Линклар

Обама Карзай қарорини олқишлади


АҚШ президенти Барак Обама Афғонистон раҳбари Ҳамид Карзайнинг мамлакатда иккинчи давра президентлик сайловларини ўтказиш қарорини олқишлади.

Обама эътирофича, ушбу қарор ёш афғон демократияси учун муҳим воқеадир.

- Президент Карзай, мени фикримча, бошқа номзодлар каби афғон халқи манфаатидан келиб чиқиб иш кўришини намоён этди, деди Обама.

Карзайнинг ушбу қарорини Европа Иттифоқи ва БМТ ҳам қўллаб-қувватлади.

Афғонистоннинг мустақил сайлов комиссияси сешанба куни мамлакат президентлиги учун иккинчи давра сайловлари 7 ноябрда ўтказилишини эълон қилди.

Сайловда Афғонистоннинг жорий президенти Ҳамид Карзай ва мамлакатнинг собиқ ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ беллашади.

Сайловнинг биринчи босқичи 20 август куни ўтказилган эди. Дастлабки сайлов натижаларига кўра Ҳамид Карзай 55 фоиз, Абдулло Абдулло эса 28 фоиз овоз қозонгани билдирилган ва Карзай ана шу натижаларга таяниб, сайловда ғалаба қилганини таъкидлаб келаётган эди.

Аммо Афғонистондаги сайлов шикоятларини ўрганиш бўйича мустақил комиссия сайлов давомида кўплаб соҳтакорликларга йўл қўйилгани важи билан 210 сайлов участкасида саналган овозларни ноқонуний, деб топди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Афғонистонда иккинчи давра президентлик сайлови ҳам ўта мураккаб вазиятда ўтишини таъкидлади ва халқаро ҳамжамиятни Афғонистонни қўллаб-қувватлашга чақирди.
XS
SM
MD
LG