Линклар

logo-print

БМТнинг гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси ва жиноятчиликка қарши курашувчи идораси эълон этган янги ҳисоботга кўра, жаҳон бўйлаб 15 миллион одам гиёҳвандликка ружу қўйган.

Наркотик моддасини истеъмол қилиш оқибатида эса йилига юз минг одам ҳаётдан кўз юммоқда.

БМТ мутахассисларига кўра, Афғонистон гиёҳванд моддалар етиштирувчи асосий давлат бўлиб қолмоқда. Жаҳонда етиштириладиган героин моддасининг 92 фоизи ушбу давлат ҳиссасига тўғри келади, яъни йилига 3 ярим минг тонна героин Афғонистондан бошқа давлатларга чиқарилади.

Афғонистонда етиштириладиган гиёҳванд моддалари авваллари Покистон ва Эрон орқали Европага олиб чиқилган бўлса, Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин бу моддалар Марказий Осиё давлатлари орқали ҳам олиб ўтила бошланди.

БМТ ҳисоботида келтирилишича, коррупция ва порахўрлик, чегараларнинг кучли назорат этилмаслиги Марказий Осиё мамлакатларини гиёҳванд моддалар сотувчилари учун қулай ҳудудга айлантирган.

Кичик пора эвазига гиёҳванд моддалари осонликча Ўзбекистон ва Тожикистонга, у ердан эса Европага чиқарилмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, Афғонистон пойтахти Кобулда бир грамм героин нархи 3 доллардан ошмайди.

Европанинг йирик шаҳарларида эса бу нарх 100 долларни ташкил қилади. Британия пойтахтида эса бир грамм героин нархи 130 доллардан ошади.

Жаҳон бўйлаб бангфурушлар героин савдосидан кўрадиган даромад ҳажми 65 миллиард долларни ташкил қилиши айтилади.

Шунингдек, наркотиклар ноқонуний савдоси Ал-Қоида ва Толибон каби террорчи гуруҳларга миллионлаб доллар фойда келтирмоқда.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Афғонистондаги Толибон ҳаракати ҳам наркотиклар савдосидан йилига 160 миллион доллар даромад кўраяпти.

БМТнинг гиёҳванд моддалар ноқонунуний савдоси ва жиноятчиликка қарши курашувчи идораси халқаро ҳамжамият Афғонистонда гиёҳванд моддалар етиштирилишига қарши кураш масаласига жиддий эътибор қаратиши ва бунинг учун лозим бўлган маблағлар ажратиши керак, дея хулоса қилади.

Шунингдек, ташкилот мутахассисларига кўра, Афғонистондаги гиёҳванд моддалар сақланадиган йирик омборлар аниқланиб, йўқ қилиниши лозим.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирги пайтда Афғонистондаги ана шундай яширин омборларда тахминан 12 минг тонна гиёҳванд моддаси сақланаётган бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG