Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:26

Россия позициясини бой бериши мумкин


Мутахассислар "Газпром" ва "Лукойл" ширкатлари Ўзбекистондаги нефт ва газ ҳавзаларни ўзлаштиришда юқори технологиялардан фойдаланмаётгани учун келажакда Ўзбекистоннинг нефт-газ соҳасидаги етакчилик ролидан айрилиши мумкин, деган фикрда.

Ўзбекистонлик бир гуруҳ мутахассислар яқинда ўтказган тадқиқот хулосаларига қараганда, Ўзбекистон нефт ва газ соҳасида Россиянинг “Газпром” ва “Лукойл” ширкатлари ҳозирча етакчи позицияларни эгаллаб турибди.

"Россиянинг Ўзбекистон билан нефт ва газ соҳасидаги ҳамкорлиги: асосий муаммолар, прогнозлар ва хатарлар" деган мавзудаги тадқиқот муаллифлари фикрича, бунинг бир неча сабаби бор.

Биринчидан, Россия ўтган асрнинг 90-йилларида Ўзбекистоннинг энергетика соҳасига сармоя ётқизиш имкониятига эга бўлмаган.

Иккинчидан, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги сиёсий яқинлашув жараёни бошланганидан кейин Россиянинг “Газпром” ва “Лукойл” ширкатлари 2009 йилга қадар Ўзбекистоннинг нефт-газ соҳасига 900 миллион доллар ётқизган.

Учинчидан, Ўзбекистон газини Россия орқали хорижга экспорт қиладиган бошқа йўл бўлмагани сабабли Россия ширкатлари Ўзбекистоннинг нефт-газ соҳасида етакчи ширкатларга айланган. “Газпром” ва “Лукойл” Ўзбекистондаги ўзлаштириш осон бўлган ҳавзаларни ишга тушириб, хорижга газ экспорт қилмоқда.

Лукойл ширкатининг матбуот вакили Владимир Семаков Озодликка Лукойл Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият юритаётгани ва келажакда ҳам шундай бўлиб қолишига ишонишини айтди.

- Бизнинг Ўзбекистонга инвестицияларимиз аксинча, йил сайин ортиб бормоқда. Икки йилдан бери ширкатимиз газ қазиб чиқараяпти. Янги қудуқлар кавланяпти. Биз янги ҳудудлар ва ҳавзаларни ўзлаштиришга тайёрланаяпмиз. Табиий газ қазиб чиқариш бўйича Лукойлнинг Ўзбекистон бўлими аслида ривожланиш босқичида, деди Лукойл расмийси.

Регнум ахборот агентлигининг тадқиқотчилардан, хусусан, ўзбекистонлик таҳлилчи Владимир Парамоновдан олинган маълумотларга таянган ҳолда 19 октябрь куни ёзишича, 2008 йилда Ўзбекистонда қазиб чиқарилган 67,8 млрд кубметр газнинг 5,5 фоизи Россия ширкатлари улушига тўғри келган. Бир қарашда бу катта кўрсаткич эмас. Аммо, шуни эслатиш жоизки¸ ҳозирча Россиядан бошқа хорижий давлат ширкатлари Ўзбекистонда газ қазиб чиқаришга киришгани йўқ. Яқин келажакда Россия ширкатлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ниятида. Хусусан “Газпром” ва “Лукойл” расмийлари Ўзбекистондаги углеводород манбаларини ўзлаштиришга қаратилган 25 – 30 йилга мўлжалланган лойиҳалар энди ишга тушаётганини айтмоқда.

Бироқ мақола бошида тилга олинган тадқиқот муаалифлари фикрича, агар Россия ширкатлари Ўзбекистондаги углеводород манбаларини ўзлаштиришда юқори технологияларни қўлламаса, келажакда ўз ўрнини бошқа хорижий ширкатларга бўшатиши мумкин.

Боиси, биринчидан, ҳозирда Малайзиянинг “Петронас”, Жанубий Африка республикасининг “Сасол” ширкатлари замонавий ва мураккаб технологиялардан фойдаланиб, Ўзбекистондаги энергия заҳираларини ўзлаштирмоқда.

Иккинчидан, 2010 йилда Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой йўналиши бўйича янги газ қувури ишга туширилиши режаланган. Агар Ўзбекистон ҳам Хитойга йилига 5 миллиард куб/метр газ экспорт қиладиган қувур орқали газ экспорт қилса, Ўзбекистоннинг нефт-газ экспорти соҳасида Россияга қарамлиги бироз камайиши мумкин.

Эътибор берган бўлсангиз, тадқиқотда гап Ўзбекистоннинг нефт ва газ саноатида қайси хорижий инвесторнинг шу кунда устунлиги ва келажакда кимнинг устун бўлажаги ҳақида гап кетаяпти. Хўш, Ўзбекистон қай ҳолатда ютади?

Ўзбекистонлик таҳлилчи Малик Абдураззоқовнинг фикрича, агар Ўзбекистон ўз иқтисодиётидаги стратегик приоритетларни ўзгартирмас экан - нефт ва саноатида қайси давлат билан ҳамкорлик қилмасин - фақат ютқазаверади.

Чунки, таҳлилчи фикрича, мамлакат иқтисодиёти аввал пахта яккаҳокимлигига асосланган бўлса, ҳозирда пахта ўрнини энергетика яккаҳокимлиги эгалламоқда. Бу соҳада эса ҳозирча Россия ширкатлари устуворлик қилмоқда. Абдураззоқовга кўра, агар бошқа соҳалар ҳам ривожлантирилса, Ўзбекистонда ҳеч бир давлат, жумладан, Россиян устуворлик қила олмайди.

- Илгари пахта яккаҳокимлиги бор эди. Ҳозир бошимизга яна бир монокултура келди. Қўпол қилиб айтганда¸ бу нефт-газ монокултураси. Нефт-газ яккаҳокимлиги асосида фаолият кўрсатаётган иқтисодиёт. Бу иқтисодиётнинг келажаги йўқ. Россия иқтисодиёти шундай қурилган. Қозоғистонники, Ўзбекистонники ҳам. Шундай вазиятда ким устувор бўлади, ким ҳукмрон бўлади - Россиями, Хитойми, деган ҳар хил гаплар келиб чиқади. Ўзбекистонда бошқа соҳаларда, масалан, қишлоқ хўжалик, саноат, қурилиш соҳаларида жуда катта имкониятлар бор. Иқтисодиёт фақат нефт-газга боғлиқ бўлиб қолмасдан бошқа соҳаларга ҳам сармоялар ва юқори технологиялар олиб келиш керак. Агар шу йўлдан кетилса, бу ерда Россиянинг 100 фоиз устуворлиги бўлмайди, дейди ўзбекистонлик таҳлилчи Малик Абдурраззоқов.
XS
SM
MD
LG