Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:49

Сўз сиғмаган шаҳар ёки Зўрдан зўр чиқса


Навбатдаги "ўлжа"сини кутаëтган Tошкент мелисаси...
Навбатдаги "ўлжа"сини кутаëтган Tошкент мелисаси...

Дастлабки блогимни тугатаётиб Ўзбекистон мелисаси билан боғлиқ саргузаштларимни айтиб бераман, дегандим. Ўша ваъданинг ижросидир ўқий бошлаганингиз бу блог.

Ҳожи абу Сарвар ибн Усмон

-1-

Гапни Маккадан бошлай.

1997да ҳаж қилдим.

Яратганнинг Ўзига осон экан: динийлигидан кўра даҳрийлиги кўпроқ, пешонаси саждага ҳайит намозларидагина теккан, диний илм олишга бир жаҳд қилгану алгебрадан-да оғир экан, деб ташлаб кетган, ҳануз алифни калтак дегувчи мендай бир осий бандасини бир зумда мукаррам Маккага, мунаввар Мадинага элтди-қўйди.

Мўъжизани Кўрсатди.

Мўъжизани кўрдим: қароқларим қаттиқ эди, юмшади, ёш қалқди; cўқир эди, очилди, Нурни кўрдим.

Мўъжизани туйдим: миллионлар ичида ўзимни қум зарраси сездим. Ва заррада Қудрат туйдим.

Мўъжизани билдим: 20 кун шаффоф юрдим, вазнсиз юрдим, бирдан вазнини йўқотган жасад Руҳга илова эканлигини билдим.

Нечун бу қадар кеч Келтирдинг, дедим ҳар кун.

Нечун бу қадар эрта Қайтаряпсан, дедим кейин.

-2-

Ўша йили Минода ёнғин юз берди.

Ўт балоси нелигини ўшанда кўрдим. Чодирлар шаҳарчаси четидаги тоғ устига чиқиб олиб жон сақладим. Билганимча дуолар қилдим.

Кейин, култепаларни айланар экан, кўзим Қуръоннинг четлари куйган бир варағига тушди.

Мўъжазгина, чўнтакбоп нашрнинг бир варағи. Афтидан кимдир китобни кўтариб олгану ўша бир варақ ётган жойига қайтиб тушиб қолган.

Чор атрофи куйиб, Сўзларга келганда аланга тўхтаб қолган варақни олиб ён дафтаримга солиб қўйдим.

Чўнтакда Сўз, иякда қомат соқол билан Ўшга қайтдим.

Исмим ёнига "ҳожи" унвони қўшилди.

Одамлар "ҳожи ака", деб чақира бошлади.

-3-


Ҳаждан қайтгач, кўп ўтмай, саратонда Тошкентга – Озодлик бюросига боришимга тўғри келди.

Елкада видеокамеранинг чантаси. Чантада камеранинг ўзи ҳам бор.

Камера кўтариб юришим маҳаллий ТВда ҳам ишлашим билан изоҳланардию лекин "посонга" десаям, дадам раҳматлининг невараси Сарварнинг тили билан айтсам, "рисовка" учун десаям бўловрар эди.

Чанта, асосан, сигарет-пигарет, рўмолча-пўмолча, паспорт-маспорт дегандай саратоннинг сариғида чўнтакни қаппайтирмаслик, тананинг чўнтаколди зоналарини терлатмаслик учун керак эди.

Таксидан Тошкентнинг Шимолий вокзали олдида, шундоққина йўл четида тушиб қолаётганимда ҳали маҳалла масжидининг муаззини бомдод намозига азон айтиш учун таҳорат олишга ё улгурган, ё улгурмаган эди.

Такси жилди.

Вокзални мўлжалга олдим: унинг буфетидан "кофе", деб тантанавор аталгувчи буламиқдан бир истиконини оламану бурунни жийириб ичвораман-да тонгни кутаман.

Йўлни кеса бошладим.

Чизиққа етганимда ўнг томондан мелиса машинаси келаётганини кўрдим.

Мен А нуқтадан бошлагандим ҳаракатни. Мелисанинг машинаси ҳаракат бошлаган Б нуқтаси қаердалиги менга қоронғу.

Лекин В нуқтага – йўлнинг четига тенг етиб бордик.

Машина тўхтади. Атайлаб мен учун тўхтаганини тушунмаслик – довдирман дейишдек гап эди: мен ҳам тўхтадим.

Эшиклари очилиб, машинадан икки мелиса тушди.

Шўпир мелиса эшикни ёпиб-ёпмаёқ "Ў, ҳужжатларингизни кўриб қўяйлик", деди.

Ўқиётганингиз битикларни мендай бир одми сўз қули эмас, нафис сўз устаси – бирон-бир адиб ёзганидайди, шу ўринда ҳужжатимни сўраётган мелисаларн тасвирлаб берган бўларди.

Мен ҳам қўлимдан келганича, одми сўз билан эсада тасвирлай десам, ўлай агар, эсимда йўқ афт-ангорлари қандайлиги.

Ёшлари 30га етиб-етмаган, эгниларидаги форма оқ, погонларида юлдуз йўқ - кўндаланг чизиқми-чизиқларми борийди – сержантнинг ё каттаси, ё кичиги эдилар. Балки ўртачасидир.

Ҳа, яна: йигитлар эди.

Буни алоҳида таъкидлашимнинг боиси шуки, агар аёл бўлганларида аниқ эсимда қоларди. Мелиса бўлсаларам.

Ўнг кўзининг киприклари сўл кўзиникидан битта кам эди, деб эслаган бўлардим.

Ҳа, айтганча, мелиса йигитларнинг кўзи эсимда. Ҳамма мелисаларникидай кўз.

Ҳамма мелисаники қанақа, деб ҳам сўраманг. Одатда уларнинг кўзларига тикилиб қарамайман. Бир марта, тўхтатганларидаёқ қараб оламан¸ холос. Кейин қарамайман.

"Постсовет мелисаси билан муомала одоби" деган китоб ўқиганман. Ўша китобда "постсовет мелисасининг кўзига тик қараманг, агрессия уйғотишингиз мумкин", дейилган.

Ерга қараб тураман, кўзимга қаранг, деса елкаси оша узоқларга қарайманда, кейин яна ерга қараволаман.

Паспортимни кўрибоқ, уни ҳали қўлларига олмай турибоқ сержантларнинг кўзлари ғалати йилтиллаб кетди - (боя айтганим ҳақим – кўзларига бир марта қараб олиш ҳақимдан фойдалангандим) – паспортим Қирғизистонники эди.

- Нега келдингиз?
- Командировкага.
- Қачон келдингиз?
- Ҳозироқ, кўзингизнинг олдида таксидан тушдимку?
- Кўрганимиз йўқ. Қанақа командировка?
- Озодлик радиосида ишлайман.
- Журналистмисиз?
- Ҳа.

Бироз жим қолди. Фурсатдан фойдаланиб қўлимни паспортга узатдим. Сержант ҳам узата бошлади паспортни. Бармоғимнинг учи паспортга тегиши билан сержант қўлини тортиб олди.

- Қирғизистонликмисиз?
- Ҳа.
- Унда нима учун Ўзбекистоннинг радиосида ишлайсиз?
- Радио Ўзбекистонники эмас, лекин бу дегани бир давлат фуқароси бошқа бир давлатнинг оммавий ахборот...

Мен айта бошлаган гап анча чигал кўриндими, ҳар ҳолда давомини эшитгиси келмади.

- Мухбирлик гувоҳномангизни кўрсатинг.

Кўрсатдим.

- Қайси тилда бу?
- Инглизча.

Яна ўйланиб қолди сержант.

- Бўлдими, кетоврайми?

Бу саволимга жавобни боядан бери индамай турган иккинчи мелиса берди.

- Қаёққа кетасиз? Сумкада нима бор? Очинг!
- Камера бор, сигарет-пигарет, дегандай...
- Очинг, чиқаринг.

Чиқардим. Иккинчи мелиса камерани олди. Айлантириб кўрди.

- Қанақа запись бор?
- Ҳеч қанақа запись йўқ. Тоза кассета.
- Текширамиз.
- Мана бу нима?
- Телефон дафтарча.

Дафтарчани биринчи мелиса варақлай бошлади. Чантада ҳеч вақо қолгани йўқ. Иккинчи мелиса уни қўлига олдида, қормалдоғини чантанинг тубига бигиз қилиб қадади:

- Бу ерда нима бор?

Савол шу қадар садистона эдики, қонимда бирдан адреналин кўпайиб, завқим жўшиб кетди. Чантани шартта қўлидан тортиб олиб, тўнтардимда, "орқаси бор", дедим.

Шу пайт сержант шеригига қараб, "э, бу укаар ваҳҳобий шекилли", дедида унга бир парча қоғозни узатди.


Ичимда "ўзинг укағар", деб ғудранаяпману, кўзим мелисанинг қўлидаги қоғозда. У - ўша, Минода ёнғиндан омон қолган Сўз - Қуръоннинг варағи эди. Сержант уни телефон дафтарчамнинг варақлари орасидан топган эди.

- Соқол қўйганиданоқ билувдим бунинг экстремистлигини, деди иккинчи мелиса.
- Қанақа ваҳҳобий, қанақа эктремист? Қуръоннинг варағику? дедим. Овозим қалтираб чиқди.
- Текширамиз. Қани ўтир машинага.
- Шошманглар ахир, варақ ҳаждан эсдалик. У чиндан ҳам Қуръоннинг варағи. Мен бу йил ҳаж қилувдим. Сиз айтган варақа эмас.

Шу пайт сержантдан бошқа бир савол эшитдим. Бу савол олдида боягиси беназирликда ип эшолмасди.

Мен ўзим ҳам бир умр одамларга савол бериш билан бандман. Аввал ўқитувчилик қилиб саволга тутдим болаларни, бир неча йилдан бери журналист бўлиб бошини оғритаман одамларнинг.

Сув нега ҳўл, офтоб нега чарақлайди, нима учун ёмғир ёғса дарахтларнинг барглари ҳўл бўлади, нима учун Сирдарё Оролга бориб қуйилади, Каспийга эмас?

Хуллас, савол беришни қойиллатаман мен ҳам. Лекин мана бунақасини эшитмагандим:

- Қаерда ҳаж қилдингиз?

Қонимга адреналиннинг янги порцияси қўшилди. Завқим жўшиб кетди.

Бирдан енгил бўпқолдим.

Икки дунё бир қадам бўлди.

Денгиз тўпиғимга чиқмас бўлди.

- Ҳе, отасининг гўри, дедим.

Икки ҳатлаб машинанинг орқа эшиклари олдига етдим.

- Кетдик, йигитлар, -дедим, - как раз сизларга ўхшаган мелисалар керак эди ўзи менга. Ўзбекистон телевидениеси билан мелисалар ҳақида кўрсатув қилиш учун келятувдим. Сизлардан бошлаймиз ишни. Э, ука, опке камерани, ҳозироқ бошлаворамиз съёмкани.

Мелиса бола камерани опкелиб қўлимга тутқазди. Шу пайт яна унинг кўзига қарадим.

Не кўз билан кўрайки, унинг юзида кўз йўқ эди. Бояги – мелисанинг кўзи йўқ эди.

Ўрнида бошқа кўз – Қарши чўлларида қуй ортидан юрган камсуқум чўпоннинг қўйкўзлари эди.

Олдимда икки мелиса эмас, қўйни бўрига олдириб қўйгани учун зоотехникдан гап эшитаётган икки сақмончи мўлтираб турарди.

Тасаввурим мени шу қадар опқочдики, уларга тикилиб туриб, бир сония "нима учун буларга мелиса форма кийдириб қўйишдийкан" деган хаёлга бордим.

Хаёлларимни яна йигитларнинг ўзлари бўлди. Қарасам, иккалови машинанинг икки томонида – эшиклар олдига келиб қолишибди.

- Кетиб қолайлик, Ҳожи ака, - деди биринчиси.

- Узр, Ҳожи ака, безовта қилдик, -деди иккинчиси.

Бир айланиб, ҳожилигимни тан ола бошлаган мелисаларга амри маъруф қилган бўлдим:

- Ҳажга фақат Маккага борадилар! Минбаъд билларинг!

Кетишди.

Йўқ – қочишди.

Зўрдан зўр чиқди: зўр кетини қисди.

Мелисалар кетиши билан қондаги адреналин боя қандай пайдо бўлган бўлса, ўшандай йўқ бўлди.

Бирдан кайфиятим бузилиб кетди. Тошкент кўзимга хунук кўриниб кетди. Саратон тонги эканлигига қарамай жунжика бошладим: вокзалиям шимолий, кофесиям буламиқ.

Ҳе, ўргилдим Тошкентингдан, деб битта таксини тўхтатиб Ўшга қайтиб кетворай, десам, ўтган вақтим, босган йўлимни кўз қиймайди; бюрога боришим керак, иш битиришим керак.

Мелисага биринчи марта дуч келишимми, бу деб ўзимни алдаган бўлдим.

Қуръон варағи билан ҳам Ўзбекистонга келасанми, деб ўзимни койиган бўлдим.

Лекин мелисаларни негадир сўкмадим. Ҳожи эканлигимнинг таъсири бўлса керакда?! Фақат ўзимча дуо қилдим: сенлар ҳам мелисаликдан тушгину ўзингга ўхшаганларга дуч кел.

Дуоимнинг ижобат бўлиши аниқ: Ўзбекистонда мелиса кўп.

Бузилган кайфиятни ўнглагунимча тонг отди. Ишхонамга кетиш олдидан Сўзни олдиму икки буклаб дафтарча муқоваси билан супермуқоваси орасига яшириб қўйдим: Тошкентга Сўз сиғмади.

Бундан буён Уни Ўшда қолдираман.

-4-

Ўшга борсам, менга "ҳожи ака", деб мурожаат қиладилар.

"Ҳожи ака", дер эканлар, ҳар сафар сергак тортаман.

Ҳар сафар бу унвоннинг юкини сезаман.

Ҳар сафар бу юкни зиммамга юклаб қўйганларни: Тожиддин ҳожи, Олимжон ҳожи, Муҳаммад Амин ҳожиларни миннатдорлик билан эслайман.

Ҳар сафар Шаҳид тепа масжиди хонақосида 3 соатга чўзилган "сўзлашувлар"имиз ёдимга тушаверади.

- Юр, биз билан ҳажга, дейишганди улар.
- Тайёр эмасман, динийлигимдан даҳрийлигим кўпроқ, дедим.
- Астағфурилло, дейишди.
- Биласизлар, пешонам саждага ҳайит намозларидагина тегади, дедим.
- Дангасаликни ташла, дейишди.
- Пулим йўқ, дедим.
- Мана пул, дейишди.

Баҳоналарим тугаб қолди. Иложсизликдан ёлғон айтдим:

- Хотиним касал.
- Мана дорисига пул. Дўхтирниям гаплашамиз.

Яратганнинг Ўзига осон экан.

Ассалому алайкум, ҳожи акалар!

Ассалому алайкум, муҳтарам блогхон!

Ассалому алайкум!
XS
SM
MD
LG