Линклар

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, айни кунларда Тожикистон аҳолисининг 72 фоизи қашшоқликда кун кечирмоқда. Меҳнат муҳожирлари юбораëтган даромаднинг камайгани¸ қашшоқлик кўпайиши ортидаги омил сифатида кўрилмоқда.

Душанбе атрофидаги қишлоқлардан бирида яшаётган Умиданинг оиласида 11 жон бор.

- Оилада ҳеч ким ишламайди. Бир акам бир қурилишда ишлайди, тамом. Кўпинча бекор. Бир топамиз, шуни бир муддат ишлатиб юрамиз, гоҳида умуман пулимиз қолмайди. Умуман, ҳар куни пул топмаймиз, дер экан Умида “қора қозон ҳар кун ҳам қайнамаслиги”ни айтади.

Умида оиласининг шу аҳволда кун кечиришидаги асосий сабабларига тўхталади:

- Биз қизларни бир жойга бориб ишлашимизни хоҳлашмайди (оила бошлиқлари назарда тутилаяпти - таҳр.) Ўзлари эса бир жойга бориб ишлашга қўрқишади. Ҳамма Москвага бориб ишлаяпти, булар боришмайди, ғайрат, қунт қилишмайди, дейди Умида.

Унинг ён қўшниси - олий маълумотли Жаҳонгул ўтган асрнинг 90-йилларида иқтисодчи дипломини олгач, бир неча йил Душанбе шаҳар банкларининг бирида фаолият юритган.

Олти фарзанднинг онаси бўлган Жаҳонгул тожикистонликлар орасида қашшоқ оилалар сони аввалги йилларга нисбатан сезиларли даражада ошганини миллий зеҳният билан боғлайди.

- Иккинчи-учинчи фарзандим туғилгунича ишладим, мана, болалар кўпайишиб уйда ўтирибман. Ҳозир уйдаман, ишлай десам, хўжайиним қўймайди, ”уйда ўтир болаларга қара” дейди, дейди Жаҳонгул.

Исми ошкор қилинмаслигини сўраган бошқа бир суҳбатдошимиз қашшоқликни озиқлантираëтган бошқа омилларга тўхталади.

- Мана, менинг учта болам бор, уйда ўтирибман, иш йўқ, завод-фабрикалар ишламайди. Иш бўлса ҳам ҳамма ёқ таниш-билиш билан. Яхши ишлар бўлса, ҳамма ўз одамини тортади. Бой бўлсангиз, болангиз оёққа туриб кетади, камбағал бўлсангиз, болангиз ўзингизга ўхшаб камбағал бўлиб, оила мана шу аҳволда кетаяпти. Энди болаларимизнинг келажаги нима бўлади - уни Оллоҳ билади, дейди бу суҳбатдош.

Аёлнинг фикрича, тожик жамиятида бу салбий омилларга барҳам бермай туриб, қашшоқлар сонини камайтириб бўлмайди.

Тожикистон Давлат статистикаси маълумотларига кўра, 1989 йилда мамлакат аҳолисининг 80 фоизи қашшоқликда кун кечирган.

Тожикистондаги ички низолардан (1992-97 йиллар - таҳр.) сўнг тожикистонликларнинг кўп қисми Россияга меҳнат муҳожирлигига кетгани боис бу кўрсаткич 2007 йили 61 фоизга қисқарган.

Тожикистон Давлат статистика қўмитаси раиси Мерган Шаҳбозовнинг билдиришича, шундан 18 фоизи ўта қашшоқлар экан.

- Бир кунда тирикчилик учун 1 доллару 15 цент сарфламаган киши қашшоқ саналади. Шу нуқтаи назардан олсак, бугунги кунда аҳоли умумий сонининг 70 фоизи қашшоқликда кун кечиришмоқдаки, уларнинг каттагина қисми кунига 1 доллардан сал кўпроқ пул сарфлайди, дейди Мерган Шаҳбозов.

Тожикистон Давлат статистика қўмитаси расмийси тожик ҳукумати мамлакатда қашшоқлар армиясини камайтириш йўлида хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда бир неча дастурларни йўлга қўйганини, аммо ҳозирча кутилган натижаларга эришилмай қолинаётганини таъкидлаб ўтди.

Халқаро жамғарма эксперти Аликсей Ивашенко фикрича, республикада ночорликда кун кечираётган оилаларнинг ортаётганидаги асосий сабаб бу мамлакатга ташқаридан келаётган пул оқимининг кескин камайганидадир.

- Россиядаги меҳнат муҳожирлигидан келаётган пул тушумининг камайиши Тожикистонда яшаётган оилалар турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатаётир. Бунинг ортидан қашшоқ оилалар сони ҳам тобора ўсиб бормоқда, дейди хорижлик эксперт.

Тожикистон Давлат статистикаси маълумотларига таянган ҳолда шуни айтиш мумкинки, жорий йил 9 ойи давомида мамлакатга Россия меҳнат муҳожирлиги ҳисобидан 1 миллиарду 366 миллион доллар маблағ юборилган. Ўтган йил эса бу кўрсатгич 2 миллиарду 777 миллион долларни ташкил этган эди.

Аммо, шуни ҳам айтиш жоизки, Россия меҳнат муҳожирлиги тушумининг озлиги ёки миллий ва ижтимоий омилларнинг мавжудлигига қарамай, “аъло” бўлмаса-да, “яхши” ҳаёт кечириш учун бел боғлаган тожикистонликлар ҳам йўқ эмас. Ваҳдат туманида яшовчи Саодат исмли суҳбатдошимиз шулардан биридир.

- Битта эркакнинг пули билан болани “одам” қилиш қийин. Мен хоҳлайманки, болаларим яхши кийинса, яхши яшаса, бировнинг олдида кам бўлмаса. Ҳар бир аёл ҳаракат қилиши керак, “эрим қўймади, иш йўқ” деб баҳона қилмай. Шунинг учун мен ҳаракат қилиб, оиламнинг камчилигини тўғрилаб келаяпман, дейди Саодат.

Саодат чеварчилик қилади. Унинг ойлик даромади 1000 сомоний (тақрибан 228 АҚШ доллари – таҳр.) экан. Саодатнинг айтишича, бу даромад унчалик катта бўлмаган оиласининг бир ойда яхши еб-ичиши учун етарли экан.
XS
SM
MD
LG