Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:21

“Мемориал”дан ўзбек ҳам миннатдор


Россиядаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти Европа парламентининг фикр эркинлиги бўйича Сахаров номидаги нуфузли мукофотига сазовор бўлди. “Мемориал” ҳақлари топталаëтган ўзбеклар учун ҳам таниш ном.

Бу ҳақдаги Европа парламенти қарорида Россиянинг бутун инсон ҳуқуқлари ҳаракати олқишланади ва "Мемориал"нинг уч вакили Олег Орлов, Сергей Ковалёв ва Людмила Алексееваларнинг хизматлари алоҳида таъкидланади.

“Мемориал” ташкилотининг кўплаб хизматлари қаторида унинг кўплаб ўзбекистонликларни қатағон тегирмонидан асраб қолгани ҳақида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари анча гапириши мумкин.

2005 йил 18 июл куни Россиянинг Иваново шаҳрида 14 нафар ўзбек ҳибсга олинди. Россия ҳукумати уларни Андижон воқеаларига алоқадорлигини иддао қилаётган Ўзбекистон хавфсизлик идораларига топширишга шай турган эди. Иваново ўзбекларидан бири Қобилжон Қосимхўжаев ҳеч кимдан ёрдам кутмаган ўша маҳалда “Мемориал” ташкилоти адвокати Соколова Ирина Евгеньевна билан илк учрашувни яхши эслайди.

- Биз бошимизга мана шу мусибат тушгандан кейин турмага кириб кетдик. Ивановода ҳеч ким бизнинг орқамиздан ҳаракат қилиб¸ бизнинг бу ерга кириб кетганлигимизни ҳатто ҳеч ким эшитмай қолгандай бўлди. Биз ичкарида ўтирган пайтимизда¸ бир ойнинг ичида ëнимизга адвокат кирди. Соколова Ирина Евгеньевна деб олдимизга кирди. Бу аëл киши “Мемориал” томонидан келган. Ҳаттоки бизнинг калламизга “Ким киргизиши мумкин?” деб ҳеч нарса сиққани йўқ. Россияда адвокатлар ҳар доим договор билан бирорта одам орқали кирадида. Ўзи кириб¸ бизга ҳамма ëқни тушунтирди. “Бизни сизларнинг олдингизга киритган одам Москвадан “Мемориал” бўлади. Мен сизларга оқловчи бўлиб тайинландим” деб айтди. Биз учун бу жуда ҳам таажжубли¸ жуда ҳам ажойиб бўлди¸ дейди Иваново ўзбекларидан бири Қобилжон Қосимхўжаев.

Мемориал қошидаги “Фуқаровий кўмак” кўмитаси вакиллари Светлана Ганнушкина, Елена Рябинина ва адвокат Соколованинг саъй-ҳаракатлари билан 21 ой ичида Иваново ўзбеклари тўлиқ оқланиб озод этилди.

- Шу орада бизга бўлган мурувват¸ алҳамдулиллоҳ¸ Оллоҳ томонидан бизга қўйилган сабабчи бўлди булар. "Мемориал"га биз ўзимизнинг катта миннатдорчилигимизни билдирамиз. Биз буларни ҳар томонлама ëрдам қилган деб ҳисоблаймиз. Агар булар бунчалик ҳаракат қилмаганида¸ яна Оллоҳ билгувчи¸ биз Ўзбекистонга кетиб қолишимиз мумкин эди. Ўзбекистондаги ҳолатнинг қанақа эканлигини ҳамма билади. Буни гапиришнинг ҳеч ҳам ҳожати йўқ¸ дейди Иваново ўзбекларидан бири Қобилжон Қосимхўжаев.

Иваново ўзбеклари бошига тушган кулфатлар қорақалпоғистонлик имом Муҳаммадсолиҳ Обутовнинг ҳам бошига тушди. 2007 йилнинг 13 июнида у Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Россия ҳудудида қўлга олинган ва Красногорск вилоятида Ички ишлар бошқармасига топширилган эди. Кейин эса, "Мемориал" фаоллари ўз ёрдамларини аямагани учунгина озод бўлдим¸ дея сўзини давом эттиради имом.

Муҳаммадсолиҳ Обутов: Мен билан Елена Рябинина кўпроқ алоқада бўлган. Мен турмага ташланганимда шу ташкилот ҳисобидан адвокат ëллаган. Менинг ишларимни қонуний ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳамма ҳаракатлар шулар тарафидан бўлган. Яна бир марта ўша одамларнинг ҳисобидан передача дейдими нима дейди...

Озодлик: Сизга озиқ-овқат олиб келишганми булар?

- Ҳа¸ шундай ҳам бўлган. Кийим олиб келишган. Мен энди ëзда тапочка¸ трикода қамалганманда. Шу билан қолиб кетдим. Москвада менинг орқамдан келадиган ҳеч ким йўқ эди. Улар менга жуда яхшиликлар қилди. Шу ташкилот унча-мунча одам қила олмайдиган ишни қилди. Улар шундай мукофотларга¸ миннатдорчиликларга лойиқ одамлар. Раҳмат уларга. Қилган яхшиликлари¸ ëрдамлари Худодан қайтсин. Шунақа кенг¸ кучли фаолият юрита оладиган ташликлотлар Ўзбекистонда бўлганида яхши бўлар эди¸ дейди Муҳаммадсолиҳ Обутов.

Муҳаммадсолиҳ Обутов ҳозир Швециядан сиёсий бошпана олган ва ўзининг имомлик фаолиятини эркин давом эттирмоқда. Мемориал ташкилоти эса Россияга қатағонлардан қочиб борган ўзбекистонликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этмоқда.

Айни пайтда ташкилот Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига ҳам бефарқ қолмаётир. Европа парламентининг фикр эркинлиги бўйича Сахаров номидаги нуфузли мукофотининг совриндори Олег Орлов бу борада Сахаровнинг ўзи айтган бир гапни эслайди.

- Марказий Осиёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолиятимизнинг муҳим бир йўналиши ҳисобланади. Шу ўринда Сахаровнинг гапини келтирсам: "Қайсидир давлатда инсон ҳуқуқларини поймол этиш давом этар экан, дунёда хавфсизлик ва тинчлик ҳақида гапириб бўлмайди". Барқарор халқаро ҳамжамиятни барпо этиш учун инсон ҳуқуқларини ҳамма вақт ҳар қаерда ҳимоя қилиш керак¸ дейди Олег Орлов.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлари доирасида "Мемориал" ташкилоти мунтазам равишда Ўзбекистонда диний ва сиёсий мотивлар асосида қамалган одамларнинг рўйxатини тузиб келади. Бундай рўйхатлар ҳозирда бир неча жилдлик китобларда мужассамдир. Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси ва айни пайтда ташкилотнинг Москва офиси директори Aлисон Гил фикрича, "Мемориал" ташкилотининг Ўзбекистондаги қатағонлар кўламини акс эттирувчи ҳужжатлари келажакда ҳал этувчи аҳамиятни касб этиши мумкин.

- Менимча¸ Виталий Понаморёв ва "Мемориал" томонидан тайёрланаётган ҳужжатлар жуда қимматли архив маълумотларидир. Умидим шуки, бир кун келиб Ўзбекистонда адолат қарор топади ва ўшанда бу материаллар адолатни қарор топтириш учун аҳамияти беқиёс бўлади¸ дейди Aлисон Гил.
XS
SM
MD
LG