Линклар

Чехия АҚШ янги режасини маъқуллади


Чехия Бош вазири Ян Фишер ўз давлати мудофаа тизими борасида АҚШ томонидан тақдим қилинаётган янги режада иштирок этишга тайёр эканини билдирди.

Бу ҳақда Чехия расмийси мамлакатга ташриф буюрган АҚШ вице президенти Жозеф Байден билан ўтказилган сўзлашувлардан сўнг маълум қилди.

-Чехия республикаси бу янги архитектурани шакллантириш ишларида қатнашишга тайёр, бу режани амалга ошириш муддати борасида конкрет маълумотга эга бўлишимиз биланоқ биз бу тизимдаги ўрнимизни топишга ҳаракат қиламиз,деди Чехия Бош вазири.

Жозеф Байден ўз навбатида мазкур масалани муҳокама қилиш мақсадида америкалик мутахассислар келаси ҳафта Прагага сафар қилишини маълум қилди.

Прагага келишдан аввал Байден Полша ва Руминияда бўлди. Ҳар иккала давлат расмийлари АҚШ билан ракета ҳужумларига қарши мудофаа тизими соҳасида ҳамкорлик қилишга ваъда бердилар.

Ўтган ой Вашингтон ракета ҳужумига қарши мудофаа тизими элементларини Чехия ва Польша ҳудудларига жойлаштиришга оид собиқ президент Жорж Буш маъмурияти томонидан қабул қилинган режадан воз кечди.

Янги режага мувофиқ АҚШ Европа давлатларида кўчма мудофаа тизими жойлаштириш ва денгиздаги ҳарбий кемаларга ракеталарни уриб туширувчи мосламалар ўрнатишни таклиф қилмоқда.
XS
SM
MD
LG