Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:13

Ўзбекча гапирсам майлими?


Тил ҳақидаги Қонун қабул қилинганининг 20 йиллиги муносабати билан ўзбекистонликларга “Сиз давлат идораларига бориб, ишингизни давлат тилида битира оласизми?” деган савол билан мурожаат қилдик.

Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 20 йил бўлди. Ўтган 20 йил давомида бир қатор давлат идоралари иш юритишни рус тилидан ўзбек тилига кўчирди ҳам. Лекин ўзбекистонликларнинг айтишларича, ҳали ҳам кўплаб давлат ташкилотлари рус тилида иш юритади ва у ерда ишлайдиган бошқа миллат вакиллари ҳали ҳам ўзбек тилида гаплашишни билмайди.

Тил ҳақидаги Қонуннинг 20 йиллиги муносабати билан ўзбекистонликларга “Сиз Ўзбекистондаги давлат идораларига бориб, ўз ишингизни ҳамма вақт ҳам давлат тилида битира оласизми?” деган савол билан мурожаат қилдик.

Биринчи суҳбатдош:

- Ўзбек тилида ишни пастки табақада битириш мумкин. Юқорилаган сайин ўзбек тилининг моҳияти камайиб боради. Айниқса¸ куч ишлатар ташкилотларида¸ суд тизимларида камайиб боради. Хусусан¸ ўзбек ходим ва ходималар ўзбек тилида бир нарса сўраб борсангиз¸ ўзбек тилида гапиришни исташмайди. Хуллас¸ рус тилини билмасангиз¸ ҳукумат ташкилотларида ишингиз аниқ-тиниқ битмайди.

Масалан¸ рус ходимлари ҳеч бўлмаганда бирор ўзбекни чақириб гаплашади. Аммо ўзбек ходимлари ўзбек тилида гапиришни исташмайди. Энг ачинарлиси мана шу ўзи. Масалан¸ суд тизимида дедима. Давлатнинг чиқарган буйруқлари рус тилида бўлса¸ ижро қилинади. Лекин оддий фуқаро ана шу рус тилида мурожаат қилса¸ бу инобатга олинмайди. Мана фуқаролик бўйича Учтепа туман судида менинг ишим кўрилган. Суднинг қарори¸ суднинг буйруғи рус тилида чиққан ва бу амалга тадбиқ қилинаяпти. Кассация тартибида рус тилида шикоят берганимда¸ “Бу давлат тилида берилмапти” деб инобатга олинмади. Бу катта парадокс бўлса керак.

Иккинчи суҳбатдош:

- Мен мурожаат қилган жойларимда ҳаммаси ўзбек тилида.

Учинчи суҳбатдош:

- Агар борган жойимизда ходимлар ўрис бўлса¸ албатта ўрисча гапиришга тўғри келади. Улар биздака ўзбеклар келса¸ “Вой давлат тили ўзбек тили экан” деб биз билан ўзбек тилида гаплашмайди. Ўрис ходимлар бизга ҳеч қачон ўзбек тилида мурожаат қилишмайди. Ўрисчани билмасак¸ ишимиз битмайдида. Бу аниқ. Кўпроқ ўрис тилини билиб¸ уларнинг саволларига кўпроқ жавоб бера олсак¸ ўшанда ишимиз битиши мумкин. Ҳозир ўрислар ўзбекларга қўл учидай қарайдиган бўлиб қолган.

Тўртинчи суҳбатдош:

Ўзбек тили давлат тили мақомига эга бўлган бўлса ҳам¸ мустақилликдан бери 18 йил ва ўзбек тилининг давлат тили мақомига эришганига 20 йил бўлган бўлса ҳам рус тили олдинги мавқеида турибди. Ҳатто қандайдир даражада кучайгандек.

Гап шундаки¸ авваламбор кўп идораларда ўзбекларимиз ҳам русча гаплашишни афзал кўришади. Устига устак ўзбек тили атамалари рус атамалари даражасига кўтарилган эмас. Бунинг устида ишлаш керак. Яна атамаларни белгилаб берувчи “Терминком” деган катта муассаса бор эди. У ҳам тугатиб юборилди. Кўча-кўйдаги телефон тармоқларига хизмат қилувчи идораларда¸ бошқа идораларда ўзбеги билан ҳам¸ руси билан ҳам русча гаплашиш керак. “Ўзбекча мурожаат қилиш мумкинми?” деса¸ “Йўқ” деб русчани талаб қилишади ва фикрингизни русча тушунтиришга мажбур бўласиз.
XS
SM
MD
LG