Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:33

Душанбе Москвадан ижара ҳақи олмайди


Президент Медведев ўз тожик ҳамкасбини Москвада қучоқ очиб кутиб олди.
Президент Медведев ўз тожик ҳамкасбини Москвада қучоқ очиб кутиб олди.

Расмий Душанбе Россиянинг 201-ҳарбий базаси учун ижара ундириш ниятидан қайтди. Бу янгилик Тожикистон ва Россия президентларининг Москвада ўтган норасмий учрашуви чоғида аён бўлди.

“Коммерсант” газетасининг ёзишича, айни пайтда давлат сафари билан Москвада юрган Имомали Раҳмон Дмитрий Медведев билан 21 октябр кунги учрашуви чоғида ҳарбий база ижараси эвазига Кремлдан Роғун ГЭСи учун сармоя ётқизишни сўраган.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Москвага отланар экан, маҳаллий ахборот воситалари ҳам, таҳлилчилар ҳам давлат раҳбари Кремлда икки муҳим масалани, яъни Душанбе шаҳридаги 201-ҳарбий базаси учун ижара тўлатиш ва Роғун ГЭСи қурилиши учун сармоя ётқизиш масаласини Россия олдига кўндаланг қилиб қўяжагини тахмин қилган эдилар. Аммо тахминлар ўзини оқламаган кўринади.

“Коммерсант” газетаси мухбири билан суҳбатлашган Россия Ташқи ишлар вазирлигининг исми ошкор қилинмаган масъулларидан бири: “Масаланинг ҳал бўлиш йўллари аниқ эмас, тожик расмийлари ҳарбий база масаласини кун тартибидан олиб қўйишга қарор қилди ва бу мавзу, ҳар ҳолда, 2014 йилгача кўтарилмаслигини билдирди”, деб айтган.

Душанбеда Россия ҳарбий базасини ташкил этишга доир шартнома бундан беш йил аввал, яъни 2004 йили Душанбеда Имомали Раҳмон ва Владимир Путин томонидан имзоланган эди.

Икки ёқлама шартномага биноан Россия 201-ҳарбий базасининг Тожикистон ҳудудида фаолият юритиши 2014 йили ниҳоясига етади ва шу муддатда руслар Тожикистонга йилига 30 цент ижара ҳақи тўлайди.

Расмий Душанбе Россиянинг Роғун ГЭСи қурилиши учун 2 миллиард доллар сармоя ётқизиши умидида русларга шундай имконият берган эди. Чунки Россия собиқ президенти Владимир Путин ўз давлати минтақада ягона саналмиш бу йирик ГЭС қурилиши учун шунча маблағ ажратишини ваъда берганди. Аммо бу ваъда шу кунга қадар қуруқ сўзлигича қолмоқда.

Тожикистон томони кута-кута ҳафсаласи пир бўлгач, тожикистонлик мустақил таҳлилчи Абдуғани Мамадазимовга кўра, анча таҳлиллардан сўнг расмий Душанбе руслардан ҳарбий база учун йилига 300 миллион доллар ижара ҳақи ундириш эвазига Роғунни ишга туширишга қарор қилган эди.

- Агар ҳукумат делегацияси шу галги сафарда русларни бунга рози қилдира олганида эди, Россия 201-ҳарбий базасидан тушган ижара пули эвазига Роғунни келгуси икки йил ичида тўла ишга тушириш мумкин эди, дейди Абдуғани Мамадазимов.

Таҳлилчи Кремл Роғун ГЭСи қурилиши учун ўз улушини қўшишга розилик берса керак, дея тахмин қилади.

Аммо россиялик таҳлилчи Санобар Шерматова бундай бўлишига ишонмайди ва Тожикистон давлат раҳбарининг навбатдаги давлат сафари ҳам аввалгилари сингари тожиклар фойдасига ҳал бўлишига шубҳа билан қарашини айтади.

- Москва бу иншоот қурилиши учун сармоя ётқизишни истамайди. Негаки, Роғун ГЭС миллий объект бўлиб, унинг акциялар пакетини Тожикистон қонунига биноан ўзга давлатга сотиш мумкин эмас. Россия расмийлари бу иншоотга сармоя ётқизиш ўзлари учун бефойда эканини назарга олган ҳолда, шу кунга қадар тожикларнинг мазкур иншоотга сармоя ётқизиш талабига эътиборсизлик билан ёндошмоқда. Масаланинг иккинчи томони - бордию шу учрашувда руслар ҳиссаси ҳал бўлган тақдирда, тожиклар Роғун ГЭСи тўғони баландлигини 335 метрдан пастга туширмас экан, бу масала очиқлигича қолади, дейди россиялик таҳлилчи.

Санобар Шерматова жорий йил бошида Россия президенти Дмитрий Медведевнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида минтақа гидроэнергетик иншоотларга доир лойиҳалар борасида гапира туриб, Ўзбекистонга ён босганини эсга олар экан, Роғуннинг сиёсий ўйин майдонига айланиб қолганини таъкидлайди.

Хўш, агар Раҳмоннинг бу галги Москва сафарида ҳам Роғун тақдири узил-кесил ҳал бўлмаса, бу Москва-Душанбе алоқаларига қандай таъсир кўрсатади?

- Бу галги учрашув Тожикистон фойдасига ҳал бўлмаса ҳам муносабатлар аввал қандай бўлса, шундайлигича қолаверади. Бунгача ҳам икки томоннинг “дипломатик жанглари” бўлган, аммо Тожикистон Ўзбекистон сингари истаган вақтида катта акасидан юз ўгириб ёки унинг “сиёсий ўйинлари”га эътироз билдирмаган. Чунки Тожикистон кичик мамлакат сифатида Россияга ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қарам. Шуни назарга олган ҳолда, расмий Душанбе ўзаро муносабатларда Россия билан муроса қилмай иложи йўқ, дейди мустақил таҳлилчи Рашид Ғани бу саволимизга жавоб берар экан.

Имомали Раҳмоннинг 21 октябр куни бошланган Москвага давлат сафари 23 октябрда ниҳоясига етади.

XS
SM
MD
LG