Линклар

Регистонни кўришга ишқибозлар кўпу¸ аммо...

  • Фаррух Юсуфий

Буюк Ипак йўлидаги уч машҳур шаҳар- Самарқанд¸ Бухоро ва Хива Ғарб сайëҳлари бориб кўришни истайдиган манзиллардир.

Буюк Ипак йўлидаги уч машҳур шаҳар- Самарқанд¸ Бухоро ва Хива Ғарб сайëҳлари бориб кўришни истайдиган манзиллардир.

Ўзбекистонда сайëҳликни ривожлантириш ҳақда тинимсиз гапирилиб¸ ҳар йили турли халқаро анжуманлар ўтказилсада¸ мамлакат чегараларининг хорижликлар учун ëпиқлиги бу соҳа тараққиëтига ғов бўлмоқда.

Чоршанба куни Тошкент халқаро туризм ярмаркаси иш бошлади. Икки кун давом этадиган тадбир Ўзбекистонда 15- марта “Ипак йўли бўйлаб туризм” шиори остида ўтказилмоқда.

Тошкентда 21 октябр куни очилган “Ипак йўли бўйлаб туризм” номли халқаро туризм ярмакасига 200дан ортиқ хориж ширкатлари вакилларининг келиши кутилмоқда, дейилади Регнум агентлиги тарқатган хабарда.

Тадбирнинг асосий ташкилотчиси бўлган “Ўзбектуризм” давлат ширкатининг матбуот хизмати ходими билан суҳбатимиз қисқа бўлди.

- Мен сизга жавоб бера олмайман. Хоҳласангиз¸ начальникларнинг номеринини беришим мумкин. Улар жавоб беришади.

Озодлик: Сиз ким бўлиб ишлайсиз? Ҳозир мен матбуот хизматига тушдим шекилли.

- Пресс секретарда.

Озодлик: Сиз пресс секретармисиз?

- Ҳа.

Озoдлик: Сиз бунга жавоб бера олмайсизми?

- Йўқ¸ йўқ.

Озодлик: Нимага?

- Мен энди просто шундоқ оламан. Пресс секретарда просто.

Озодлик: Пресс секретар айнан матбуот билан ишлайдику.

- Мен матбуот билан ишламайман. Мен сайт бўйича ишлайман¸ деди “Ўзбектуризм” давлат ширкатининг матбуот хизмати ходими.

Айни пайтда, Регнумдаги хабарга кўра, “Ўзбектуризм” миллий ширкати раиси Зоҳид Ҳакимов Ўзбекистон туризм соҳасида режаланганидан анча кўпроқ хизматлар кўрсатаётгани ва жорий йил охиригача бу хизматларнинг умумий миқдори 98 миллион АҚШ долларини ташкил қилишини билдирган.

Ўзбекистонда туризм саноатининг асосий йўналиши “Буюк ипак йўли” лойиҳасидир ва ҳар йили ўтказиладиган халқаро ярмарка ҳамда бу соҳага оид турли тадбирлар шиорларининг ҳам айнан ана шу ғояга боғлиқ бўлиши бежиз эмас.

Лондондаги “Ипак йўли” номли туризм агентлигининг ўзини Жэймс, деб таништирган ходими Ўзбекистон Буюк ипак йўлининг асосий қадамжолари жойлашган мамлакат сифатида инглиз сайёҳларини ўзига тортади, дейди.

- Ўзбекистон Ипак йўлининг марказидир. Марказий Осиёдаги барча мамалкатлар ичида Ўзбекистон энг кўп сайёҳлар борадиган манзилдир. Ҳамманинг Самарқандга¸ у ердаги Регистон майдонига боргиси келади. Бу сайёҳларни қизиқтирадиган асосий қадамжодир. Ўзбекистонда Ипак йўлидаги қадимги кўриниши сақлаб қолинган учта асосий шаҳар – Хива, Бухоро ва Самарқанд бор. Мижозларимизининг кўпчилиги қайтиб келгач¸ асосан Бухоро ҳақида гапиришади. Кўпчилик Самарқанд ҳақида эшитган бўлсада, бориб келганлар Бухорода қадимнинг руҳи яхшироқ сақланиб қолганидан гапиришади, дейди Лондондаги сайёҳлик фирмаси вакили.

“Ўзбектуризм” давлат ширкати соҳа кундан кунга ривожланаётганини айтаётган бўлса-да, мамлакат туризм саноатининг ривожланишига кўплаб тўсиқлар сақланиб қолаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Яқинда БМТ қошидаги Жаҳон туризм ташкилоти бош котиби Талеб Рифаи бу тўсиқларнинг асосийси ўлароқ, Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатга келмоқчи бўлган сайёҳлар учун виза тартибини юмшатиш ва бошқа расмий жараёнларни осонлаштиришга чақирди.

Прагадаги “Адвентур” турфирмаси менеджерларидан бири Павел Позниак ўз ташкилоти Марказий Осиёга оид янги лойиҳани бошлаш ниятида эканини айтар экан, уларни ташвишга солаётган муаммолар ичида асосийси виза тартиби эканини таъкидлайди.

- Албатта, бизни ўйлантираётган энг катта муаммо бу мамлакатларнинг барчасига виза талаб этилишидир. У ерда бешта мамлакат бўлса, уларнинг ҳар бирига алоҳида мижозларимиз учун виза олишимиз керак бўлади. Бундан ташқари, бу мамлакатларда инфратузилмалар, яъни биз билан ҳамкорлик қилиши мумкин бўлган турфирмаларнинг ўз зиммасига олган масъулиятларини бажара оладими, йўқми, деган масала ҳам бизни қизиқтирмоқда. Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларига авиа чипталарнинг қимматлиги ҳам муаммо яратади, дейди Позниак.

Тошкентдаги кичик турфирмалардан бирининг хўжайини Зариф ҳам, виза масаласи долзарб эканидан гапиради.

- Бу жуда катта муаммодир. Айниқса, баъзи мамлакатлардан келаётган сайёҳларга виза олиш жуда қийин, бунга кўп вақт талаб қилинади. Масалан, яқинда америкалик мижозлар келадиган эди, улар учун виза олиш анча қийин бўлди. Нима ҳам қилардик, бу муаммо бор ва ундан қутула олмаймиз, дейди Зариф.

Лондондаги “Ипак йўли” сайёҳлик ширкатининг ўз мижозлари учун виза олишда қийинчиликлар йўқ. Жэймснинг айтишича, Британия фуқаролари учун виза 45 фунт стерлинг, тахминан 75 АҚШ доллари туради ва Ўзбекистон элчихонаси “Ипак йўли” фирмаси мижозларига виза беришни пайсалга солмайди. Айни пайтда, дейди суҳбатдошимиз, бизнинг мижозлар асосан ўзига тўқ британияликлардан иборат ва уларнинг асосий шикоятлари Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш сифатига оид бўлади.

- Ўзбекистонга борадиган мижозларимиз одатда инжиқ ва сифатли хизмат талаб қиладиган мижозлардир. Бизнинг фирма таклиф қиладиган Ипак йўлининг асосий шаҳарлари бўйлаб 11 кунлик тур киши бошига 1695 фунт стерлинг туради. Шунинг учун бунча пулни тўлай оладиган мижозларимизни визанинг бироз қимматлиги қизиқтирмайди. Улар одатда меҳмонхоналардаги хизмат сифатидан унча қониқишмайди, лекин бу ҳам секин-аста яхшиланиб бормоқда. Бошқа томондан Ўзбекистонга бораётган мижозларимиз у ердаги хизматлар сифати, масалан, Дубайдагидек бўлмаслигини ҳам яхши билишади¸ дейди Жэймс.

Тошкентдаги сайёҳлик фирма эгаси Зариф, Ўзбекистонда соҳа секин-аста ривожланиб бораётганини эътироф этар экан, сақланиб қолаётган муаммолардан яна бири туризм соҳасининг ҳукуматга яқин маълум гуруҳлар томонидан назорат қилинишидир, дейди. Зариф бу мавзу нозиклигига ишора қилиб, ортиқча тафсилотларга берилиб ўтирмасликни маъқул кўрди.

Ўзбекистонда туризм соҳаси муаммосини тадқиқ қилганлардан бири мустақил журналист ва собиқ дипломат Алишер Таксанов Ўзбекистонда туризм соҳаси ким томонидан назорат қилинишини яхши билади.

- Ўзбекистонда иқтисоднинг барча сегментлари, қурилиш, пахта, олтин қазиб олиш, нефт, ресторан бизнеси буларнинг барчаси қайсидир гуруҳлар томонидан назорат қилинганидек, туризм соҳаси ҳам кимгадир қарашлидир. Туризм соҳасида “Зеромакс” каби ширкатнинг манфаатлари ҳам бор. Ва бу гуруҳлар ҳар доим, ҳеч кимни бу соҳага яқинлаштирмасликка ҳаракат қилади. Бу эркин бозор муҳитини яратишга қаршилик қилаётган авторитар давлатлар учун табиий ҳолдир, дейди Таксанов.

Сўзида давом этаркан Таксанов “Ипак йўли” ғояси пайдо бўлганида унга катта умидлар боғланган эди, деб эслайди.

- "Буюк ипак йўли" ғояси агар туризм сиёсати тўғри олиб борилганида¸ Ўзбекистонга улкан фойда келтириши мумкин бўлган лойиҳа эди. Лекин амалда туризмга оид аниқ сиёсат ҳалигача ишлаб чиқилгани йўқ. Эсингизда бўлса, 95 йилдан бошлаб ҳар беш йилда бир туризмни ривожлантириш дастурлари қабул қилина бошлади. Лекин бу дастурлар тахминан 10 фоизга амалга оширилди¸холос. Президент ва ҳукумат қабул қилган кўплаб қарорлар тор соҳаларга қаратилган бўлиб, мавжуд вазиятга деярли таъсир қилмади. Бу қарор ва лойиҳалар ҳеч бир молиявий асоси бўлмаган кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмасди. Улар асл вазиятда акс этмаган декларациялар эди холос, дейди Таксанов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG