Линклар

Тожик журналистлари бирлашмоқчи


Журналистлар касаба уюшмаси тузилса¸ айрим журналистлар фикрича¸ долзарб мавзуларга қўл уришдан қўрқув ҳам пасайиши мумкин.

Журналистлар касаба уюшмаси тузилса¸ айрим журналистлар фикрича¸ долзарб мавзуларга қўл уришдан қўрқув ҳам пасайиши мумкин.

Тожикистонлик журналистлар ўзларининг касаба уюшмасини ташкил этишга қарор қилдилар. Бундай уюшиш¸ улар назарида¸ журналистнинг ҳам моддий¸ ҳам ҳуқуқий ҳимоясини яхшилашга хизмат қилади.

НАНСМИТ жамоатчилик бирлашмаси раҳбари Нуриддин Қаршибоевнинг айтишича, тожикистонлик журналистларнинг мустақил касаба уюшмасини ташкил этиш қарори Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган журналистлар анжуманида қабул қилинган. Унга кўра, айни пайтда янги ташкил этилажак ташкилотнинг барча ҳужжатлар тайёр ва мутасаддилари ҳам аниқ.

- Аввало шуни айтиш жоизки, республика журналистлари собиқ иттифоқ даврида ҳам, республика мустақилликка эришгандан кейин ҳам ўз касаба уюшмасига эга бўлмаган. Шу кунгача журналистлар республика Мустақил касаба уюшмалари федерациясининг маданият ходимлари қўмитаси рўйхатида эди. Мана шу қўмитага аъзо бўлган миллиондан зиёд маданият ходими ичида журналистларнинг талаб ва эҳтиёжлари инобатга олинмас эди. Шунинг учун Журналистлар касаба уюшмасини ташкил этиш зарурати туғилди. Бундан мақсад бугунги кунда ёрдамга муҳтож бўлган тожикистонлик журналистларни ҳам молиявий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаш, шунингдек, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир, дейди Нуриддин Қаршибоев.

Айни пайтда Тожикистон Мустақил касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари Искандар Абдиевнинг айтишича, журналистларнинг алоҳида бир ташкилот тузишига ҳожат йўқ. Унга кўра, республика журналистларининг ўзлари ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиш борасида фаол эмас.

- Биринчидан, наинки журналистлар, балки республика аҳолисининг аксарият қисми касаба уюшмаси вазифаси ва мажбуриятлари нимадан иборат эканлигини билмайди. Оддий қилиб айтганда, ҳуқуқий маълумотлари паст. Журналистлар учун федерациямизда махсус маданият ходимлари қўмитаси фаолият кўрсатмоқда. Бироқ шу кунгача бирорта журналист мазкур қўмита ишидан норозилик билдириб келган эмас. Шундан келиб чиққан ҳолда, Журналистлар касаба уюшмасини ташкил этишга ҳожат йўқ, деб ҳисоблайман, дейди Искандар Абдиев.

Бироқ тожикистонлик журналистларнинг аксарияти Тожикистон Мустақил касаба уюшмалари федерацияси раҳбарларининг бу фикрига қўшилмайди. Хўжандлик журналист Мадина Почоеванинг айтишича, Тожикистон журналистлари умуман ҳеч бир ташкилот томонидан ҳимояланмаган.

- Беш йиллик журналистик фаолиятим мобайнида касаба уюшмаси томонидан бирор-бир ёрдам олганим йўқ. Вилоятдаги касаба уюшмасига турар-жой билан таъминлаш, соғлиғимни тиклашга санаторийга йўлланма олиш учун бир неча марта ариза берганман. Лекин ҳанузгача на уй ва на путёвкадан дарак йўқ. Бундан ташқари, журналистлар фаолияти шу ташкилот томонидан ҳимоя қилиниши керак. Бироқ вилоятда нечта журналист маҳкамага тортилган бўлса, касаба уюшмаси бирор марта журналистни ҳимоя қилмаган. Шунинг учун ҳам тожикистонлик журналистлар ҳукуматни танқид қилишдан, жамиятдаги иллатларни фош қилишдан ҳайиқади, дейди Мадина Почоева.

Ҳукумат газетасида ишловчи Ёқубжон Абдуманноновнинг айтишича, Журналистлар касаба уюшмасининг ташкил этилиши қалам аҳли жонига оро киради.

- Тожикистонда Журналистлар касаба уюшмаси барпо этилишини ҳаётнинг ўзи талаб қилаяпти. Чунки бугунги кунда Тожикистон журналистларининг аҳволини яхши, деб бўлмайди. Шу боис ҳам журналистларга моддий ва маънавий жиҳатдан кўмаклашувчи ана шундай ташкилот зарур эди. Назаримда, ташкилот иши яхши бўлса, журналистлар бу ташкилотда ўз ортида ҳимоячи борлигини сезса, дадил бўлади, долзарб мавзуларни кўтаришга ошиқади. Ҳозир эса журналистлар асосий ишидан ташқари бозорда ёки бошқа жойда қўшимча меҳнат қилишга мажбур. Талантли журналистлар бўлса, Россияга мардикорликка кетишган, деди Ёқубжон Абдуманнонов.

Тожикистонда Журналистлар касаба уюшмасини ташкил этиш тадбири Финляндиядаги “Викес” ахборот ва тараққиёт ташкилоти ҳамда НАНСМИТ жамоатчилик бирлашмаси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

- Амалдаги касаба уюшмаси собиқ СССР давридаги принциплар асосида фаолият олиб бормоқда. Бу эса журналистлар фаолияти ва ижодига салбий таъсир қилаяпти. Республикада журналистлар учун бундай ташкилот барпо этилиши Тожикистондаги журналистларни бирлаштириш, улар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида қўйилган катта қадам бўлади, дейди “Викес” ташкилоти мувофиқлаштирувчиси Айри Леппанен.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Тожикистонда 3000 га яқин журналист фаолият юритмоқда. Уларнинг аксарияти 60-100 сомоний атрофида (18–22 доллар) маош олади.
XS
SM
MD
LG