ нархи ҳам ошиб бораяпти. Масалан, 2007 йилда Ўзбекистон Қирғизистонга ҳар минг кубометр газни 100 доллардан сотган бўлса, 2008 йилда 145, 2009 йилда эса 240 доллардан бера бошлаган.
XS
SM
MD
LG