Линклар

Карзай Абдуллоҳ билан беллашадиган бўлди


Афғонистон сайлов комиссияси овоз бериш чоғидаги қонунбузарликлар асосида¸ ўз аввалги қарорини бекор қилишга мажбур бўлди.

Афғонистон сайлов комиссияси овоз бериш чоғидаги қонунбузарликлар асосида¸ ўз аввалги қарорини бекор қилишга мажбур бўлди.

Узоқ давом этган норозилик ва тортишувлардан сўнг ниҳоят Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси¸ Ҳамид Карзайни президентлик сайлови ғолиби деб эълон қилиш қароридан воз кечди.

Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси матбуот вакили Нурмаҳаммад Нурнинг айтишича, сайловнинг иккинчи босқичи 7 ноябр куни ўтказилади.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилишини маъқуллаб, буни Афғонистонда демократия томон ташланган улкан қадам, дея баҳолади.

БМТ ҳомийлигида тузилган Шикоятларни ўрганувчи махсус қўмита 20 август кунги сайлов давомида жиддий қонунбузарчиликларга йўл қўйилган, деб топди ва номзодларга берилган овозларнинг бир неча фоизини бекор қилди.

Дастлабки натижаларга кўра, президентлик сайловида Ҳамид Карзай қарийиб 55 фоиз, унинг асосий рақиби¸ собиқ Ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ 28 фоиз овоз тўплаган эди.

Душанба куни БМТнинг сайлов шикоятлари бўйича комиссияси Афғонистонда август ойида ўтказилган сайловларда кўплаб сохтакорликларга йўл қўйилгани ва Ҳамид Карзай тўлиқ ғалабани қўлга кирита олмаганини билдирган эди.

Комиссия хулосасига кўра, Карзай сайловчиларнинг 48.29 фоиз овозини қозонган. Бу эса сайловнинг биринчи даврасида ғолиб чиқиш учун етарли эмас. Ғолиб бўлиш учун сайловчиларнинг 50 фоиздан кўп овози зарур.

Афғонистонда август ойида ўтказилган президентлик сайловининг биринчи босқичи дастлабки натижаларига кўра, президент Ҳамид Карзай сайловчиларнинг 55 фоиз овозини қозонгани, унинг асосий рақиби, Афғонистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ 28 фоиз овоз тўплагани эълон қилинган эди.

Аммо БМТнинг сайлов шикоятлари бўйича комиссияси икки ой аввал ўтказилган ушбу президентлик сайлови давомида сохтакорликларга йўл қўйилгани важидан 210 та сайлов участкасида Карзай учун берилган юз минглаб овозларни бекор қилди.
XS
SM
MD
LG