Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:36

ЕИ санкцияларни бекор қилмоқчи


Европа иттифоқи, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ хавотирларга қарамай, бу давлатга нисбатан жорий этган қурол эмбаргосини бекор қилмоқчи. ЕИ дипломатлари 21 октябр куни Брюсселда ана шундай қарорга келган.

Чоршанба куни Брюсселда йиғилган Европа Иттифоқига аъзо 27 давлат дипломатлари Ўзбекистонга қурол-аслаҳа сотишга қўйилган таъқиқни узайтирмаслик ҳақида келишиб олганликлари маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи 2005 йилги Андижон қатлиомидан кейин Ўзбекистонга нисбатан жорий қилган санкциялар сирасида кучда қолаётган ягона чора қурол-аслаҳа эмбаргоси бўлиб қолаётган эди.

Ушбу санкцияни бекор қилиш ҳақидаги тўла-тўкис қарор келаси ҳафта Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари йиғинида тасдиғини топиши кутилаяпти. Бу эса Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият юзасидан хавотир билдириб келаётган ҳуқуқ фаоллари ва ўзбек мухолифати аъзолари ғазабини қўзғатиши тайин.

- Европа Иттифоқи қурол эмбаргосини ҳам бекор қилишини аслида биз кутгандик, сабаби ҳозир инсон ҳуқуқларидан ҳам, демократиядан ҳам кўра, энергия, газ заҳиралари кўпроқ кўринаяпти буларни кўзига, дейди Ўзбекистон Эрк партияси фаоли Дўстназар Худойназар.

Европа Иттифоқи санкциялар жорий қилинганда¸ Ўзбекистон ҳукуматига бир қатор талаблар, жумладан, Андижон воқеаси бўйича мустақил тергов ўтказишга рухсат бериш, инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш, сиёсий маҳбусларни озод этиш каби талабларни қўйган эди. Аммо, ҳуқуқ фаолларига кўра, қўйилган талаблар бажарилгани йўқ. Қирғин юзасидан халқаро текширувга ҳам изн берилмади.

Европа Иттифоқининг айрим дипломатлари эса Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида ўсиш кузатилаётгани ва бу ўсишни яна ҳам мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон ҳукуматини рағбатлантириш лозимлигини айтиб келмоқдалар.

Аммо Дўстназар Худойназар, аксинча, санкцияларнинг қолдирилиши халқаро ҳамжамият қўйган талабларни бажармаётган расмий Тошкент учун "ноўрин рағбат" бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.

- Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида тушиш бўлса бордир, аммо ўсиш йўқ. Биз Ўзбекистонда на инсон ҳуқуқлари, на бошқа соҳада ҳеч қанақа ўзгариш бўлмаганини Европа Иттифоқига билдириш ва уларнинг қарори нотўғрилигини Европа ҳамжамиятига билдириш мақсадида 27 октябр куни Брюсселда, Европарламент биноси олдида норозилик тадбири ўтказмоқчимиз, дейди Дўстназар Худойназар.

Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан жорий этилмиш санкцияларни самарасиз топиб, расмий Тошкент билан 2006 йил кузида сиёсий мулоқотни тиклади.

2007 йилнинг ёзига келиб эса Андижон воқеалари учун масъул кўрилган ўзбек расмийларига нисбатан виза чеклови татбиғини аввал вақтинча тўхтатди, кейин эса бутунлай олиб ташлади.
XS
SM
MD
LG