Линклар

Ўзбекистонда намойиш ўтказиш мумкин эмиш


Ўзбекистон яқин тарихида кузатилган Андижондаги кўп минг кишилик тинч намойиш¸ ҳукумат қўшинлари томонидан ўққа тутилди.

Ўзбекистон яқин тарихида кузатилган Андижондаги кўп минг кишилик тинч намойиш¸ ҳукумат қўшинлари томонидан ўққа тутилди.

Фуқароларнинг сиëсий ҳуқуқларига оид анжуманда қатнашаëтган Ўзбекистон вакиллари мамлакатда бу борада ҳаммаëқ рисоладагидек эканлигини айтиб¸ қўшнилар ҳовлисидаги айрим жараëнларга ажабланиш билдирдилар.

21-22 октябр кунлари Бишкекда Марказий Осиёда фуқароларнинг бирлашиш ва тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқи борасида халқаро анжуман ўтказилди.

Анжуманда иштирок этган Ўзбекистон делегацияси аъзолари ўз давлатларида инсон ҳуқуқлари, жумладан, тинч намойишлар ўтказиш ва турли бирлашмаларга бирлашиш борасида муаммолар йўқ эканини таъкидладилар.

Тошкентдаги ҳуқуқ масалаларини ўрганиш маркази раҳбари Шамил Асянов Озодлик билан суҳбат чоғида Ўзбекистонда халқаро ташкилотлар эътироф этгани каби инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мухолифат фаолларига қарши босим кўрсатилмаётганини айтди:

- Бизда қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Жовтис иши каби шов-шувли ва овоза бўлган ҳолатлар йўқ. Жовтис иши шов-шувга сабаб бўлаётгани бизни¸ ҳатто¸ ҳайрон қолдиради.

Агар фуқаро жиноят қилган бўлса, у ҳуқуқ ҳимоячиси ёки амалдор бўлса ҳам қонун олдида жавоб бериши керак. Чунки у жиноятчидир, дейди Шамил Асянов.

Суҳбатдошимиз Ўзбекистонда тинч намойишларни ўтказиш борасида ҳам муаммолар йўқ, деб ҳисоблайди.

- Мен ҳозиргина бир газетангизни ўқидим. Сизларда, яъни Қирғизистонда Олий суд намойишлар ўтказиш учун рухсат олиш кераклиги тўғрисидаги қарорни Конституцияга зид топиб, бекор қилибди.

Бизда эса бунинг учун рухсат олиниши керак ва мен буни тўғри, деб ҳисоблайман. Чунки намойишлар бошқа фуқаролар ҳуқуқларини бузмаслиги керак. Ҳар ким хоҳлаган жойида намойиш ўтказаверса, тартиб бўладими? Керак бўлса, ҳатто Европа давлатларида ҳам намойиш ўтказиш учун ҳукуматдан рухсат оладилар, деди Тошкентдаги ҳуқуқ масалаларини ўрганиш маркази раҳбари Шамил Асянов.

Айни пайтда хорижий давлатлардан бирида яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Абдужалил Бойматов Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига оид қонунчиликнинг мукаммал эмаслигини айтади:

- Ўзбекистон Конституциясида фуқароларнинг тинч намойишлар, иш ташлашлар ўтказиш ҳуқуқи кафолатланган. Бироқ шу кунгача Ўзбекистонда намойишлар ва иш ташлашлар тўғрисида қонун қабул қилинмаган. Ҳатто бундай тушунчанинг ўзи йўқ. Маъмурий кодексда пикетлар ўтказишга рухсат берилган. Лекин ҳуқуқ-тартибот тузилмалари бу пикетларни ўтказишга тўсқинлик қиладилар.

Пикет ўткизмоқчи бўлган ҳуқуқ фаоллари мелисахонада ушлаб турилади ёки уйидан чиқарилмай қўяди. Бир амаллаб пикет ўтказсангиз, сизга нисбатан турли таъқиблар бошланади, деди Абдужалил Бойматов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, 2005 йилги Андижон воқеаларигача ҳукумат намойишлар ва пикетларни тарқатиш мақсадида ёлланма одамлар воситасида норозиларга нисбатан куч қўллар эди.

- Андижон воқеаларигача Ўзбекистоннинг тўртта вилоятида катта намойишлар бўлиб ўтган. Масалан, Жиззах вилоятида бўлган намойишларни тарқатиш учун ҳукумат спортчилар ёрдамидан фойдаланган.

Ундан кейин Жиззах ва Тошкентда намойишга чиққанларга қарши ёлланма аёллар гуруҳи ташланар эди. Улар намойишчиларни калтаклашарди. Мени ҳам калтаклашган. Елена Урлаева ҳам бу аёллардан кўп жабр тортган. Бунақанги тазйиқлар ҳозир ҳам жуда кўп бўлаяпти, дейди Абдужалил Бойматов.

Айни пайтда қатор халқаро ташкилотлар ҳам Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан турли босимлар кучайиб бораётганидан ташвиш билдириб келадилар.

Ҳюман Райтс Уотч, Халқаро амнистия каби ташкилотлар марғилонлик таниқли ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева, мухолифатчи ва ҳуқуқ фаоли Норбой Холжигитов, сирдарёлик ҳуқуқ фаоллари Алишер Кароматов, Аъзам Фармонов, тошкентлик ҳуқуқ фаоли ва мухолифатчи Аъзам Турғунов каби кўплаб шахслар қалбаки айбловлар билан узоқ муддатларга озодликдан маҳрум қилинаётгани ҳақида бонг урганлар. Халқаро ҳамжамият аралашуви билангина уларнинг айримлари озодликка чиқарилган.

Яқинда эса ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари Фарҳод Мухторов ва Дилмурод Саййид устидан ҳукм ўқилди. 10 октябрда эса фарғоналик Ғанихон Маматхонов товламачиликда айбланиб¸ қамоққа олинди.

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Ақуннинг айтишича, одамларнинг тинч намойиш ўтказиш ҳуқуқларининг паймол этилиши нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг барча республикаларида жиддий муаммога айланган.

- Сўнгги икки йил мобайнидаги воқеалардан келиб чиқсак, вазият қувонарли эмас. Қирғизистонда ҳам фуқароларнинг тинч намойиш ўтказиш ҳуқуқлари қонун доирасида чеклаб қўйилмоқда.

Бундай ҳолатга барҳам бериш учун нодавлат ташкилотлари ўз кучларини бирлаштирмоқлари керак. Масалан, бугунги кунда Қирғизистонда Омбудсмен идораси ва ҳуқуқ ҳимоячилари намойишлар тўғрисидаги янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқдамиз. Бу масалада биз президент билан ҳам гаплашдик ва ҳукумат бу қонуннинг тасдиқланишида бизга кўмак кўрсатадиган бўлди, деди Турсунбек Ақун.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG