Линклар

logo-print

Тиббиёт ходимлари теримчилар хизматида...ми?

  • Фаррух Юсуфий

Пахта терими даврида врач керак бўлиб қолса¸ ўзбекистонликлар уларни шифохона эмас¸ пахтазордан излашлари керак бўлади.

Пахта терими даврида врач керак бўлиб қолса¸ ўзбекистонликлар уларни шифохона эмас¸ пахтазордан излашлари керак бўлади.

Ўзбек матбуоти президентнинг “Пахта йиғим теримини ташкил этиш ва уни кўтаринки руҳда ўтказиш” тўғрисидаги фармонига мувофиқ¸ пахтакорлар учун ҳамма шароит¸ жумладан уларга тиббий ëрдам кўрсатиш ҳам аъло даражада йўлга қўйилганини даъво қилмоқда. Аслидачи?

Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг "Тиббиёт ходимлари теримчилар хизматида" деган сарлавҳа остида берилган мақоласида айтилишича, “айни кунларда ҳосилни нобудгарчиликсиз йиғиштириб олаётган теримчиларга тиббий, савдо, маданий-маиший хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.”

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида пахтакорларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича махсус штаб ҳам тузилган. Ўзини мазкур штаб бошлиғининг ўринбосари Баҳром Мўминов, деб таништирган вазирлик ходими Озодлик билан суҳбатда штаб фаолиятига оид айрим тафилотларни аниқлашга ëрдам берди.

Баҳром Мўминов: Ало.

Озодлик: Ало¸ ассалому алайкум.

Баҳром Мўминов: Ассалому алайкум.

Озодлик: Ака¸ яхшимисиз. Менинг исмим Фаррух Юсуфий. Мен сизга Озод Европа радиосидан телефон қилаяпман.Мен Саломатлик дастурини олиб бораман. Пахта теримчиларига тиббий ëрдам кўрсатиш¸ улар саломатлигини назорат қилиш ишлари қандай йўлга қўйилган¸ деган савол билан мурожаат қилмоқчи эдим. Шу ишлар қандай олиб борилаяпти ҳозир?

Баҳром Мўминов: Ҳозир бизнинг бошиғимиз йўқ. Ҳозир у киши мажлисда эди. Мен ҳозирча у кишининг ўринларидаман. Яхшиси ўша мутахассисларга ëки ўзлари келгандан кейин ўзларига телефон қилиб гаплашганингиз маъқул.

Озодлик: Бундан сизнинг хабарингиз йўқми? Қисқача айтиб бера олмайсизми?

Баҳром Мўминов: В обших чертах биламан¸ что ҳамма жойда пахта йиғим-теримчиларига тиббий пункт ташкил қилинган. Керакли ëрдам ўшаларга яқинлаштирилган. Уларнинг сони¸ кўрсатиладиган ëрдами ҳақида ҳар кунги маълумот олинади. Шу маълумотлар асосида ҳисоботлар қилинади, дейди пахтакорларга тиббий хизмат кўрсатиш бўйича штаб мутасаддиси Баҳром Мўминов.

Айни пайтда, Ўзбекистон вилоятларидан бирининг Соғлиқни сақлаш бошқармаси ходими, тиббий ходимлар пахта далаларига олиб чиқилаётгани, лекин теримчиларга хизмат кўрсатиш эмас, пахта териш учун олиб чиқилаётганини гапириб берди. Маълум сабабларга кўра, суҳбатдошимизниг исмини ошкор қилмасликни маъқул кўрдик.

Озодлик: Ишлар қандай тақсимланган?

- Ҳамма ҳар кун чиқаяпти. Касалхоналарнинг ўзида графиклар тузилган.

Озодлик: Кимлар чиқади? Асосан ҳамширалар чиқадими ëки врачлар ҳам чиқишадими?

- Врачлар ҳам чиқишади. Ким бўш бўлса¸ шанба-якшанба куни ҳамма чиқади.

Озодлик: Облздрав (вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси )га план қўйилганми? Масалан¸ облздрав қанча пахта териб бериши керак?

- План қўйилганку¸ лекин қанча эканидан хабарим йўқ.

Озодлик: Тиббиëт ходимларининг пахта даласига етиб олишлари қандай ташкил қилинган? Транспорт бериладими ëки бошқачами?

- Автобус берилган.

Озодлик: Тиббиëт ходимлари қачондан бери чиқишаяпти? Тиббиëт ходимлари учун пахта йиғим-терими қачон тугаркин?

- Унисини айтишгани йўқ. Қачон план тўлса¸ ўшанда бўлса керакда¸ дейди вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ходими.

Фарғоналик шифокорлардан бири ҳам тиббиёт ходимлари пахта териш билан машғул, дейди.

-Асосан пахта тераяпти.

Озодлик: Далада пахта теримчиларига тиббий ëрдам кўрсатиш¸ саломатлигини асраш бўйича бирор ишлар қилинадими ростини айтганда?

- Биринчи ëрдам дориларини олиб борадиган бўлиши мумкин. Оддий аналгин¸ зелëнкага ўхшаган нарсалар. Бошқа ҳолатларда унча бўлмаса керак¸ дейди фарғоналик шифокорлардан бири.

ЎзА мақоласида сўзларидан иқтибос келтирилган Сурхондарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Қўчқоров теримчиларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва уларнинг саломатлигини назорат қилиш учун барча шарт-шароитлар яратилганини таъкидлаган.

Фарғонада микроавтобусда киракашлик қиладиган Алишер ака, теримчиларни далага олиб бориш ишларига мажбурий-ихтиёрий равишда жалб қилинган. У кун ора вилоятнинг Охунбобоев туманидаги далаларга элтиб қўядиган теримчилар орасида шифокорлар ҳам бор.

Алишер ака: Доктор¸ ўқитувчи¸ маҳалладаги бекорчилар. Маҳалла қўмиталарига одам топиб бер¸ дейди. Улар ҳам уйида ўтирган бекорчиларга айтади. Ҳар битта оиладан биттаданми¸ иккитаданми дейди.

Озодлик: Пахта теримчиларига тиббий хизмат кўрсатиш¸ маиший хизмат кўрсатиш яхши ташкиллантирилаяпти¸ деган хабар чиқувдида. Шунақа бўлаяптими? Балки докторлар чиқиб тиббий ëрдам кўрсатаëтгандир?

Алишер ака: (ҳайрон бўлиб) Қанақа тиббий хизмат? Масалан¸ битта-иккита ўқитувчиларнинг ëки докторларнинг қон босими ошиб кетиб қоладиган касали бўладику. Қон босими ошиб кетиб қолади¸ юраги безовта қилиб қолади¸ иситмаси чиқиб қолади. Ўшанда бизга "ташлаб келинглар" деб айтади.

Озодлик: Кўрсатилган тиббий хизмат шу-а? Уйига ташлаб кел дейди.

- Ҳа, дейди Алишер ака.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги пахтакорларга тиббий хизмат кўрсатиш штаби мутасаддиси Мўминов бундай бўлиши мумкин эмас, дейди.

Баҳром Мўминов: Йўқ¸ бунақа бўлиши мумкин эмас. Чунки ҳамма жойда тиббий пунктлар ташкил қилинган. Охунбобоев тумани бўлса¸ қайси бир участкасида ëки фуқаролар йиғинида? Уни билса бўладими? Айнан қайси нима тўғрисида гап кетаяпти?

Озодлик: Мен буни у кишидан сўрамасдан айтолмайманда. Энди Ўзбекистондаги шароитни биласиз. У кишига гап тегиб қолиши мумкин. Сиз ҳам ҳозир Озодлик радиоси билан гаплашаяпсизда.

- Буни тушундим. Сиз ҳам мана Минздрав билан гаплашаяпсиз. Минздравнинг расмий жавоби шунақа. Тиббий ëрдам ташкил қилинган. Шунинг учун бу борада мен ҳозир бир нарса дея олмайман. Кимга ëрдам кўрсатилмапти¸ бунга бир нарса дейишим қийин¸ дейди Баҳром Мўминов.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддисининг бу гапларига жавоб ўлароқ, фарғоналик киракаш Алишер ака икки ҳафта аввал гувоҳи бўлган бир воқеани гапириб берди.

Алишер ака: Гувоҳи бўлдим¸ биттасининг қон босими ошиб кетган экан. Битта шофëр уйига олиб бориб ташлаб қўйди.

Озодлик: Тиббиëт ходимлари дарров даланинг ичига кириб¸ унинг қон босимини тушириш бўйича бирор иш қилдими?

-Унақа нарани мен кўрмадим. Ўтган йил ҳам худди шунақа бўлган. Пахтага одам ташиганмиз. Мисол учун¸оддий сув қайнатиб бермайди. На овқат бор¸ на чой бор¸ дейди Алишер ака.

Сўзида давом этаркан Алишер ака, теримчиларга тиббий, маиший хизматлар у ёқда турсин, президентнинг “Пахта йиғим теримини ташкил этиш ва уни кўтаринки руҳда ўтказиш” тўғрисидаги фармонини ташкилотчилар нотўғри тушунмоқда ва теримчиларнинг ҳаётини хавф остига қўймоқда, дейди.

Алишер ака: Мен сизга оддий битта мисол айтиб берай. Мен ўзим аслида ичмайману¸ дейлик мен кечқурун роса ичдим-а? Эртасига мен пахтага одам олиб бораман деб чиқсам¸ менга ҳеч ким "Тиббий кўрикдан ўтдингми?¸ Машинанг созми ëки носозми?" демайди. Уларни менинг ҳайдовчилик гувоҳномам борлиги ëки йўқлиги ҳам қизиқтирмайди. Колоннага машина қўшилса бўлди. Ўша ерда шофëрлар ўтиришиб¸ ўзларининг ëнларидан ош-пош қилишади. Роса ичишади. Кайф бўлишади. Буни ўзим ҳам кўрдим. Буни милициялар кўради. Милиция "Сен ичиб олибсан. Рулга ўтирмайсан" демайди. Эҳтиëт бўлиб кетинглар¸ деб қўяверади.

Озодлик: Авария бўлса¸ ким жавоб беради?

- Авария бўлса¸ шофëр жавоб беради¸ дейди Алишер ака.

Мелиса ходимлари президентнинг мавсумни кўтаринки руҳда ўтказиш ҳақидаги сўзларини, далада кайфу-сафо қилиш, деб тушунаётган бўлса керакда, деб ҳазиллашади суҳбат сўнгида, Фарғона вилоятида теримчиларни пахта далаларига олиб бориш ишларига мажбурий-ихтиёрий равишда қатнашаётган Алишер ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG