Линклар

logo-print

Пулсиз бозорлик???

  • Ҳасанжон

Пластик карточкалар¸ аслида нақд бўлмаган пул оборотини кучайтириш ҳамда бозор-ўчарга бир сумка нақд пул кўтариб юрмасликка хизмат қилишни кўзда тутади.

Пластик карточкалар¸ аслида нақд бўлмаган пул оборотини кучайтириш ҳамда бозор-ўчарга бир сумка нақд пул кўтариб юрмасликка хизмат қилишни кўзда тутади.

Тошкент шаҳри бозорларида пластик карточкалар учун терминаллар ўрнатилмоқда. Айримлар энди бозорда ҳам гўшт, қандолат ва мева-чевани пластик карточка орқали сотиб олиш мумкин¸ демоқда. Бошқалар эса¸ буни навбатдаги хомхаëл дея атамоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон республикаси Марказий банки жаҳон андозалари талабларига мос замонавий янги банк хизмат турларидан бири бўлган пластик карточкалар билан ҳисоб-китоб қилиш тизимини яратиш ишларини жадаллик билан олиб бормоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳри бозорларига пластик карточкаларда тўловларни амалга ошириш мумкин бўлган терминаллар ўрнатилмоқда. Тошкентдаги Тезкор ҳаракат гуруҳи таҳлилчиси Суҳроб Исмоиловга кўра, терминаллар пойтахт бозорларидаги йирик дўконлар ва кўпчилик фойдаланиши мумкин бўлган жойларга ўрнатилмоқда.

- Мақсад Ўзбекистон бозорларини жаҳон цивилизациясига яқинлаштириб, нақд бўлмаган пул оборотини кучайтириш ҳамда ҳамма томон учун ҳисоб-китобни осонлаштириш. Бу расмий позиция. Лекин ҳозирги пайтда аҳоли орасида бу кўпинча пластик карточкалар қабул қилишга ихтисослашган супермаркетларга (ва улар кимларга тегишли эканини кўпчилик халқимиз яхши билади,) мана шу тарафларга фойдали, оддий халққа фойдали эмас деган фикр шаклланяпти. Давлат нақд пул айланмасини камайтириб, нақд бўлмаган пул айланмасини кўпайтириш мақсадларига зид натижаларни олмоқда, дейди ўзбекистонлик таҳлилчи.

Баъзи хабарларда, бозорларда гўшт, қандолат ва мева-чеваларни ҳам пластик карточкалар орқали харид қилиш мумкинлиги билдирилган.

Аммо биз суҳбатда бўлган оддий ўзбекистонликлар бозорда пластик карточкалар орқали озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш мумкинлиги ҳақидаги маълумотни рад қилди.

Уларнинг фикрича, бу ишни амалга ошириш ҳозирча имконсиз.

- Амалга ошмайдиган гаплар булар ҳаммаси. Ҳар бир сотувчига нақд пул тушмаса¸ унинг тирикчилиги нима бўлади? Рўзғорига карточкадан олиши мумкин¸ эртага савдо қиладиган молини нимага олади у? Масалан¸ бугун битта буқани сўйиб сотди дейлик. Ҳаммасини карточкага сотди. Эртага у буқани қанақа пулига олади, дейди тошкентлик тадбиркор Шавкат.

Айни пайтда суҳбатдошларимиз дўкон сотувчилари ҳам нақд пулга савдо қилишни хоҳлашини айтди. Ўзбекистонлик бошқа тадбиркор Расулжон бунинг сабабини шундай изоҳлади:

- Магазинга кирадиган бўлсангиз, пластик карточка билан 10 ёки 15 фоиз қўшиб берасан, дейди. Чунки банкка бориб менга озгина нақд пул керак десангиз, менга 10 фоиз берасан дейди. Пластик карточкада 100 минг бўлса, у нақдига 90 минг бўляптида, дейди ўзбекистонлик хусусий тадбиркор.

Суҳроб Исмоилов ҳам сотувчилар турли баҳоналар билан пластик карточкалар орқали савдо қилишни хоҳламаётганини айтади.

- Ўзимизнинг кузатишларимиз бўйича¸ ҳали бозорларда онда-сонда учраб қоладиган терминал мавжуд дўконларда аҳолига пластик карточкалар орқали хизмат кўрсатиш сифати етарли даражада эмас. Кўп ҳолатларда пластик карточкалар орқали харид қилмоқчи бўлган истеъмолчиларнинг ҳуқуқларининг оммавий равишда бузилишини кузатаяпмиз. Кўпинча дўкон эгалари “терминал ишламаяпти” ëки “Ҳозирги пайтда терминалимиз билан хизмат кўрсатувчи банк орасида электрон алоқа узилиб қолди. Шунинг учун нақд пулда тўлашларингиз керак” деган фикрлар ëки баҳоналар айтилаяпти. Кўп ҳолатларда¸ биз буни йил бошидан буëн республикамизнинг кўпгина вилоятларида ўтказаëтган мониторингларимиз натижаларидан келиб чиқиб таъкидлай оламизки¸ пластик карточка орқали сотиб олинаëтган маҳсулотнинг нархи нақд пулга сотиб олиш мумкин бўлган нархдан баъзи ҳолатларда бир ярим¸ баъзи ҳолатларда икки баробар қиммат бўлиб чиқаяпти¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Тадбиркор Расулжон фикрича, замонавий ҳисоб-китоб усули бўлган пластик карточкалардан самарали фойдаланиш учун давлат томонидан қулай имкониятлар яратилган бўлиши керак.

- Ҳамма иш ўринга эга бўлиши керак¸ ҳамма жойларга нақд пул олиш мумкин бўлган терминалларни ўрнатиш керак. Хоҳлаган одам нақд пул ишлатсин¸ хоҳлаган одам пластик карточка ишлатсин. Пластик карточкадан фойдаланишнинг қулай томонлари ҳам бор. Масалан, чўнтагингизда нақд пул кўтариб юрмайсиз. Бизда ҳали бунга етиб келгани йўқ. Давлатнинг ўзи ҳамма ëқни шунга мослаб қўйиши керак. Ҳаммаëқ жой-жойига тушадиган бўлса¸ пластик карточка “нормалный” бўлиб кетиши мумкин. Ҳозирги вазиятда узоққа борадими йўқми, билмадим, дейди ўзбекистонлик тадбиркор Расулжон.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки интернет сайтида келтирилган маълумотларни илова қилиб ўтамиз.

2009 йил 1 сентябр ҳолатига кўра тижорат банклари томонидан жами 5 млн. 300 дан ортиқ пластик карточкалар муомалага чиқарилган ва улардан пластик карточка эгалари самарали фойдаланиши учун 36 минг 900 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларида ҳисоб-китоб терминаллари ўрнатилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG