Линклар

Сешанба куни Қирғизистон президенти мамлакат бошқарув тизимини ислоҳ қилиш лойиҳасини эълон этиши ортидан истеъфога чиққан ҳукумат ўрнига янгиси шакллана бошланди.

Қурмонбек Бакиев шу йил июлида ўтган президентлик сайлови арафасида бошқарув тизими ислоҳ қилинишга муҳтож эканини айтган эди. Сайловдан кейин эса президент бу борада кескинроқ фикр билдирди.

Бакиев фикрича, собиқ совет давридан қолган бошқарув тизими таг-туги билан йўқ қилинмас экан, мамлакатда ижобий ўзгаришлар бўлиши амримаҳол. Айни пайтда Бакиев Қирғизистонда Ғарб стандартларини ҳам жорий этмоқчи эмас.

- Ғарб шаблонларини ва бизга ёт бўлган намуналарни кўр-кўрона кўчиришдан ҳам фойда йўқ. Биз ўз меросимизга, имкониятларимизга таяниб, келажакни қандай тасаввур қилишимизга қараб, олға қадам ташлашимиз шарт, деган фикрдаман, деган эди Қирғизистон президенти сентябр ойи бошларида.

20 октябр куни эса Бакиев бошқарув тизимини ислоҳ қилиш лойиҳасини парламентда эълон қилди.

Бакиев лойиҳасининг қисқача моҳиятини уч бандда изоҳлаш мумкин:

1. Бошқарув тизимини халққа яқинлаштириш учун Президент институти жорий этилади. Бу институт Қурултой, президент кенгаши, президент котибияти тузилмалари ва Давлат ташқи ишлар вазири ҳамда Давлат маслаҳатчисидан иборат бўлади.

Қурултой турли сиёсий кучлар ва табақалар вакилларидан иборат бўлади. Президентлик кенгаши қурултой кун тартибига чиқарган масалаларни ҳал қилиш билан шуғулланади. Котибият президент фаолиятини ёритади. Давлат ташқи ишлар министри ташқи сиёсатга, Давлат маслаҳатчиси эса мудофаа ва хавфсизлик масалаларига жавобгардир.

Президент маъмурияти ва Хавфсизлик кенгаши тугатилади. Бунинг оқибатида давлат бюджетидан 500 миллион сўм тежаб қолинади.

2. Ҳукумат хўжалик, қурилиш ва назорат функциялари билан ўралашиб қолмаслиги керак. Ҳукуматнинг бу ваколатлари бизнес тузилмаларига, тадбиркорлар ва нодавлат ташкилотлари ихтиёрига ўтказилиши керак. Ҳукумат эса мамлакатни ривожлантириш потенциалини ошириш, фуқароларга, бизнесга қулай шароитлар яратиш билан шуғулланади.

3. Бошқарув тизими ислоҳотида коррупциянинг ўқ томирига бўлмаса-да, асосий томирларига болта уриш ҳаракати сезилади.

Қурмонбек Бакиев бунинг учун вазирликларни фақат битта ваколатидан маҳрум қилиш кифоялигини айтади:

- Барча вазирлик ва ташкилотлардан рўйхатга олиш ҳуқуқи олиб ташланади. Масалан, Ички ишлар вазирлигидан автомобилларни рўйхатга олиш ва давлат рақамлари бериш, паспорт столлари, Адлия вазирлигидан никоҳларни, туғилишларни қайд этиш каби ваколатлар олинади. Бундан буён иқтисодий жиноятларни фақат битта тузилма - Молия полициясигина текшириш, аниқлаш ва тергов қилиш ҳуқуқига эга бўлади, деди президент.

Бу каби ишларни бундан буён махсус тузилма бажаради ва бу билан ишбилармонлар ҳамда фуқаролар битта қоғозни кўтариб, вазирликма-вазирлик, ташкилотма-ташкилот юриш азобидан қутиладилар.

Президент Бакиевнинг ушбу баёнотидан сўнг Қирғизистон ҳукумати шошилинч йиғилиш ўтказди ва истеъфога чиқди.

21 октябр куни эса парламент Қирғизистоннинг 18-бош вазирини сайлади. Президент айтган ислоҳотларни амалга оширувчи Бош вазир сифатида Данияр Усенов танлаб олинди.

Қирғизистон мухолифати ва бир қатор сиёсатшунослар Қурмонбек Бакиев эълон қилган ислоҳот ҳукуматни кучсизлантиради ва айни пайтда президент ҳокимиятини мустаҳкамлайди, деган фикрдалар.

Шу боис Қирғизистоннинг янги Бош вазири Данияр Усеновга журналистларнинг биринчи бўлиб “Кучсиз ҳукуматни бошқаришдан қўрқмайсизми?” деган саволни бердилар.

- Биз очиқ жамиятда яшаяпмиз. Шунинг учун жамиятда бир масала юзасидан турлича фикрлар бўлиши мумкин. Менинг позициям шуки, президент ислоҳотидан ҳукумат кучсизланмайди, деди Данияр Усенов.

Айни пайтда қирғиз мухолифати лидери Ўмурбек Текебаев Қурмонбек Бакиев ўзи бошлаган ислоҳотни ниҳоясига етказа олмайди, деган фикрда.

- Бакиевда қатъий ирода йўқлиги у президент бўлган тўрт йил мобайнида яққол билиниб қолди. Тўрт йил давомида тўрт марта Конституция ўзгартирилди, тўртта Бош вазир янгиланди, вазирлар ҳам тўрт мартадан алмашди, деди Ўмурбек Текебаев.

Бироқ президент Бакиев қирғиз парламентида қилган чиқишида ислоҳотларни қатъийлик билан амалга ошириш ниятида эканини билдирмоқда.

Қирғизистон президентининг таъкидлашича, бошқарув тизимининг янгиланиши ислоҳотнинг биринчи босқичи, холос. Иккинчи босқичда иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилади. Ислоҳотнинг учинчи босқичи эса ижтимоий соҳаларга тааллуқли бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG