Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:58

Ўзбек журналистлари жадвалдан норози


Ўзбек тилидаги радиодастурлар вақтининг ўзгартирилиши¸ Тожикистондаги миллий озчиликка нисбатан яна бир босим сифатида кўрилмоқда.
Ўзбек тилидаги радиодастурлар вақтининг ўзгартирилиши¸ Тожикистондаги миллий озчиликка нисбатан яна бир босим сифатида кўрилмоқда.

“Тожикистон” радиоси ўзбек бўлими ходимлари ўз дастурларлари вақтининг бемаҳалга кўчирилгани тингловчи сони камайишига олиб келиши боис¸ бу ўзгаришга норозилик билдирмоқда.

“Тожик овози” радиоси форс тилидаги эшиттиришлар вақтини яна бир соатдан узайтиргани сабабли ўзбек, рус ва араб тилидаги хабарлар ва махсус дастурларнинг эфирга узатилиш вақти анча ортга сурилган. Натижада эрталабки соат 8 дан 9 гача эфирга узатиладиган ўзбек тилидаги эшиттиришлар кундузги соат 15.30 га кўчган, такрорий дастур эса тунги соат учга кўчирилган. Бу, ўз навбатида, ўзбек журналистлари норозилигига сабаб бўлди.

Ортда қолган ҳафтада радио маъмуриятига мазкур ўзгаришга нисбатан ўз норозилигини билдириб чиққан ўзбек журналистларидан бири Абдулло Зуҳурга кўра, янги жадвал ўзбек тингловчилари камайишига сабаб бўлади.

- Мана бир ярим йилдан ошдики, Жалолиддин Румийнинг “Маънавий Маснавий” асарини эфирга узатиб бораяпмиз. Буни тингловчилар яхши қабул қилишарди. Эндиликда шу жадвал силжигани сабабли эшиттиришни тинглай олмаган киши¸ албатта¸ тунги соат 3 дан 4 гача эшитишга мажбур. Албатта¸ бу тингловчимизга ўнғайсизлик туғдиради. Жадвалнинг силжиши тингловчиларимизнинг анча камайиб кетишига сабаб бўлади, дейди Абдулло Зуҳур.

Журналистнинг айтишича, ўзбек журналистлари норозилигига жавобан радио маъмурияти “Тожик овози” радиоси эшиттиришлари асосан хориждаги тингловчиларга тожик маданияти, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётини таништириб бориш учун мўлжалланганини ва эшиттиришлар янги жадвали хориждаги тингловчилар учун айни муддао эканини таъкидлаган.

Республиканинг чекка қишлоқларидан бирида яшаётган Олмахон “Тожик овози” радиосининг ўзбек эшиттиришларини мунтазам тинглаб бориши ва республика ҳаёти билан боғлиқ хабарларни вақтида кузатиб келаëтганини айтади. Радиодаги ўзбекча эшиттиришларнинг бошқа вақтга кўрилганидан Олмахон ҳам норози.

- Биз ўзбекча программаларни эрталаб соат тўққизда эшитар эдик. Ҳозир, эшитишимча, кундузги соат уч яримга, такрорийси эса тунги соат учга кўчирилибди. Менимча, тунги учда одамларнинг радио тинглашга ҳоли ҳам бўлмайди, ҳамма ширин уйқуда бўлади. Ўзи ўзбекча эшиттириш кўп эмас, наҳотки шунга ҳам сал эртароқ эфир вақти берилмаса, дейди ўзбек тингловчиси.

Маҳаллий таҳлилчи Бахтиёр Мўминов мамлакатда “Давлат тили тўғрисидаги қонун” имзоланиб, кучга киргандан буён республикадаги миллий озчилик вакилларига нисбатан турли йўллар билан босим ўтказиш сезила бошлаганини айтади. Ўзбек, рус ва бошқа тиллардаги эшиттиришларнинг уйқу вақтига кўчирилиши, таҳлилчи фикрича, бунинг яққол исботидир.

- Тингловчилар вақти қулай бўлмаса, кўпинча эшитмайди. Хабарлар эскириб, иккинчи даражали бўлиб қолади. Шунинг учун буларнинг хабарлари ижтимоий жиҳатдан ҳам, сиёсий жиҳатдан ҳам аҳамиятсиз бўлиб қолаяпти, дейди таҳлилчи Мўминов.

“Тожикистон” радиоси директори Абдуқодир Абдуқаҳҳор Озодлик билан суҳбатда эшиттиришларнинг эфир вақти ўзгартирилишига сиёсий тус бермаслик кераклигини таъкидлади.

Расмийнинг таъкидлашича, Тожикистон радиоси форс тилидаги эшиттиришларининг афғонистонлик ва эронлик тингловчилари сони сўнгги пайтда тобора ошиб бораётгани маъмуриятни форс тилидаги эшиттиришлар вақтини узайтиришга ундаган. Радио директорига кўра, радио дастурлари янги жадвали юзасидан фақат ўзбек бўлими ходимларигина норозилик билдирган, холос.

Тожикистон Давлат статистика маркази маълумотларига мувофиқ, республика аҳолиси умумий сонининг 15 фоизи ўзбек миллатига мансуб кишилардир. Норасмий маълумотларга кўра эса тахминан 7 миллиондан иборат тожикистонликларнинг тўртдан бир қисмини ўзбеклар ташкил этади.
XS
SM
MD
LG